Икки романс (Лариса Юсупова)

Ортда қолди бари, қўйилди нуқта,

Юрак нотинч урар, гоҳ толар ўйга.

Қандай бошлар энди янги саҳифа,

Оқ қоғоз олдида ботар қайғуга.

Барин унут дея ақл урар дўқ,

Аммо ишқ дарди-ла ишғол хотира.

Бир-бир ўтар, ҳоли қолдиргиси йўқ,

Айб юклар тақдирга оёғин тираб.

Табиат лол қолган, қалб бир сўз демас,

Қайғу бу он қилар гўё тантана.

Ҳукм қилган ҳаёт муқаддимаси,

Ким топади недир, кимдир йўқотар.

Айрилиқ сўзлари айтилиб бўлган,

Танглай қақшаб қолган, тил айланмайди.

Мавзу тўхтаган ва бор ҳислар ўлган,

Биргина хотира ақлга бўсунмайди.

***

Даҳшат солиб уй ва устунлар қулар,

Қиш мени йўл узра тепиб боради.

Ҳар ким ўз қадаҳин ўзи сипқорар,

Гуноҳлар кўксимни эзиб боради.

Уй тўрига ўтиб, ичириб шароб,

Аёвсиз ўтказар савол ва жавоб…

Кеча туни билан ўтказди сўров,

Тонг синди, кун симдек таранг тортилди.

Қўлидан келганча тилди юрагим,

Сўзсиз таслим бўлдим, букилди қаддим.

Унутилган ишқдан сўраб мурувват,

Йўқсил ва борларга тиладим шафқат.

“Оқ йўл!” деб кузатдим ким йўлга чиқса,

Ачиндим бўлса ҳам митти қумурсқа.

Уйсиз кучуклар-ла бўлишдим ноним,

Бир кун… тафтишчимга юзландим.

Лек уни уйимдан топа олмадим.

Қайга кетди ўзи, изсиз йўқолди?

Ғала-ғовур кулбам тинч бўлиб қолди,

Савол берувчини изладим шу тоб,

Гуноҳнинг ўрнида ўтирар Савоб.

Манзура БАХТИЁР таржимаси

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: