“Uzbekistan Airports” АЖ ташкил топган кун кенг нишонланди (фото)

Маълумки, август ойининг учинчи якшанбаси — Ўзбекистон Республикаси Ҳаво флоти куни. Бу кун барча авиаторлар — самолётларни осмонга кўтарувчи, техник хизматлар кўрсатиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлашни амалга оширувчи ходимлар, умуман Ўзбекистон авиация соҳасининг барча тизимлари хизматчиларининг касб байрамидир.

Ўзбекистон ҳаво флоти бугунги кунда халқ хўжалигининг энг муҳим соҳаси ҳисобланади. Бу соҳанинг ярим асрлик ютуқ ва кашфиётларга эга тарихи бор. Мамлакатимизнинг ҳаво транспортини таъминловчи фуқаро авиацияси бугунги кунда замонавий терминаллар, янги технологиялар билан таъминланган қудратли инфратузилмага айланган. У йилдан-йилга равнақ топиб, парвоз хавфсизлиги ва ишончлилиги бўйича жаҳонда кўпгина эътироф ва мукофотларга сазовор бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5584-Фармонига асосан 15 август куни “Uzbekistan Airports” Акциядорлик жамияти ташкил этилган ва бу йил икки йиллиги нишонланмоқда.

“Uzbekistan Airports”АЖ — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги “Фуқаро авиацияси корхоналарини ўзгартириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисид”ги 5100-сонли қарорига мувофиқ ягона ижро этувчи oрган — Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларининг бошқарув компанияси деб тайинланди.

“Uzbekistan Airports”АЖнинг ташкил этилганига 2 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган тадбирга бир гуруҳ журналистлар ва блогерлар таклиф этилди. Тантанага йиғилганлар соҳа ходимлари ва АЖ жамоасини қўшалоқ байрам билан табриклашди. Тизимнинг илғор ва пешқадам ходимлари диплом ва совғалар билан мукофотланди.

Тадбир сўнгида “Uzbekistan Airports”АЖ раисининг биринчи ўринбосари Жавлон УМАРХЎЖАЕВ журналистларнинг саволларига жавоб берди:

– Бугун акциядорлик жамиятимиз ташкил топганига роппа-роса икки йил бўлди. Шу билан бирга, эътиборлиси 15 август куни – Ўзбекистон Республикаси ҳаво флоти куни, республикамизда кенг нишонланадиган авиация байрами ҳамдир. Биз бугун қўшалоқ байрамни нишонлаяпмиз.

Айтиб ўтиш лозимки, “Uzbekistan Airports”АЖ Ўзбекистон ҳаво йўллари қайта ислоҳот қилинганидан кейин ташкил этилган янги компаниядир. Ҳозирда тизимда амалга оширилаётган асосий ишлардан бири аэропортларимизнинг қўшни аэропортлар билан рақобатбардошлигини ошириш. Бунинг учун биринчи навбатда биз айни пайтда республикамиздаги аэропортларнинг инфратузилмасини модернизация қилмоқдамиз. Аэропортларда рақамлаштириш ва автоматлаштириш тизимларини жорий қилмоқдамиз, махсус техника воситаларини янгилаяпмиз. Шунингдек ходимларнинг халқаро стандартлар асосида ишлаши бўйича тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг учун Россия ва Германия каби давлатлардан етук авиация мутахассислари жалб этилган. Режаларимизни ушбу экспертлар билан биргаликда амалга ошириш кўзда тутилган. Олдимизда бажариладиган ишларимиз ҳали жуда кўп. Булар барча аэропортларимизни қайтадан модернизация қилиш, барча ходимларни чет элдан экспертларни жалб қилган ҳолда қайта тайёрлаш.

Пандемия шароитига қарамасдан ҳозирги кунда аэропортларимизда хорижий авиакомпанияларнинг самолётлари жуда кўпайган. Бунга ўз навбатида “Uzbekistan Airports” томонидан олиб борилаётган сиёсат, яъни тарифлар ва ставкаларни 27 фоизгача тушириш натижасида эришилди. Бунинг самарасида ҳозирда ҳамкорликда ишлаётган хорижий авиакомпанияларнинг сони 25-30 фоизга кўпайган.

“Uzbekistan Airports” АЖда бугунги кунда 7258 нафар ходим фаолият юритади. Шу фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимни ушбу байрам билан табриклайман. Олиб бораётган ишларида муваффақиятлар, оиласига тинчлик, хотиржамлик тилайман!

 

Маълумот учун:

“Uzbekistan Airports”  АЖнинг асосий вазифалари:

* барча аэропортларнинг ривожланиш стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, аэропортларда йўловчиларга, ҳаво кемаларига юқори даражада хизмат кўрсатиш ва улар учун барча зарур қулай шароитларни яратиш;

* тегишли аэропорт хизматларининг самарали ишлашини таъминлаш, йўловчилар, юк, почта ва багажга хизмат кўрсатиш жараёнларини оптималлаштириш;

* аэродромларни парвозларга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш, қатновларнинг мунтазамлиги ва хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, аэродромларни сақлашнинг замонавий усулларини жорий этиш ва уларни таъмирлаш;

* инфратузилмани такомиллаштириш ва логистика соҳасида юқори сифатли хизмат кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

* аэропортларда, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида замонавий чакана савдо, умумий овқатланиш, банк ва йўловчиларга бошқа хизмат кўрсатиш тармоғини ошириш.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: