Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида “Star Media” асосчиси ва бош продюсери Владислав Ряшин билан бўлиб ўтган учрашувда халқаро лойиҳа – “Султана” сериалини яратиш бўйича ҳамкорликдаги режалар муҳокама қилинди. В.Ряшин Ўзбекистонга шериги, “Қуддус”, “Пойга” ва “Арвоҳлар шаҳри” каби фильмлари билан танилган франциялик продюсер Жан Чарльз Леви билан бирга ташриф буюрди.
Сериални суратга олиш жараёни Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Лойиҳа инглиз тилида суратга олинади, унда Голливуд актёрлари иштирок этиши кўзда тутилган, актёрлар номи ҳозирча сир тутилмоқда. “Султана” сериали сюжети XVII асрда бўлиб ўтган ҳодисаларни ўзида жамлаган бўлиб, бугунги кун учун ҳам долзарб бўлган геосиёсат, ҳукмронлик ва севги учун кураш мавзуларини очиб беради. Олти эпизодни ўз ичига оладиган биринчи мавсум учун бюджет 20 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Шунингдек, 2-мавсумни суратга олиш ишлари давом эттирилиши режалаштирилган.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, “ Star Media” келаси йили «Тошкент — нон шаҳри» фильмини суратга олишни ҳам кўзда тутмоқда. Ўзбекистон миллий кинокомиссияси томонидан маълум қилинишича, ушбу фильм орқали Шуҳрат Аббосовнинг шу номдаги афсонавий фильмини қайта суратга олиш эмас, балки мутлақо янги асар яратилиши назарда тутилган. «Биз «Султана» телесериалидан ташқари яна бир «Тошкент — нон шаҳри» фильмини Россиянинг «Биринчи канал»и билан ҳамкорликда суратга олишни режалаштирганмиз. Мамлакатингиз билан боғлиқ барча лойиҳаларни Ўзбекистон миллий кинокомиссияси билан бирга амалга оширамиз» – деди Владислав Ряшин.
Шунингдек, у Тошкентда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Ўзбеккино» миллий агентлиги вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Ряшин 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильм ишлаб чиқарувчи хорижий кинокомпаниялар харажатларининг бир қисмини қоплайдиган “Rebate” тизими йўлга қўйилаётганини алоҳида эътироф этди. Унинг фикрича, бу хорижий кинокомпаниялар эътиборини Ўзбекистондаги ноёб майдонларда турли жанрдаги фильмларни суратга олишга йўналтириш учун яхши рағбат деб ҳисоблайди. Таъкидлаш жоизки, “Star Media” кинокомпанияси 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда МДҲ ҳудудидаги энг йирик кино ва телевизион контент яратувчи компаниялардан бири ҳисобланади. Унинг фонди 5000 соатдан ортиқ ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларга эга.
Компания муваффақиятининг асосий омилларидан бири — ўз маҳсулотларини бошқа мамлакатлар бозорларига изчил тарқатишдир. Жумладан, 50 дан ортиқ чет эл давлати — Шарқий ва Ғарбий Европа, Яқин Шарқ, Хитой, Япония, АҚШ ва Исроил давлатлари “Star Media” маҳсулотларининг доимий ҳаридорлари ҳисобланади. Маълумот учун, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси мамлакат ҳудудида хорижий кинокомпаниялар томонидан аудиовизуал маҳсулотларини яратишда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида хорижий кинокомпанияларга бепул асосда ташкилий ва ишлаб чиқариш, техник ёрдам кўрсатиш бўйича вазифаларни амалга ошириб келмоқда.