Ўзбекистонга Хитойдан яна 1 миллион доза Хитой-Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси етиб келди. Бу Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилган, Аnhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган ҳамда ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир.
Хитой-Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини яратишда коронавирус ташқи оқсили биотехнологик усул билан синтезланиб олинган бўлиб, организмга юборилганда оқсилга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади. Бундай вакциналар бошқа турдаги вакциналар билан солиштирганда, энг юқори хавфсизлик профилига эга ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти олимлари Хитойнинг ZF2001 вакцинаси устидаги тадқиқотларни кенг кўламда ўтказилишига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Амалга оширилган ишлар натижасида хитойлик ҳамкорларимиз Ўзбекистонни мазкур вакцина ҳаммуаллифи деб эълон қилди ва вакцинага ZF-UZ-VAC2001 деб ном берилди. Бугунги кунда ZF-UZ-VAC2001 Ўзбекистонда коронавирусга қарши давлат рўйхатидан ўтказилган ягона вакцинадир. ZF-UZ-VAC 2001 коронавируснинг янги типига қарши рекомбинант (CHO cell) вакцина тиббиёт амалиётида қўллаш учун тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди. Рўйхат рақами — DV/X 08646/03/21.