Ҳаёт — шундай синовлики, у одамларни кўпинча якка-якка турли сўқмоқлардан ўтказади. Иродаси кучли, бардошлилар бундан тез ва осон ўтади. Лекин шундай синовлар ҳам борки, у якка эмас, балки бутун халқни, бутун дунёни чиғириқдан ўтказади. Бу тез-тез такрорланавермайдиган синовдир. Ҳозир бутун дунё ана шундай бир даврни ўз бошидан кечирмоқда. Буни билмайдиган ҳатто бешик боласи ҳам қолмади.
Тождор вирус, яъни коронавирус бутун жаҳон муаммосига айланган. Уни писанд қилмаганларга аёвсиз ҳужум қилмоқда. Қўлсиз, оёқсиз, кўзга кўринмас бу офат яшин тезлигида тарқалар экан. Дунё бўйича кўпчилик соҳаларда ўз етакчилигига, ўз обрў-эътиборига эга бўлган давлатларни эсанкиратиб қўйди. Уни оддий грипп ёки шамоллаш деб ўйлаган кўпчилик мамлакатлар саросимада қолишяпти.
Корона вируси Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Мингдан-минг шукроналар бўлсинки, шундай одил сиёсатли давлатда яшаяпмиз. Чунки илк бемор 15-март куни аниқланган бўлса, шу кундан эътиборан келажагимиз бўлган ёш авлод биринчилардан бўлиб ҳимояга олинди. Боғча, мактаб ва олий ўқув юрти талабаларига карантин эълон қилинди. Ҳар кунги кундалик вазиятдан келиб чиққан ҳолда инсонпарварлик сиёсатига асосланган турли қарорлар қабул қилинмоқда.
Биз устозлар ҳам бу мураккаб вазиятни тўғри тушунган ҳолда карантин эълон қилинган кундан эътиборан тинимсиз ҳаракатдамиз. Мактабдаги ўқувчиларимиз худди ўз фарзандларимиздек бўлиб қолган. Шахсан ўзимнинг 2-синф ўқувчиларим бор. Уларга телефон орқали уйда қолишни, кўчага чиқмасликни, қўлларини тез-тез совунлаб ювишни тушунтирдим. Ота-оналарига фарзандлари ўқишига, ўзи қизиққан машғулотлар билан банд бўлишига кўмакчи бўлишини таъкидладим.
16-март кунидан телеграм ижтимоий тармоғида гуруҳ ташкил қилиб, тармоққа уланган 18 нафар ўқувчим билан ҳар куни топшириқлар бериб, уларни текшириб баҳолаб боряпман. Гуруҳга бошқа фан устозларини ҳам қўшганман. Улар ҳам ўз топшириқларини бериб болалар билан мулоқотда бўлиб келишяпти. Телеграм ижтимоий тармоғи ёъқ бўлган ўқувчилар билан тельефон орқали гаплашиб келяпман. Масалан, илк кунлари болаларга математикадан ПИЗА тестларини бердим. Улар бу қизиқарли, кучли диққатни, синчковликни талаб қиладиган тестни катта қизиқиш билан ечишди.
2-4 синфга мўлжалланган қўшимча математикадан 2-синф учун мўлжалланган мисол ва масалаларни ечишни топширдим. Она тили фанидан шу кунгача ўрганганларини такрорловчи тестлар билан синаб кўрдим ва 2-синф учун мўлжалланган ҳуснихат дафтарларига ёзиб боришларини тушунтирдим. Кейинги кунлари ўқиш фанидан дарсликдаги “Сомон, чўғ ва ловия ” матнини дақиқига қараб ўқишни, турли эртак китобларни ўқишни топширдим. Улар ечганларини телефонда расмга тушириб юборишди.
Болалар ҳар куни берилган топшириққа масъулият билан қараб, уларни бажариб келишди. Ҳар бирининг юборган топшириқларга жавоб, ечимларига баҳолар қўйиб бордим. Сўровнома тестлар бериб ўқиш дарсидан ўтилганларни такрорладик.
Халқ таълими вазирлиги томонидан 30-март кунидан бошлаб дарслар берила бошлади. 1-4 синф, 5-8-синф, 9-11-синф каналларига ажратилиб дарслар ўтила бошлади. Ўқувчиларнинг ҳар кунги дарслар билан танишиши кераклигини ота-оналар орқали болаларга етказдик. Шу билан биргаликда болаларнинг яхши ўзлаштираётганини назорат қилишдек маъсулиятли вазифани ўз зиммамизга олдик. Яъни ҳар куни ўқувчиларга онлайн дарсларнинг жадвалини бериб боряпмиз. Улар ўтилган дарсларни кузатиб дарсларни бажарганларини телеграм гуруҳига жўнатишади. Масалан, математикадан мисол, масаларни дафтарларига ечиб юборишади.
Она тилидан ҳам худди шундай машқларни ёзиб юборишади. Берилган қоидаларни аудио кўринишида ўқиб ёки ёддан айтишади. Ўқиш дарсидан аудио ёки видео кўринишида ўтилган эртакларни ролларга киришиб ўқиб беришади ёки гапириб беришади. Шеър бўлса, ёд айтишади. Мен эса ҳар бир ўқувчим юборган ечимларини аудио ва видеоларни диққат билан кузатиб, текшириб ҳар бирига алоҳида хулосалар билан жавоб жўнатаман. Ва ҳар ҳафта охирида энг фаол ўқувчиларни аниқлаб, уларни махсус ёрлиқлар билан тақдирлайман. Уларга яқиндан ёрдам берган ота-оналарга ўз ташаккуримни изҳор қиламан. Болалар шунчалик қизиқиб дарсларни тайёрлашяптики, ҳатто, уларни текширишга ҳам вақт етишмаяпти.
Бу борада айтиб ўтиш жоиз деб топган ўзимнинг шахсий фикрларим ҳам бор. Гап шундаки онлайн дарсларнинг кўпгина фойдали томонлари ҳам кўп экан. Энг биринчи “устоз” ота-оналарни ўзим учун кашф қилдим. Чунки улар худди мактабда устоз бажартиргандек болаларига дарсларни тайёрлашда кўмаклашмоқда. Бунда айнан фарзандларига уларнинг қанчалик эътиборда эканлиги яққол намоён бўлар экан.
Яна фарзандларимиз телефонда гаплашиш, бирор ўйин ўйнаш расмга тушиш ва ҳакозолар учун кераклигини билишарди. Лекин, энди ундан тайёрлаган вазифаларини текширтириш, билмаганларини устозидан сўраб ўрганиш мақсадиди ҳам фойдаланиш мумкинлигини билишяпти.
Хуллас калом, тождор вирус “ўқишимга” ва “ўқитишимга” халақит беролмайсан шиори остида тинимсиз ҳаракатдамиз.
Гуласал ЮСУПОВА, Гурлан тумани 41-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли