Халқаро пресс-клуб эфирида клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев профессионализм, шахсий ҳудуд ва фактчекинг ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини қуйидагача билдириб ўтди:
«3 та манбадан кечаси бўлса ҳам сўраш керак. Ахборот берувчи шахс шу маълумот рост эканига ишонч ҳосил қилиши зарур. Агар шубҳаси бўлса, хабарни кечаси соат 2 да қўйишга шошиши керак эмас. Эрталаб соат 8-9 бўлишини кутиб, қайси ташкилот бўлмасин, матбуот хизматига телефон қилиб, аниқлаши, бераётган информацияси тўғрилигига ишониши керак.
Мен ўз ҳамкасбларимни ҳимоя қиламан. Лекин шу билан бирга, профессионализм тўғрисида гапиришимиз керак. Хабар ким ҳақида бўлса, у давлат арбоби бўладими, оддий одамми, у — инсон, унинг оиласи, фарзанди, яқинлари бор. Ўша хабарни ўқиб ё эшитиб, қандай даҳшатга тушишлари мумкин. Бир яқин одамингизнинг ўлими ҳақидаги хабар соғлом одамни ҳам шок ҳолатига тушириб қўяди.
Ҳозир ўзи эрталаб уйғонганда қўрқиб турасиз, кимдир касал бўптими, кимдир ўтиб қоптими, у сизнинг яқинингизми ё кимгадир зарур ёрдам керакми — одам қўрқиб ёқади телефонини, очиғи. Кечаси телефон бўлганда, қўрқиб кўтарасиз. Шундай замонда яшаяпмиз.
Тунги қўнғироқлар — жуда оғир қўнғироқлар. Бу менинг иборам эмас. Бу ҳақда кейин айтиб бераман. Тунги қўнғироқлар ҳақида Ўзбекистон Президенти гапирдилар. Сардоба билан бўлган воқеада. Менку оддий одам сифатида ўйлайман: тунги қўнғироқлар қанчалар оғир. Энди тасаввур қилинг, раҳбарлар учун қанчалар оғир эканини.
Биз бугун шахсий ҳудудни унутиб қўйяпмиз. Фактчекинг, фейкларнинг олдини олиш бўйича Ўзбекистонда платформа яратиш пайти келди. Ўзбекистон медиа маконида сифатли, ҳаққоний контент шаклланиши учун ҳаракат қилишимиз керак».