15 майдан бошлаб қуйидаги фаолият турларига рухсат берилади:
«Қизил» тоифадаги ҳудудларда:
якка тартибдаги ҳунармандчилик;
автомобилларга ва қишлоқ хўжалик машиналарига техник хизмат кўрсатиш;
электрон қурилмаларни (компьютер ва маиший техника воситалари) ва алоқа воситаларини таъмирлаш;
ижара ва лизинг хизматлари;
бухгалтерия соҳасига оид хизматлар (аудиторлик, солиқ маслаҳати ва бошқалар) кўрсатиш.
«Сариқ» тоифадаги ҳудудларда «қизил» тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда:
риелторлик фаолияти;
реклама ва маркетинг фаолияти;
хусусий бандлик агентликлари фаолияти;
меҳмонхоналарга ўз ошхоналарида овқат пишириш ҳамда хоналарга етказиб бериш;
парк ва истироҳат боғлари (аттракционлар, кўнгилочар объектлар ҳамда тезкор овқат тайёрлаш нуқталари фаолияти бундан мустасно) фаолияти. Бунда парк ва истироҳат боғларига кириш карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда соат 09:00 дан 20:00 га қадар 2 нафар шахсдан кўп бўлмаган гуруҳларда (оилавий гуруҳлар бундан мустасно) амалга оширилади.
«Яшил» тоифадаги ҳудудларда «сариқ» ва «қизил» тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда:
очиқ сунъий қопламали спорт ўйингоҳлари (ташриф буюрувчилар сонини чеклаш шарти билан, ечиниш ва ювиниш хоналаридан фойдаланмаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда);
компьютер (сканер, нусха кўчириш, матн териш, чоп этиш) ва полиграфия хизматлари;
музейлар фаолияти (ташриф буюрувчилар сонини чеклаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда);
ветеринария хизматлари;
биноларга хизмат кўрсатиш ва ландшафтни ободонлаштириш фаолияти.
Аввалроқ Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни (бориш ва қайтиш) тиклаш, шунингдек, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатновини (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилишига рухсат берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳудудлар сўнгги икки ҳафтадаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилган. Хусусан, 14 кун ичида коронавирусга чалинган шахслар аниқланган ҳудудлар «қизил», коронавирусга чалинган шахслар аниқланмаган, бироқ касалликдан даволанаётганлар бўлган ҳудудлар «сариқ», 14 кун ичида коронавирусга чалинганлар аниқланмаган ва беморларнинг бари даволаниб бўлган ҳудудлар «яшил» тоифага киритилади.