Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши юртимизда авж олаётган коронавирус пандемияси сабаб жамоат бўлиб ўқиладиган намозларни чеклаш ҳақида бир қанча тафсияларни берди.
Бундан ташқари:
1. Қурбон ҳайити намозида катта жамоат бир жойда жамланишини инобатга олиб, пандемия янада авж олмаслиги, вабо оқибатларини юмшатиш мақсадида шу куни ийд намози адо этилмайди, ўрнига уйда Зуҳо намозини ўқиш тавсия этилади.
2. Жума намозларидан (юқоридаги сабабларга кўра вақтинча ўқилмайди) бошқа намозлар барча карантин талабларига риоя қилган, яъни ниқоб таққан ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда, масжидларнинг очиқ саҳнларида адо этилади. Масжидларда қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришиш қатъиян таъқиқланади.
3. Иситма, йўтал каби касаллик аломатларини ўзида ҳис қилганлар, кексалар ва кичик ёшдаги болаларга жамоат намозларида иштирок этиш тавсия этилмайди.
4. Ёши улуғ кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатлар билан боғлиқ анъаналарни алоқа воситалари орқали амалга ошириб туриш тавсия этилади.
5. Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида, хонадонларда ўқилади. Марҳумларнинг ҳақларига қилинадиган дуои фотиҳаларни қатъий равишда юртдошларимиз ўз хонадонларида, оила даврасида бажарсинлар, фотиҳагарчиликларга боришдан ҳамда ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилишдан сақланиб турсинлар.
6. Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида қурбонлик гўшти эҳсонларини тарқатишда карантин талабларига қатъий риоя этсинлар.
7. Пандемия вазиятида озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларнинг нархини ошириш, бозорлар ва дўконларда сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир.
8. Вакцина олмаслик, унинг таркиби тўғрисида бўлмағур гапларни тарқатиш дуруст эмас. Давлатимиз барча талабларга жавоб берувчи вакциналар воситасида оммавий равишда эмлаш ишларини амалга ошираётган экан,барча юртдошларимиз ўзларини ва оила аъзоларини, шифокорлар билан келишган ҳолда, эмлатишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
9. Эҳтиёжмандлар, ногиронлиги борлар, вақтинча ишсизларга эҳсон кўрсатишнинг айниқса ушбу кунлар ва ойларда савоби улуғдир. Хайрия ва эҳсон тадбирларини “Вақф” жамғармаси орқали ёки бевосита амалга ошириш тавсия этилади.
10. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг вилоятлардаги вакилликлари ходимлари ва имом-хатиблар ушбу фатво мазмун-моҳияти бўйича аҳолининг кенг қатламлари орасида батафсил тушунтириш ишларини амалга оширсинлар.
«Аллоҳ таоло ушбу касалликни тез кунларда бартараф этишини ҳамда халқимизнинг ҳаёти тинчлик ва осойишталикда давом этишини Яратгандан илтижо қилиб қоламиз!»,–дейилади хабарда.