Кеча – 29 октябрь куни Ўзбек миллий академик драма театрида таниқли санъткор Ғани Аъзамов таваллудининг 110 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбек миллий академик драма театри ҳамкорлигида ташкил қилинди.
Ўзбекистон халқ артисти, театр саҳнасидаги бетакрор роллари билан кўплаб мухлислар ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган санъаткор Ғани Аъзамов 1909 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У ўз меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган. Дастлаб театр актёрларига лотин тилидан сабоқ бериш учун муаллим бўлиб ишга келган Ғани Аъзамов ўз ҳаётини бир умр театр билан боғлади. Ижодий фаолиятини оммавий саҳналарда қатнашишдан бошлади ва илк бор Уйғун асари асосида саҳналаштирилган “Қалтис ҳазил” комедиясида Мамарасул образини муваффақиятли ижро этди. Шундан сўнг санъатга қизиқиши ортиб катта-кичик ролларни зўр маҳорат билан ижро эта бошлади.
Утоз санъаткор камдан кам учрайдиган туғма истеъдод соҳиби эди. У ўзининг 60 йиллик ижодий фаолияти давомида “Қутлуғ қон”, “Қонли сароб”, “Алишер Навоий”, “Тоға-жиянлар”, “Ревизор”, “Куёв”, “Олтин девор” каби юздан ортиқ спектаклларда мукаммал образларни саҳнага олиб чиққан. Театр мухлислари Ғани Аъзамовнинг кино, телевидение ҳамда “Наштар” ҳажвий кино журналидаги бетакрор образларини ҳамон эътироф билан эслашади.
Хотира кечасида ўзбек театр санъатига катта ҳисса қўшган устоз санъаткорни шогирдлари, издошлари, бир қатор таниқли театр арбоблари ҳурмат билан хотирлашди. Ғани Аъзамов билан боғлиқ воқеаларни, суҳбатларда айтган ибратли гапларини эсга олишди.
–Мен тўққиз йилдан ошиқ вақт мобайнида Ғани акам билан бирга саҳнада роль ўйнаганман. Туман ва шаҳарларга борамизми, чекка қишлоқлардаги саҳналарда бўлсин, минг марталаб қўйилган спектакль бўлса ҳам, залда томошабин кам бўлса ҳам унда роль ўйнашга эринмасди, – деди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. – Энди ўйлаб қарасангиз, албатта, актёр ҳадеб бир ролни саҳнада қайта ўйнайверганидан кейин майнавозчилик қилгиси келади, сўз қўшгиси келади. Лекин устоз доим залдан кузатиб ўтирарди ва агар нимадир ёқмаса спектакль тугаганидан кейин бизга дакки берарди: “Ҳа, жонларингга тегдими, алмаштирайликми? Бошқа актёр ўйнасинми? Бирон жойда ҳам майнавозчилик қилганларингни кўрмай! Ролни Тошхўжа Хўжаев (Ўзбекистон халқ артисти, ўша пайтда театрнинг бош режиссёри) кўрганда қандай ўйнаган бўлсаларинг, шундай ўйнанглар! Агар минг марта ўйнаганингдан кейин шу минг марта қўйилган спектаклни битта одам кўрмай қолган бўлса ҳам, ана шу биргина одам учун ўйнашга мажбурсан!” дерди.
Ўзига ҳам жуда талабчан эди. Ана шунинг учун Ғани Аъзамов ўйнаган спектакллар минг марталаб саҳна юзини кўрган.
Миллий театр саҳнасида ўз ижоди билан танилган актёр ва актрисалар ўз хотираларидан сўзлаб бергандан сўнг томошабинлар эътиборига концерт дастури ва Ғани Аъзамов ижодида алоҳида аҳамиятга эга бўлган “Олтин девор” спектакли ҳавола этилди.
Меҳмонлар театрда ташкил қилинган фотокўргазмани томоша қилишди.
Мақола ва фотосуратлар муаллифи Манзура БЕКЖОНОВА