Барча корхона ва ташкилот раҳбарлари меҳнат қонунчилигида назарда тутилганидек иш соатларидан кейин ва дам олиш кунлари оиласи билан бўлиши лозим ва ишчи-ходимларга ҳам бу борада шароит яратиб беришлари керак. Баъзи ташкилот ва муассасаларда раҳбарларнинг ўзи ҳам кечки пайтгача ишда қолиб кетади, ходимларига ҳам иш соатларидан кейин уйга кетишига рухсат беришмайди. Ишчиларни ортиқча ишлатиб, гўё «ишга фидойилик» қилишга мажбурлашади. Энди бу ҳолатга чек қўйилади. Ҳар бир инсон ўз вақтида ишлаб, ўз вақтида ҳордиқ чиқариши керак. Бу иш сифатининг унумли бўлишига ҳисса қўшади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти барча давлат органи раҳбарларига кечки мажлисбозликларга чек қўйиб, шанба кунлари 17:00 дан кейин ишхонада қолмасликлари, якшанба кунлари эса тўлиқ оила даврасида бўлишларини назарда тутган ҳолда ишларни ташкил этиш ҳақида кўрсатмалар берди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу ҳақда маълум қилди.
Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар орасида:
— давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ва хизмат ҳужжат айланиши тизимини такомиллаштириш;
— давлат органларида ҳар бир лавозим позициялари бўйича вазифаларни оптималлаштириш, вазифалар дубликатига йўл қўймаслик;
— барча даражадаги давлат хизматчиларининг малакаси профессионаллигини ошириш;
— “Давлат хизмати тўғрисида” қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш сингари чора-тадбирлар давлат хизматчилари меҳнат фаолиятини тартиблашга қаратилган.
Хусусан, “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасида қуйидаги принципларга асосланган давлат хизмати тизимини яратиш мақсад қилинган:
ватанпарварлик ва халққа хизмат;
қонунийлик;
фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
сиёсий нейтраллик;
адолат, ҳалоллик ва холислик;
профессионаллик ва чуқур билимга асосланганлик;
ватанпарварлик ва хизмат вазифасига садоқат;
давлат хизматига қабул қилиш ва юқори лавазимга кўтарилишдаги очиқлик;
давлат хизматчиларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланганлиги ва ҳ.к.
Янги қонун лойиҳасида давлат хизматчиларининг иш вақти масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Унга кўра давлат хизматчисининг иш вақти меҳнат қонунчилиги умум меъёрларига асосланган.
Маълумот учун: Меҳнат кодексига мувофиқ, иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин. Иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — бир кунда икки соатдан) ва йилига бир юз йигирма соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.
Ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга (узлуксиз ишлайдиган корхоналар, объектларни қўриқлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш кабиларга) кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда, аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлашга йўл қўйилади.
Меҳант кодексининг 157-моддасига асосан иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.
Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин.
Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.