Жорий йилнинг 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Бу ҳақда ФВВ хабар қилди.
Бунда, асосан, сув экин майдонларига зарар етказганлиги маълум бўлди. Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига (ФВДТ) кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда Сардоба тумани “Қўрғонтепа” МФЙ сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктлари Мирзаобод туманига эвакуация қилинди. Хусусан, «Қўрғонтепа», «Дўстлик», «Юртдош» МФЙлардан жами 11598 нафар аҳоли шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, сув босиш хавфи бўлган “Қуйтош”, “Ота юрт”, “Бирлик” МФЙларидан аҳолини эвакуация қилиш режалаштирилмоқда.
Воқеа жойига республика ҳукумати раҳбари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия (МГ) ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб боришди. Аҳолини эвакуация қилиш тадбирлари ташкиллаштирилмоқда.
Шунингдек, сув босиши ҳавфи мавжуд бўлган аҳоли пунктларини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тўлиқ назоратга олинган. Видео:
Мазкур тадбирларга Сирдарё вилояти ФВБдан 430 нафар шахсий таркиб ва 5 автотехника, Жиззах вилояти ФВБдан нафар 120 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МВБРҚМдан нафар 60 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МГдан нафар 276 шахсий таркиб, 43 автотехника ҳамда ҳудудий ФВДТ хизматлари жалб этилди.
Жароҳат олганлар ва ҳалок бўлганлар бўйича маълумот келиб тушмаган. Вазият юзасидан қўшимча маълумотлар бериб борилади.