Кеча, 25 октябрь куни Сербия мезбонлик қилаётган бокс бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатига старт берилган эди.
Маълум қилинишича, Ушбу жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилиш учун терма жамоамиз ҳам тўлиқ таркиб билан қатнашмоқда.
24 октябрда жаҳон чемпионатининг очилишида қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимига жаҳон бокси оламидаги юлдузлар, ҳусусан, Олимпиада чемпиони ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов ҳам АИБА томонидан меҳмон сифатида таклиф этилди.
Боксчиларимиз жаҳон чемпионатини ғалаба билан бошлашди.
Кеча мусобақанинг илк кунида -67 кг вазн тоифасида Асадхўжа Мўйдинхўжаев ўз жангини ўтказди. У ҳамюртларимиз орасида биринчи бўлиб баҳсга киришди ва дастлабки беллашувни муваффақиятли ўтказди.
Ирландиялик Брендан Маккивига қарши рингга кўтарилган фарғоналик боксчимиз жанг давомида тўлиқ устунлигини намойиш этди. Якунда бу ҳакамларнинг қарорида ҳам акс этиб, Мўйдинхўжаевнинг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси эълон қилинди. Ҳамюртимиз кейинги босқичда фаластинлик Харарага қарши баҳс олиб боради.