Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг 25 декабрда бўлиб ўтган йиғилишида таъкидланишича, тиббиёт муассасаларида қонун талаблари бузилиб, сўнгги икки йилда Ўзбекистонда 277 мингта ҳолатда беморларга гипс қўйиш учун тиббиёт гипси ўрнига 351 тонна (!) қурилиш гипсидан фойдаланилган, дея маълумот берди Xabar.uz.
Айтилишича «Қурувчи-шифокорлар» фаолияти ҳудудлар кесимида кузатилганида Тошкент шаҳрида энг кўп — 48 тонна, Самарқандда — 43 тонна, Қашқадарёда — 38, Наманганда — 36, Тошкент вилоятида — 35, Фарғона вилоятида — 30 тонна қурилиш гипси беморларга ишлатиб юборилган!..
Ҳолбуки, қурилиш гипсини қўллаш беморларда жароҳат олган суякнинг силжиши, гипс қўйилган соҳа терисининг шилиниши, тери аллергияси каби салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Ачинарлиси, буни шифокорлар бошқалардан кўра яхшироқ билади!
Бундан ҳам ёмони, республикамизда тиббиёт гипси ишлаб чиқарувчи биронта ҳам корхона йўқ, соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам бундай ташаббус билан чиқмаган…