Форум Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси томонидан, Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси, Бухоро ва Самарқанд вилояти ҳокимияти ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Тадбирдан кўзланган мақсад Зиёрат туризмини ривожлантиришда, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, бу соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, Ўзбекистонни дунёдаги энг катта зиёратчилик туризми марказларидан бири сифатида эътироф этиш ва ҳалол жаҳон стандартларини жорий қилишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ушбу форумда маҳаллий ва хорижий олимлар, диншунослар, туризм соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Тадбирнинг биринчи кунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжуманибўлиб ўтади. Меҳмонлар ва форум иштирокчилари учун Бухоро зиёратгоҳлари, Пешку туманидаги Ибн Сино музейи ва буюк олим таваллуд топган машҳур Афшона қишлоғига саёҳат сафарлари режалаштирилган.
Форумнинг иккинчи куни Бухоро вилояти ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Олий руҳоний Усмон Алимов ва туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Қосимхўжаев иштирокида бўлиб ўтадиган тадбирнинг очилиш маросими бўлади. Шунингдек, мамлакатимиз туризм салоҳиятини ошириш ва ислом маданияти ва цивилизациясини ривожлантиришда Ўзбекистоннинг маданий-тарихий марказларининг роли тўғрисидаги декларацияни имзолаш бўйича хорижий экспертлар иштирокида учта йиғилиш режалаштирилган.
Учрашувлар натижасида чет эллик шериклар билан инвестиция келишуви имзоланиши кутилмоқда.
Форумнинг сўнгги куни тадбир иштирокчилари Самарқанднинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюрадилар.