Бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги барча динлар эзгулик ғояларига асосланади, ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу амалларни тарғиб қилади. Инсонларни поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.
Ўзбекистонда турли миллат вакиллари ўз эътиқоди, маданияти, тили ва қадриятларини сақлаган ҳолда бирга аҳил яшашади. Ҳар бир миллатнинг ўз миллий рамзлари, қадриятлари бор. Атлас, адрас, кимхоб, дўппилар миллатдошларимиз эгнига қанчалик кўрк бўлса, палов, кўк сомсаю, кўк чучваралар дастурхонимизга шунчалик зеб бўлади. Республикамизда яшаётган, заминимизда туғилиб-ўсган ва уни ўз ватани деб биладиган турли миллат вакилларининг ҳам ўзига хос гўзал либослари, урф-одатлари ва миллий таомлари бор.
Айни пайтда умумий ўрта таълим мактабларида «Бағрикенглик ҳафталиги» доирасида ўтказилаётган тадбирларда ўқувчиларга ана шундай миллий қадрият ва анъаналаримиз ҳақида кенгроқ тушунчалар бериб борилмоқда.
Ана шундай бағрикенгликни тарғиб қилувчи тадбирлардан бири Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги 32-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтди. Тадбир доирасида «Миллий либослар ва миллий таомлар кўргазмаси» намойиш этилди. Мактабнинг юқори синф ўқувчилари миллий либослари билан кўргазмали чиқишлар қилишди. Ўқувчиларнинг ўз қўллари билан тайёрлаган ўзбек, турк, рус ва украин миллий таомлари намойиши эса ажойиб кўриниши ва мазаси билан тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди.
Тадбир меҳмонлари журналист Манзура Бекчанова ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Наргиза Асадовалар сўз олиб, ўқувчиларга ўзбекона бағрикенглик, кўпмиллатли халқимизга хос толерантлик тушунчалари ҳақида фикр-муносабатларини билдиришди.
Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури даврага файз бағишлади.
Фотима ШОДМОНОВА, Қуйи Чирчиқ туманидаги 32-мактаб ўқувчиси.