Сурхондарёнинг Музработ туманидаги «Юртим жамоли» маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони С.Н. Telegram орқали эҳсон ваъда қилган шахснинг гапига ишониб, пластик картасидаги бор маблағидан ажралди. Фирибгар унинг картасидаги барча пулларни ўзиники қилиб олган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати расмий каналида хабар берилди.
3 май куни соат 14:30 ларда С.Н.дан «Азизчик» номли Telegram фойдаланувчиси унинг ҳисоб рақамига эҳсон тариқасида пул ўтказиб беришини айтиб, тегишли банк пластик карта кодларини юборишини сўрайди. Шундан сўнг, у «Халқ банки» АТБ томонидан ўзининг номига расмийлаштирилган банк пластик карта рақами ва пластик карта учун келган SMS кодларини юборади. Натижада фирибгар С.Н.нинг пластик картасидан 4 миллион 40 минг сўм миқдоридаги пулини ечиб олади.
Бу ҳақда туман ички ишлар бўлимига мурожаат этилгач, олиб борилган суриштирув ва қидирув ишлари натижасида «Азизчик»нинг шахси аниқлади. У Наманган вилояти Чуст туманидаги мактабнинг 9-синф ўқувчиси бўлиб чиққан.
Суриштирув чоғида 17 ёшдаги ўспириннинг шу куни Термиз шаҳридаги «Нилуфар» маҳалласида яшайдиган биринчи гуруҳ ногиронининг ҳам «Алоқабанк» АТБ томонидан очилган банк пластик картасидаги 46 минг 854 сўмини худди шундай йўл билан компьютер тизими орқали яширин талон-торож қилгани аниқланган.
Йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 169-модда («Ўғрилик») 3-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.