Қон қуюқлашишининг табиий даволари

Катта ёшли кишиларда қон қуюқлашиши кўп кузатилади. Бу ҳолат -қон томир хасталикларига сабаб бўлиши билан ҳам хавфли.

Шифокорлар қонни суюлтирувчи дори буюрган бўлса, албатта, уларнинг кўрсатмасига амал қилиб, даво чораларини қўлланг. Қон ивувчанлиги меъёрига келгач, яна қуюқлашишининг олдини олиш мақсадида табиий усулларни ҳам қўллаш лозим.

Кўпроқ сув ичинг

Қон қуюқлашишига олиб келувчи асосий сабаблардан бири — кам сув ичиш. Унутманг, соғлом одам кунига камида 2 литр (ёзда 3 литр) сув ичиши зарур.

Эсингизда бўлсин

Қонни суюлтирувчи таблеткалар ва табиий воситаларни меъёридан кўп қабул қилиш қоннинг ҳаддан ортиқ суюлишига ва ички аъзолардан қон кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Мева-сабзавотларнинг ўрни бўлак

Табиий тарзда қонни суюлтириш учун қуйидаги маҳсулотларни таомномага киритиш тавсия этилади.

  • Ёғсиз гўштлар: мол, товуқ, курка гўшти;
  • помидор, лавлаги, бодринг;
  • денгиз карами, балиқ;
  • олма, анор, анжир, тут мевалари;
  • цитрус мевалар: лимон, киви;
  • занжабил, долчин, саримсоқпиёз, селдир, аччиқ қалампир, пиёз, ялпиз;
  • ёнғоқлар;
  • пиёз, саримсоқпиёз;
  • узум, майиз олхўри меваси ҳамда қоқиси.

Мевали чой

Эрталаб нонуштада 1 стакан қора ёки кўк чойга 1-2 паррак лимон ва 1 чой қошиқ асал солиб ичинг.

Агар лимон бўлмаса чойнакка нордон олма бўлакларини солиб дамлаш ҳам мумкин.

Минг дардга даво ўсимликлар

Ўсимликлардан қизилмия илдизида, алоэ ҳамда калонхоэ каби уй гулларида, қашқарбеда, каштан, шалфей каби ўсимликларда қонни суюлтирувчи моддалар сероб.

Қизилмия тиндирмаси

Қонни суюлтиришда қизилмия илдизининг тиббиёт спиртидаги тиндирмаси ишлатилади. Уни дорихоналардан топиш мумкин.

Ушбу тиндирмадан ярим стакан сувга 1 чой қошиқ солиниб  кунига 3 марта қабул қилинади. Муолажа давомийлиги 7–10 кун.

Алоэ ва калонхоэ

Алоэ ҳамда калонхоэ хона гулларининг барглари эзилиб, ундан тайёрланган шарбатга асал қўшилади ва кун давомида 2 марта бир чой қошиғини 1 стакан салқин ичимликка солиб ичилса қон ивишининг олдини олади. Муолажа давомийлиги – 1 ҳафта.

Занжабил ва долчинли чой

Занжабил таркибидаги гингерол қондаги зарарли холестеринни йўқотиш ҳисобига қонни суюқлаштиради. Қондаги тромбоцитларнинг ёпишқоқлигини камайтирувчи ферментлар ишлаб чиқарилишига туртки беради. Бундан ташқари, бу икки маҳсулот кукунидан қўшиб, дамланган чой томирлардаги тромбларни ҳам эритиб юбориш хусусиятига эга. Шу тариқа бу беназир табиий неъматлар инсульт ва инфарктнинг олдини олишга бевосита ёрдам беради.

Занжабилли рецепт

1 та занжабил илдизини қирғичдан ўтказиб, унинг шарбатига 1 ош қошиқ асал, бир чимдим долчин ва яримта лимон шарбати қўшилади. Бу шарбатдан эрталабки нонуштада 1 стакан чойга 1-2 қошиқ солиб ичилса қон қуюқлашиши ва тромбознинг олдини олишга ёрдам беради.

Ошқозонингиз оғриса…

Ҳаммамизга маълум, кимда ошқозон-ичак яраси бўлса, бу беморларга қонни суюлтирувчи дорилар ҳамда табиий воситаларни кўп қўллаш тавсия этилмайди. Негаки меъда-ичак ярасидан қон кетиб, анемия ривожланиши хавфи бор. Улар шифокор назоратида, фақат тўқ қоринга ва айтилган дозада қон суюлтирувчи табиий воситаларни қабул қилишлари мумкин. Ҳатто лимон, апельсин, анор каби нордон мевалар ҳам табиий бўлгани билан ошқозон шиллиқ қаватини таъсирлантириш хусусиятига эга.

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: