Энг беғубор табассум соҳиблари ким биласизми? Энг тоза юрак эгаларичи? Билмасангиз жуда ғалати экансиз.
Албатта, ер юзидаги барча болалар буларга эгадир. Қалбларини бутун вужуди ила покиза туйғулар қамраб олган бу миттигина ширинтойлар бизга ҳам беғуборлик улашади. Уларнинг кўзларига диққат билан боқиб кўрганмисиз? Во ажабо! Оламнинг жамийки ранглари мужассам бу кўзларда. Меҳр ва сеҳр қалқиб турган бу нигоҳлардан ҳайратда қоласиз. Бу кўзгуда дилдаги бор нарса акс этиб туради.
Биз ҳам бир вақтлар мана шу беғуборликга эга эдик. Улғайган сари орзулар ҳам катталашади. Мен англаган аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, мана шу тоза кўзгуни ва софликни ҳамма ҳам сақлаб қололмас экан. Ҳатто деярли 10 та одамдан 9 таси болаликдан мерос беғуборлигини пул, мансаб, нафс йўлидаги орзу-ҳавасларга осон алиштириб юборади.
Бешавқат, қалбсиз, жоҳил одамларга қараб туриб, булар ҳам бир пайтлар бола бўлганлигига ишонгингиз келмайди. Ахир болаликнинг табиат инъом этган ҳеч бўлмаса биттагина хислати сақланиб қолиши керак эмасми?!
Кўплаб совуқ нигоҳлардан бир чимдим беғуборликни излаганман. Афсус, ундан асар ҳам қолмаган кимсалар бор. Алвидо, болалик дея уни бутунлай тарк этиб кетиш адолатданмикан? Ҳар биримизнинг қалбимизда унинг атиги биттагина беғуборлик туйғуси яшаб қолса нима бўлади? Кўп жойни эгалламайди. Фисқу-фасод, ёмонлик, ғийбат ин қурган қалбларда наҳотки бир парча болаликдаги табиийликка жой топилмайди. Бир парчагина ҳалос. Мана шу кичик бўлак дунёдаги жамийки ёмонликларнинг йўлини тўсиб турган бўларди.
Ер юзида ҳар бир одам қалбида беғубор болалик сақланиб қолганида эди, биз яшаб турган дунё тамоман бошқача бўларди.
Болалик хотиралари… хиралашган кино тасмалари каби бир-бир кўз олдимиздан ўтар экан, кучли бир ҳаяжон босиб, титраб кетамиз. Ахир бу фильмда бутун шўхлигимиз, бебошлигимиз, ҳаётимиздаги энг беғубор ва бетакрор дамлар акс этган. Ва энг ажабланарлиси, унинг сценарий муалифи – ўзимиз.
Ҳа, шундай. Болалигимиз ўзимиз ёзган ҳолис ҳикоядир. Хотирамизга битилган тарих, қўл толмай, кўз юммай ўқиладиган китоб… Унинг муқовасида эса бизнинг тоза ва покиза ҳисларимиз тасвирланган.
Болаликнинг буюклиги ва оддийлигига тан бераман. Баъзи пайтлар болалигимни телбаларча қўмсайман. Ортимга қайтиб, яна ўша беғубор ва соддадил қизалоқга айланиб қолсаму оламнинг барча ташвишларини унутсам. Дақиқалар ичра болалик уммонига ғарқ бўлсам, қани эди…
Болалик мен билан, шундан болажонларга меҳрим баланд. Айрим миттивойларни ёқтирмайдиганларни жиним суймайди. Худди ўзлари бола бўлмай, бирданига катта бўлиб қолгандай тутишади ўзларини.
Ахир бу мурғак кўнгилларни қандай севмаслик мумкин! Бу мўъжизага боқиб туриб, қалбинг қувончга тўлади. Уларнинг майин табассумига ҳеч нимани, ҳатто дунёнинг бор бойлигини алиштирмаган бўлардим. Биргина жилмайиб боқишининг ўзи олам-олам завқ бағишлайди кишига. Дунёнинг бор ғуборини аритиб юборади.
Азиз болалар ва болажон инсонлар, байрамингиз муборак бўлсин!!!
Ҳар бир жажжи қалб ўз ҳикоясини шундай гўзал битсинки, унинг ғояси жуссаси баҳайбат аммо қалби жуда тор одамлар учун ибрат бўлсин!
Зийўар Хожамуратова
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли