Халқ таълими вазирлиги: мактабда диний мансубликни намойиш этувчи кийимда юриш мумкин эмас

Низомга мувофиқ, ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш деб баҳоланади.


Жорий йилнинг 5 июль куни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» қабул қилинган янги таҳрирдаги Қонун ОАВ вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг кийиниш маданияти, хусусан ўқувчи-қизларни мактабда бош кийимда юриши ҳамда ўғил бола ўқувчиларнинг соқол қўйган ҳолда мактабга келишлари масаласида турли саволларни келтириб чиқармоқда.

Шуларни инобатга олган Халқ таълими вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилгандир. Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига (бундан диний таълим муассасалари мустасно) йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни 49-моддасида таълим ташкилотларида таълим олувчиларнинг кийим-бошига доир талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши қайд этилган.

Мазкур ваколатдан келиб чиқиб, давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг кийиниш маданияти ва тартиб-интизомга амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, саломатликларини муҳофаза қилиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, маънавий ва жисмоний соғлом авлодни камол топтириш мақсадида Ҳукумат томонидан 2018 йил 15 августда 666-сон “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган.

Шу билан бирга мазкур қарор билан Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом (матнда кейинги ўринларда – Низом) тасдиқланган.

Мазкур Низомга кўра умумтаълим мактабларида:

ўғил бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига;

қиз бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди.

Низомга мувофиқ, ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланиши мумкин:

огоҳлантириш;

кундалик дафтарига қайд этиш;

тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.

Мазкур талабларга ўқувчилар томонидан қатъий амал қилиниши учун ота-оналар масъул ҳисобланишини Низомда белгиланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бугунги кунда давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари таълим муассасасига мазкур Низом талабларида белгиланган тартиб ҳамда таълим муассасаси томонидан тасдиқланган мактаб формасига мувофиқ кийинишлари, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги 509-сон қарори билан давлат умумий ўрта таълим муассасалари учун ҳукумат томонидан тасдиқланган мактаб формаси мажбурий ҳисобланади.

Ижтимоий тармоқларда айрим шахслар томонидан бугунги кунда Низомнинг юридик кучга эга эмаслиги, унда белгиланган қоидалар амалда эмаслиги ҳақидаги ҳеч қандай асосга эга бўлмаган маълумотлар тарқатилмоқда. Ушбу фикрларга шуни алоҳида қайд этишимиз жоизки, замонавий ягона мактаб формаси 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб мажбурий этиб белгиланган бўлсада, бироқ Низомда белгиланган талаблар давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари ва ходимлари, ўқувчиларнинг ота-оналари учун бугунги кунда ҳам мажбурий ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди бўйича амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: