Хитойнинг “XPeng” компанияси айни вақтда кўплаб инсонлар орзу қиладиган машинани намойиш қилди. Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу автомашинани ҳайдаш билан бир қаторда унда учиш ҳам мумкин, дея хабар бермоқда Zamon.
Қайд этилишича, мазкур техник машина “HT Aero” деб номланган. Визуал жиҳатдан компаниянинг “XPeng P7”сига ўхшайди. У учта эшик, иккита ўриндиқ, электромотор ва учиш учун иккита парракка эга. Автомобиль автопилот тизими билан жиҳозланган бўлиб, бу йўллар ва ҳаводаги бошқарувга ёрдам беради.
Корпорация вакилларининг сўзларига кўра, “HT Aero” паст баландликдаги парвозлар учун мўлжалланган. Рулдан ташқари салонда ҳавода ҳаракатланиш учун жойстикка ўхшаш бошқарув тугмаси мавжуд.
Тақдим этилган автомобиль узунлиги 5,5 метрдан иборат. Унинг “XPeng P7” моделидан фарқи, ундан 50 фоизга енгилроқ кузовга эгалигидир.
Ҳавога кўтарилган “HT Aero” соатига 130 километргача ҳаракатланиши мумкин. Парвоз вақти эса 30 дақиқа. Тўғри, бу ҳозирча жуда кам муддат.
Маълумотга кўра, “XPeng” компанияси 2024 йилгача мазкур гибрид қурилмани оммавий ишлаб чиқаришни мақсад қилган.
Янги машина тахминан 11 миллион рублга баҳоланмоқда.