Ҳозирги тартибга кўра, абитуриент тўплаган балл тест топширилган куннинг эртасига эълон қилинади. Ўқишга кирган ёки кирмаганлиги эса барча тест синовлари якунлангандан кейин маълум бўлади.
Кўпчилик абитуриентлар ўзи топширган тестлар натижасини қаердан билишни сўрашмоқда. Бу жуда осон, дея ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек ўз каналида бунинг йўлларини тушунтириб берди.
Хуллас, абитуриент рухсатномасининг пастки ўнг бурчагида QR код бор. Ана ўша QR код остига махсус ҳавола (линк) яширинган бўлади. Ўша ҳавола очилса, абитуриентнинг тест натижаси кўринади.
QR кодни қандай ўқиш мумкин?
Ҳозирги замонавий смартфонларнинг деярли барчасида QR кодни ўқиш учун телефон камерасининг ўзи кифоя қилади. Алоҳида қанақадир программа ўрнатиш шартмас. Шунчаки телефон камерасини ёқинг ва абитуриент рухсатномасининг пастки қисмидаги QR код устига камерани олиб боринг. Шунда телефон экранида ёзув пайдо бўлади ва abitur.dtm.uz сайтидаги махсус узун ҳавола чиқиб келади. Ўша ҳаволани браузер орқали очсангиз, натижангизни кўриш мумкин бўлади.
Агар мабодо телефонингиз камерасини QR код устига олиб борганингизда экранда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса, унда QR код ўқийдиган махсус илова юклаб олишингиз керак бўлади. Масалан, мана дастурни юклаб олишингиз мумкин.
Кечаги тест натижаси бугун бир неча соатлар ичида эълон қилиниши кутилмоқда. Озгина сабр қилишингизга тўғри келади.