Уйдагиларга билдирмай, олис-яқиндаги савобталаб табиблар қабулига хуфиёна қатнаб, ҳеч жойдан ёруғлик топа олмади. Хотини унинг талоқ қилишини кутиб ўтирмай, кўч-кўронини олиб отасиникига кетиб қолганида шапалоқ еган боланинг ҳолига тушди.
Назарида бу олам унинг устидан кулаётгандек туюларди. Бу ҳам етмагандек, бир ҳафталардан кейин кетиб қолган хотинини йўқлаб қайнотасиникига етиб борганида, кўчада турган юк машинага хотиннинг кўчларини ортишаётганининг устидан чиқиб, ўзини панага олди. Назарида хотини қилиб қўйган ишидан пушаймон бўлган ё қайнотасими, қайноғаларими хотинининг қарорини маъқулламай, уни уйига, бепушт эрининг олдига қайтишга кўндирганга ўхшади ва уларни ҳовлида кутиб олиш учун изига қайтди. Аммо беҳуда қувонгани орадан бир кун ўтиб маълум бўлди. Ўша куни хотини бошқа эр қилиб, тўй-томошасиз, бир чўқим ош билан хотини ўлган бир эркакка уч бола устига хотин бўлиб тегаётган экан.
Бир ойга қолмай Тошпўлат пул кетса кетсин, обрў кетмасин, қабилида иш тутиб, ўттиз ёшлардаги ўтириб қолган қизга катта тўй-томошалар билан уйланиб олди. Молхонадаги молларини тенг ярмига қисқартирган бу тўйдан кейин ҳам аҳвол ўзгармади. Бу чучмал турмуш уч йилдан узоқроққа чўзилди. Яна шифохонама-шифохона изғиш, курорту санатория алмаштиришлар, табибу домлаларга қатнаш давом этди. Бу орада ота-онасини ерга қўйди. Узундан-узун молхонасида биттагина сигиру уч-тўртта қўйи қолди, холос. Биринчи хотини иккинчи эридан кетма-кет ўғил туққанини эшитганда, юрагига ханжар қадалгандек ҳис қилди. Собиқ хотинини бир боласини етаклаб, бошқасини қўлида кўтарганча автобус бекатида турганини кўриб қолганида эса оёғи ўзига бўйсунмай, юришдан чалғиб, машина тагида қолишига бир баҳя қолди. Аламидан бўкканча ичиб келиб, иккинчи хотинини илк марта сўкиб урди.
Иккинчи хотини ҳам кетиб қолганидан сўнг унинг ҳаётида маъно қолмади. Икки йил сўққабош юрди. Аммаю холалари ўртага олишиб, бир болали келинчакка уйлантириб ҳам қўйишди. Жувоннинг аввалги эри ажрашиб кетган хотиниданми, қўлида келган боласиданми кўнгил узолмай, ҳафта-ойда келиб турар, бу нарса шундоғам Тошпўлатнинг тўлиб турган сабр косаси тошишига олиб келарди. Иш шу даражага бордики, ажрашган эр-хотинлар ярашиб, Тошпўлат бехабар, уйдаги бор нарсани машинага юклаган учинчи хотини эвазига бир дунё шармандагарчилик қолдирганча кетиб қолди. Эндиям ўлмасинми…
Ноумидлик етагида қоп-қоронғи молхонасига кирган Тошпўлат олдиндан тайёрлаб қўйган арқон ва челагини излай бошлайди. Челакни топди. Кейин пайпаслаб арқонни ҳам топди. Лекин арқон муздек эди. Тошпўлат ташқарига отилиб чиқди-да, қўлидаги арқон эмас, илон эканини билгач эса қутулиш учун уни силтаб ташлади. Қора илон анча наридаги барглар устига тушди.
– Ё худо! Нима бу?! Илонми?! Чақиб олганидаям нақ онамни кўрардим! – Тошпўлат ўлишни ҳам эсидан чиқарганча жилдираётган кран тепасига бориб, қўрқувни босиш учун юзларига сув сепиб, сувдан ютақиб-ютақиб ича бошлади. Бир шиша шаробга аралашган сув кайфини баттар оширди ва сўрига аранг етганча тарракдек қотиб қолди.
Илон чақиб олганида онасини кўришга ишонган Тошпўлат рости билан онасини тушида кўрди. У онасини қишлоқ қабристонининг дарвозаси олдида учратиб қолибди. Ичкарига ўтаман деса, онаси қўймасмиш. «Бу ёқда нима бор сенга, орқангга қайт, Мавжуда холангдан хабар ол! Мавжуда холанг сени кутиб ўтирибди!» – дея қайта-қайта таъкидлаганча кўздан ғойиб бўлибди.
* * *
Эрталаб кўча эшиги олдини супураётган Мавжуда холанинг кенжа қизи Маржонни таниб, унинг кўк кийгани диққатини тортди. Кимга кўк кийибди бу?! Мавжуда хола тирик эди-ю…
Маржоннинг таклифи билан ҳовлига кирган Тошпўлат Мавжуда холани кўрди. Набираларининг нонуштасига сут қайнатаётган Мавжуда хола раҳматли дугонаси Роҳатойнинг ёлғиз ёдгорини сўрига бошлади. Тошпўлатнинг тушига онаси кирганлиги ва у айтган сўзларни бошини эгганча эшитаркан, марҳуманинг ҳақига дуо қилди. Уй ичидан чиққан келин ким келганлигини тусмоллаганча ҳовли этагига индамай ўтиб кетганини кўрган Тошпўлат қайнона ва келин ўртасида гап қочганини ички бир туйғу билан ҳис қилди. Умуман олганда, бу ҳолат Тошпўлатга кейинги ўн йиллардан бери ҳамроҳлик қилаётганди. Бамисоли териси юпқалашиб, юраги шундоққина очилиб қолгандай, олдидагина эмас, орқасида ҳам кўз пайдо бўлгандай, одамларнинг муносабатидаги совуқлик, кўзларидаги тиканак-ништарни дарров сезар ва кўра биларди. Ўз қизлик ҳовлисида тиканнинг устида юргандек қимтинаётган Маржоннинг хатти-ҳаракатидан ҳам ана шу ҳолат манаман, деб турарди. Мавжуда хола ичидаги дардини сиғдира олмай, бир кўзи келинида, бир кўзи қизи Маржонда бўлганча Тошпўлатга деярли шивирлаган кўйи арзу ҳол қилди:
– Қандай кунларга қолдим-а, болам! Қайси бармоғимни тишламай, бирдай оғрийди. Биласан, кенжамни узатганимга эндигина олти ой бўлди. Бу ишга менинг қаршилигим бўлмаса-да, қудахоланинг кўнгли бўлмаган экан. Мана шу келинимнинг синглисини ўғлига кўзлаб юрган экану, раҳматли куёвим Маржондан бошқасига уйланмайман, деб туриб олганди. Эшитгандирсан, бир ҳафталар бурун куёвимни дафн қилдик. Гап-гаштакдан велосипедида қайтаётган пайти йўлда машина уриб кетибди. Ўғлининг ўлимида қудам келинини айблаб, қадами ёқмади, касофати ўғлимга урди, дея дод-вой солиб, аза жойда қизимни уриб ташлади. Зўрға ажратиб олибмиз. Келиним минг қилса ҳам, қудахоланинг жиянимасми, қайнсинглим бўлмаганида бу кулфат юз бермасди деб, қариндошининг қўлтиғига сув пуркади. Оқибатда, жанозасидан ўн кун кейин қизимнинг нарсаларини ўзига қўшиб ташлаб кетишди. Қирқи ўтсин, иддасини сақласин, десамам қулоқ солишмади. Қизимнинг ҳайдалишига қўшилишган келиним эса, нимага уйга қайтади, бошқа жойга борсин, касофати болаларимга урмасин деб, қовоқ-тумшуқ қилганича, коса-товоғини бўлак қилиб олди. Гапнинг рости, шу кунларда менам дугонамни кўп эсладим, катта ҳовлида сўққабош қолиб кетганингни эшитганим учун сенгаям ичим ачиди. Бир хаёлим, олдингга ўтиб, енг ичида маслаҳатлашиб олиш эди. Ҳали қизим ҳам, бошқалар ҳам бу ниятимдан бехабар. Онангга бу аён бўлгандирки, сенга шунақа депти. Рози бўлсанг, Маржонни никоҳлаб оласанми, демоқчи эдим. Қизимни рўзғори бузилди, энди ўғлимникини асрашим керак. Нима дейсан шу гапга?!
Кечагина дунё кўзига қоронғи кўриниб, янгитдан уйланиш кўнглининг кўчасидан ўтмаган Тошпўлат довдираб қолди. Мавжуда холанинг: «Жавобини ҳозир айтмасанг ҳам майли, бу умр савдоси, зорим бору зўрим йўқ», деган гапи билан ортига қайтган Тошпўлат кечга томон аммасини совчиликка жўнатди…
Қарангки, орадан саккиз-тўққиз ойлар ўтмай, Тошпўлатнинг ҳовлисида гўдак йиғиси янгради. Бу воқеа сир бўлиб қолди. Ит ҳурар, карвон ўтар экан. Ҳаёт тўхтаб қолмас экан. Ўша тунда қўлига илонмас, арқон сиртмоғи тўғри келганида Тошпўлат аллақачон кўкариб чиққан, кимсасиз қолган ҳовлиси унинг маъракалари эвазига кимгадир баҳолаб берилиб, бирор қариндошига ўтиб кетар, ота-онасидан ёдгор бўлган маконда бошқалар тирикчилик қилиб юрган бўларди.
Тошпўлатнинг бирор жониворсиз қолган ҳайҳотдек молхонаси яна молу қўйларга тўлди. Боласи бир ёшга тўлганида суннат тўйини ўтказиб, кўнглида армон бўлиб юргани – халқига ош тортди. Вояга етганида тўй-тантаналар билан ёлғизгина боласини уйлантириб қўйди. Ҳаёт чархпалаги айланиб, йил кетидан йиллар ўтди. Энди Тошпўлат саккиз нафар невараларининг меҳрибон бобосига айланди. Тўй-томошаси учун боқаётган сўқимларга қараётган маҳаллари молхона шифтидами, девори ёқлабми ўрмалаб кетаётган қора илонни кўриб ё илғаб қолганида, ўз халоскорини учратгандай мамнун жилмайиб қўярди!.. Бу жилмайиш, бу қувонч саксон икки яшар чолга куч-қувват ато этиб турарди.
Анорқул Рустамов.