Бугун 11 апрелда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, халқ шоири Анвар Обиджон оламдан ўтди. Севимли шоиримизнинг оила аъзоларига, яқинлари ва дўстларига чуқур ҳамдардлик изҳор қиламиз.
Анвар Обиджон Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида 1947 йилнинг 25 январида хизматчи оиласида туғилган.1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида таҳсил олган.
Таниқли болалар шоири ўзининг меҳнат фаолиятини 1969-1971 йилларда жамоа хўжалигида ҳисобчиликдан бошлаган. Сўнгра клуб мудири, туман газетасида, вилоят радиосида турли вазифаларни бажарган.
Кейинчалик Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетини сиртдан тамомлаб, 1981 йилдан бошлаб Тошкентга кўчиб келган. Бу ерда «Ёш гвардия» нашриётида, «Ёш куч», «Муштум» журналларида фаолият олиб борган.
Шунингдек «Чўлпон» нашриётида, Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлаган.
Анвар Обиджон болалар адабиётига дастлаб «Она Ер», «Баҳромнинг ҳикоялари» тўпламлари орқали шоир сифатида кириб келди ва мавжуд ижодий анъаналардан фойдаланган ҳолда ўзига хос йўл танлади.«Булбулнинг чўпчаклари», «Ғалати мактублар», «Кумуш уй», «Гурунгдаги гаплар», «Ажойибхона», «Ўзимизнинг ансамбл», «Игналарим чиройли», «Менинг коллекциям», «Ширин сўйлар жажживойлар», «Каламушлар кемаси», «Сиз эшитмаган қўшиқлар», «Далалардан болаларга», «Осмондан тушган созанда» туркум шеърлари фикримизга далилдир.Унинг «Она ер» (1974), «Масхарабоз бола» (1980), «Оловжон ва унинг дўстлари» (1983), «Баҳромнинг ҳикоялари» (1984), «Эй, ёруғ дунё» (1983), «Кетмагил» (1985), «Безгакшамол» (1985), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Олтин юракли автобола» (1988), «Даҳшатли Мешполвон» (1990) каби шеърий, насрий китоблари чоп этилди.
Анвар Обиджон сўнгги йилларда «Рамазон ва Гулмат ҳангомаси» (1992), «Мешполвоннинг жанглари» (1994), «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри» (1996), «Тўтиқуш», «Топсанг ҳай-ҳай…» каби қисса, песа ва шеър, достонларини ҳам яратди. 1998 йилда «Ўзбекистон халқ шоири» унвонига сазовор бўлган.