Янги йил оқшомида қайси маҳаллий телеканаллар ўзбекистонликлар орасида энг машҳур бўлгани, хусусан, ҳамюртларимиз қайси дастурларни кўп кўришгани маълум бўлди.
Kantar Media Uzbekistan компанияси маълумотларига кўра “Sevimli” телеканали ушбу рейтингда пешқадамга айланди. Иккинчи ўрин – “ZO`R TV”, учинчи ўрин эса, “Milliy” телеканалига насиб этди. Тўртинчи ўринни «Mening Yurtim» канали эгаллади.
Аниқланишича, ушбу телеканалларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табриги энг кўп томоша қилинган (Sevimli телеканалида томошабинлар — 29,9%, “ZO`R TV” телеканалида — 18,4%, “Milliy” — 11,7%, “Mening Yurtim” — 5,7% ).
Рейтингнинг қолган фоизлари бошқа давлат ва нодавлат телеканаллар ўртасида тақсимланди.
Албатта, байрам оқшомида томошабинлар ёрқин, ранг-баранг ва мусиқий кўрсатувларни кутишган. Янги йил дастурлари томошабинларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Байрам арафасида “Sevimli”да намойиш этилган “Севимли Янги йил шоуси” (томошабинлар — 25,1%) биринчиликни эгаллади. “ZO`R TV” да намойиш этилган «Янги йил бекати» телевизион рейтингда иккинчи ўринга (19,3%) кўтарилди, “Sevimli” телеканалидаги «Менинг қайнонам генерал: Янги йил пазандалик шоуси” (14,6%) учинчи ўринни эгаллади.
“Milliy” телеканалнинг «Xos mos» (7,7%) ва “Янги йил Озода Нурсаидова билан” (6,5%) дастурлари ҳам томошабинларни қизиқтира олди.
“Mening Yurtim” телеканали томошабинлари “Dam shou” (9,5%) ни маъқул кўришди.
Умуман олганда, Янги йил арафасида томошабинлар орасида энг кўп кўрилган 5 та кўрсатув қуйидагилардан иборат:
1. “Файзли Янги йил шоуси” (“Sevimli”);
2. “Янги йил бекати” (“ZO`R TV”);
3. “Менинг қайнонам генерал: Янги йил пазандалик шоуси” (“Sevimli”);
4. “Зўр Янги йил” (“ZO`R TV”);
5. «Dam shou» (“Mening Yurtim”).
Рейтингни тузиш учун 2019 йил 31 декабрь соат 20:00 дан 2020 йил 00:00 гача бўлган вақт оралиғи танланди.
Эслатиб ўтамиз, Kantar Group компаниясига 1992 йилда Буюк Британияда асос солинган бўлиб, айни пайтда 100 дан ортиқ мамлакатларда телеканаллар ва дастурлар рейтинги билан шуғулланиб келади. Компаниянинг ҳудудий тармоғи – Kantar Media Uzbekistan мамлакатимизда 2017 йил октябрь ойидан ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.