Мазкур мусобақанинг очилиш маросими Hilton меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Мусобақалар “ЖАР” спорт мажмуасида ўтказилади.
Бугун аҳоли ва, айниқса, ёшлар орасида спортни кенг тарғиб этиш, уюшмаган ёшларни фойдали машғулотларга жалб қилиш, улар орасида спортни ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Мини футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси бошлиғи кубоги мусобақаси шундай қизиқарли, ёшларни бирлаштирувчи ва уларнинг бўш вақти мазмунли ҳамда фойдали ўтишини таъминловчи тадбирлардан биридир.
Май ойида мазкур мубосақанинг туман босқичлари ўтказилди ва уларда шаҳримиздаги 524 та маҳалланинг 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган уюшмаган ёшларидан иборат жамоалари беллашди.
Туман босқичлари якунига кўра, Бектемир туманининг “Зилола”, Миробод туманининг “Сарикўл”, Мирзо Улуғбек туманининг “Аҳмад Югнакий”, Олмазор туманининг “Қуёш”, Сергели туманининг “Нўғайқўрғон”, Учтепа туманининг “Истироҳат”, Чилонзор туманининг “Катта Олмазор”, Шайхонтоҳур туманининг “Боғ кўча”, Юнусобод туманининг “Оқтепа”, Янгиҳаёт туманининг “Навқирон”, Яккасарой туманининг “Қушбеги” ва Яшнобод туманининг “Дўстобод” маҳаллалари жамоалари ғолиб деб топилди.
7 июнь куни Hilton меҳмонхонасида мусобақанинг шаҳар босқичи очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни ДХХ Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси бошлиғи Билалов Хуршид Турсунмуратович очиб берди. Маросим доирасида туман босқичларининг энг яхши ўйинчилари тақдирланди. Шунингдек, шаҳар босқичи жамоалари ўртасида қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди ва шундан келиб чиқиб, рақиб жамоалар аниқланди.
Мусобақалар 10 июнга қадар “Жар” спорт мажмуасида бўлиб ўтади.
Тошкент шаҳар босқичида ғолиб бўлган жамоа Ўзбекистон Республикаси ДХХ Раиси кубогида қатнашиш имкониятига эга бўлади.