Гени ўзгартирилган маҳсулотлар инсон генини ҳам ўзгартириши мумкин(ми)?

Ҳозирги вақтда ГЎМ (ГМО, гени ўзгартирилган маҳсулотлар) ҳақида кўп эшитяпмиз. Хўш, бу маҳсулотлар нима ўзи? Қандай етиштирилади? Озиқ-овқатларнинг ҳам генини ўзгартириш мумкинми? Улар нимага керак ва нимаси билан хавфли? Келинг, бу саволларга мутахассис ёрдамида жавоб топамиз. 

Эксперт: Маъмура РУСТАМОВА, валеолог

Гени ўзгартирилган маҳсулотлар бугун дунё бозорларида жуда кўп учрамоқда. Улар юртимиз бозор ва дўконларига кириб келганига ҳам анча бўлган. Қизиғи шундаки, айрим ривожланган мамлакатларда уларни ички бозорга чиқаришга йўл қўйилмайди. Шунинг учун ёппасига хорижга, ривожланаётган давлатларга экспорт қилиш авж олиб кетган.

Ичида қаттиқ ўзаги бор помидор, пўсти қалин пластмасса каби олмаларни эсланг. Улар узоқ шаҳарларга ташишда эзилиб кетмайди, 3-4 кунда айниб қолмайди дўконда тез сотилмаса ҳам энди бандидан узилгандай бўлиб, ялтираб тураверади. Аммо саломатликка жиддий таъсир кўрсатади.

Афсуски, ҳозирда мамлакатимизда хориждан олиб келинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини текшириб, гени ўзгартирилганми ёки йўқлигини аниқлайдиган махсус лабораториялар мавжуд эмас. Шу сабабдан улардан эҳтиёт бўлиш ҳаёти учун жиддий қайғурадиган ҳар бир фуқаронинг ўз масъулияти ҳисобланади.

ГЎМ нима ўзи?

Гени ўзгартирилган маҳсулот — бу ген инженерияси асосида ўсимлик билан бирон бир тирик жонзот ёки микроорганизмнинг ДНКсини қўшиш, баъзи бирор хусусиятини ўзгартириш асосида вужудга келган маҳсулотдир.

Савдо бозорида рақобатбардошлигини ошириш, ташқи кўринишини яхшилаш, сақланиш муддатини ошириш мақсадида маҳсулотлар генига ўзгартиш киритилади. Яъни ўсимликлар, мева-сабзавотлар “бегона” ген ёрдамида зараркунанда ҳашаротларга чатиштирилади. Бунинг натижасида ноқулай иқлим шароитларига чидамлилиги, ҳосилдорлиги ошади, хона ҳароратида сақланганда узоқ туради.

Масалан, барчамиз яхши кўриб истеъмол қиладиган картошка, помидор ёки қулупнай генига бошқа бир совуққа чидамли, ҳашаротларни жалб қилмайдиган ўсимлик ёки жонзотнинг гени қўшилади. Бунинг натижасида помидорни шимолнинг энг олис бурчакларида ҳам етиштириш мумкин бўлади, картошка ҳосили эса Колорадо қўнғизидан жабр чекмайди.

ГЎМ (ГМО) маҳсулотлар илк бор 1990 йилда пайдо бўлган эди.

ГЎМ маҳсулотларнинг қандай зиёни бор?

Магазинларда чиройли қадоқларда сотиладиган маҳсулотлар кўзни қувонтиради. Аммо, минг афсуски, улар орасида инсон организмига зиён етказадиган ГЎМлар ҳам мавжуд. Олиб борилган тадқиқотларда ГЎМ озиқларни истеъмол қилиш жиддий аллергик реакцияларга, энг ёмони иммун тизими ишдан чиқишига олиб келиши тасдиқланди. Бундай маҳсулотларни доимий тарзда истеъмол қилиш оқибатида ошқозон шиллиқ пардаси жиддий зарарланади, натижада тузалмайдиган яра пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, улар таъсирида ичаклардаги микробларнинг антибиотикларга чидамлилиги ошади.

Текширишлар шуни кўрсатдики, гени ўзгартирилган маҳсулотлар аёл ва эркакларда наслсизлик (бепуштлик) муаммосини келтириб чиқарар экан. Айниқса гени ўзгартирилган турли гўшт маҳсулотларида аёллар репродуктив тизимига салбий таъсир кўрсатувчи  фитоэстроген моддалар мавжуд.

Ёш болаларни гени ўзгартирилган соядан тайёрланган маҳсулотлар билан озиқлантириш эса уларда қалқонсимон без (умуман эндокрин без муаммолари) ҳамда онкологик хасталикларга замин яратиши аниқланган. Шунинг учун маҳсулотларни сотиб олганда қуйидагиларни эътиборга олишларини маслаҳат берамиз.

Эслатма:

  • ГЎМ кўпинча колбаса маҳсулотларида учрайди. Айниқса, қайнатилган колбасалар, сарделькалар, сосискалар таркибида гени ўзгартирилган соя кўп миқдорда бўлади;
  • Импорт маҳсулотларининг қадоқларидаги ёзувларга эътибор қилинг. Уларда асосан инглиз ёки рус тилларида маълумот берилади. “Таркибида генетик ўзгартирилган соя бор” деган ёзувга кўзингиз тушса, сотиб олманг.

Тадқиқот

Инглиз олимлари ўтказган тажрибага кўра, тадқиқотчилар каламушларни маълум вақт давомида гени ўзгартирилган картошка билан боқишган. Шундан сўнг каламушлар организмида ғайриодатий ўзгаришлар, шу билан бирга жигар, буйрак ва бош мия касалликлари пайдо бўлган.  Чунки гени ўзгартирилган озиқ-маҳсулотлар ҳужайралар мутациясига замин яратади. Айнан ҳужайралар мутацияси саратон ривожланишига олиб келиши аниқланган.

Демак, ортиқча муаммоларга дуч келмаслик учун озиқ-овқатларни танлаш ва сотиб олишда эҳтиёткор бўлиш керак. Четдан кириб келаётган озиқ-овқат маҳсулотларини тўлиқ ўрганиш, сотувга чиқаришдан олдин чуқур лаборатория текширувларидан ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

БИЗДА ГЎМ ЛАБОРАТОРИЯЛАРИ БОРМИ?

Маълум бўлишича, бизда ҳозир ГЎМ бўйича чуқур текширадиган лабораториялар мавжуд эмас ва аниқ стандартлар шакллантирилмаган. Мутахассисларнинг айтишича, Ўзбекистонда маҳсулотларнинг гени ўзгартирилмайди. Шунингдек хориждан келтирилган маҳсулотларда ГЎМ борлигини текшириш ва рухсат беришда ҳам аниқ хулосалар эълон қилинмайди. Шу ўринда бир савол: нега юртимиздан экспортга юборилган мева ёки сабзавотларнинг яроқсиз, деб баъзан қайтариб юборишади-ю, бизнинг имкониятларимиз бу борада чекланган?

Ансабхон ЗОКИРОВ, “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази ДУК директори:

— Айни вақтда юртимизга хориждан олиб келинаётган маҳсулотларнинг сифати ўзига хос баҳоланади. Тўғрисини айтганда, биз ҳам импорт маҳсулотларни кўп ҳолларда қайтарамиз. Мисол учун, консерва, гўшт, ёғ маҳсулотлари билан кўпинча шундай ҳолат юз беради.

Бизда ҳам маҳсулот ва унинг таркибини аниқлай оладиган лабораториялар ишлаб турибди. Агарда харидорларда бу масалага ойдинлик киритиш истаги бўлса, тегишли маҳсулотни олиб келишса, текшириб берамиз.

Кейинги вақтларда импорт таркибида ГЎМ бўлиши ҳақида турлича фикрлар айтилмоқда. Импорт қилинаётган маҳсулотлар таркиби текширилади. Улар таркибида вирус ва хавфли микроблар кириб келишининг олдини олиш учун албатта текшириш керак.

Умид МУРОДОВ, инфекционист-гепатолог:

  • Бундай маҳсулотларнинг ҳозирча организмга зарари аниқланмаган, аммо ҳужайраларга таъсир кўрсатишини ҳисобга олсак, улар наслга, ирсиятга салбий таъсир қилиши мумкин.

Генетик ўзгартирилган организмлар маҳсулот етиштиришда таннархи пастроқ, атроф-муҳитдаги омилларга чидамлироқ ва ҳосили кўпроқ бўлиши учун ишлаб чиқилади. Бу орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги муаммосини ҳал этиш унинг ижобий жиҳати бўлса, аммо биохилма-хилликка таҳдид солиши, истеъмол бозорларига тўлиқ назоратдан ўтмаган уруғлар ҳамда маҳсулотлар кириб келиши каби салбий томонларидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Аммо айни пайтда келиб чиқиши аниқланмаган хавфли ўсма касалликлари, мутацияга учраган ҳужайраларда уларнинг ҳам иштироки бўлиши мумкин. Амалиётимизда айрим беморларда таҳлил натижаларида ҳеч қандай инфекция чиқмайди, аммо ўсимта ёки тўқималарнинг емирилиш жараёни кузатилади. Албатта, танадаги моддалар алмашинувининг бузилишида ва организмга ҳар хил ҳазм бўлмайдиган моддаларнинг тўпланишида нотабиий озиқ-маҳсулотларнинг ҳиссаси бор, деб ҳисоблайман.

Абдумалик РУСТАМОВ,

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш маркази бўлим бошлиғи, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди:

  • Генетик ўзгартирилган экинларни яратиш борасидаги тажрибалар ўтган асрнинг 60-йилларида бошланган. Трансген маҳсулотнинг биринчи намунаси, таркибига камбала балиғининг гени киритилган помидор 1994 йилда дунёда биринчи марта АҚШ савдо дўконларида пайдо бўлди. Бу гени ўзгартирилган помидор Американинг «Монсанто» корпорациясининг олимлари томонидан етиштирилган эди. Ҳашаротларга ва табиат инжиқликларига бардошли бўлиши учун полиз ўсимликларининг гени ўзгартирилади.

Америкадаги биринчи трансген помидорга камбаланинг совуққа чидамлилик хусусияти ўтганлиги сабабли музлаганда ҳам нобуд бўлмайдиган, аксинча совуқда ҳам ривожланаверадиган ҳосилдор нав дунёга келган. Унинг асосий хусусияти касалликлар, зараркунандалар ва бошқа ноқулай табиий шароитларга ўта чидамлилигининг ошиб кетишидир. Шунинг учун гени ўзгартирилган экинларни касаллик ва зараркунандаларга қарши чидамлилигини таъминлаш учун пестицидлар билан ишлашга умуман ҳожат қолмайди.

Айни кунларда дунё бўйича 80 дан ортиқ гени ўзгартирилган маҳсулотлар етиштирилмоқда. Жумладан, буғдой, шоли, соя, ғўза каби экинларнинг трансген турлари экилмоқда.

Трансген озиқ-овқатларнинг мазаси, таъми ва биологик таркиби деярли бир хил, лекин кўпчилик олимлар бундай маҳсулотларнинг инсон саломатлиги, наслига таъсири бўлишини ўйлаб ташвишланяпти.

Бундай озуқалар инсон саломатлигига асосан аллергик реакциялар, ген кўчишлари ва мутацияланиш кўринишида таъсири кўрсатиши мумкин. Аммо келажакда одам ирсиятига ҳам таъсир қилиб, инсоннинг инсонийлик қиёфасини йўқотишига олиб келиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

ГЎМ еб катта бўлган сичқонлар боласини еб қўйди…

Россия олимлари ГЎМ бериб боқилган кемирувчиларнинг ирсияти ва руҳий ҳолати ўзгариб қолганини кузатишган. Трансгенлар билан боқилган каламушларнинг кейинги авлодида ўлим ҳолати 50 фоизга ошган, қолганларида бепуштлик келиб чиққан, жониворларда ўта агрессивлик кўзга ташланган. Хусусан трансген еб катта бўлган сичқонлар ўз болаларини еб қўйишган. Аслида бу хусусият жониворларнинг бу тури учун хос эмас.

Бундан ГЎМ таркибли озиқаларнинг одам генетикасига ҳам таҳдид қилишини хулоса қилиш мумкин.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Биз аксариятимиз бозорлардаги арзон миллий маҳсулотлар ўрнига қимматбаҳо супермаркетлардаги пластмассага ўхшаш мева ва сабзавотларни болаларимизга едирамиз. Азиз меҳмон келганда ҳам пулни аямай, чиройли аммо таъми сал ғалати импорт егуликларни дастурхонга қўйишга ошиқамиз. Уларнинг организмга зарарини ҳатто ўйламаймиз. Лекин аслида қуртлаган ёки ғадир-будир бўлса ҳам ўзимизнинг миллий мева ва сабзавотлар табиий, хавфсиз ва соф бўлишини мутахассислар кўп марта такрорлаган.

Жаҳон статистикасига кўра, озиқ-овқатдан келадиган касалликлар туфайли йилига салкам 600 миллион киши касалланади, 420 минг киши вафот этади. Бу истеъмолчиларга тақдим этилаётган озиқ-маҳсулотлар сифати ва таркибига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини англатади.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: