Ўзбекистонда пандемия ҳукмрон бўлган 2020 йилда 175 минг 600 киши вафот этиб, бир йил аввалгига нисбатан 21 мингта (13,58 фоиз) кўпроқ ўлим қайд этилган. Ушбу ўлим ҳолатларининг 60 фоизига қон айланиш тизими касалликлари сабаб бўлгани айтилмоқда.
Давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда 175,6 минг киши вафот этган. Бу 2017 йилги ўлимлар сонидан 14,7 мингтага (9,27 фоизга), 2018 йилги ўлимлар сонидан 20,7 мингтага (13,36 фоизга), 2019 йилги ўлимлар сонидан 21 мингтага (13,58 фоизга) кўп.
2020 йилда қайд этилган ўлим ҳолатларининг 60 фоизига қон айланиш тизими касалликлари, 8 фоизига ўсимталар, 7,2 фоизига нафас олиш аъзолари касалликлари сабаб бўлган.
Вилоятлар кесими бўйича энг кўп ўлим ҳолатлари Тошкент шаҳрига (21,2 минг), Фарғона (18,5 минг), Тошкент (18,4 минг) ва Самарқанд (18,4 минг) вилоятларига тўғри келган. Энг кам ўлим ҳолати эса Навоий (5 минг) ва Сирдарё (4 минг) вилоятларида кузатилган.
Шунингдек, гўдаклар ўлими (1 ёшгача бўлган болалар ўлими) бўйича энг ёмон кўрсаткич Тошкент шаҳри, Андижон ва Хоразм вилоятларида кузатилган.