Илгари Решадие, бугунги кунда Бўғруделик деб аталган қишлоқ Кониядан 135 км, Жиҳанбейлидан эса 35 км узоқликда жойлашган.
Решадийларнинг насли асли бухоролик ўзбеклар ҳисобланади. Улар, ХVI асрда Ислом динини ўргатиш учун Сибирга борган инсонларнинг авлодларидир. Уларни Туркистонда ўзбек, Сибирда Сибирек ёки Бухарински, Туркияда эса татар деб аташади. Чунки улар татар тилида гаплашади. Ваҳоланки, улар ўзбеклардир.
Улар 1590-1908 йиллар оралиғида Иртиш дарёси ўтган Омск шаҳридаги Уленкул, Жарнак, Қорагўл, Ялангўл ва Куйгали қишлоқларида 400 йилдан ортиқ яшайдилар.
Бу вақт мобайнида давом этган Сибирдаги тинч ҳаёт, XVIII асрдан кейин ўзгара бошлайди. Чунки руслар; уларни диний, ижтимоий ва маданий жиҳатдан ўзгаришга мажбур қилади. 1886-йилда қабул қилинган қонунга кўра, имом ёки қози бўладиган одамлар рус тилини ўрганишлари шарт бўлади. Мусулмонларга тегишли диний таълим муассасалари ёпилади ва улар ўз динларини ўзгартиришга мажбур қилинади. Христианликни қабул қилмаганлар эса сургунга юборилади.
Бу тазйиқлар мусулмонларни янги чоралар кўришга ва бошқа жойларга кўчишга мажбур этди. Абдурашид Иброҳим кўчишга қарор қилиб, Россия ҳукумати ва Усмоний давлатига мурожаат ёзади.
Етти йиллик ҳаракатдан сўнг, Россия ҳукумати кўчишга рухсатнома беради. Бу 1907 йилнинг қишида, Сибирда совуқлар кучайган пайт эди. Туркиянинг мўътадил иқлими, мусулмон давлати, озиқ-овқат ва мевалар мўл-кўлчилиги уларни ўзига тортар эди. Бир томондан “Ўлсак турк байроғи остида, турк тупроғида ўлайлик, ўлмасак, шарафли биродарларимизнинг юзларини кўрайлик” деган фикр таъсир қилган бўлса, бошқа томондан, туғилиб ўсган юртини, қариндош-уруғ ва дўстларни ташлаб кетиш осон бўлмади.
Улар, поездда Одессагача келишиб, паромда Қора денгиз орқали Истанбулга етиб Боришади. Икки ой давом этган машаққатли хижрат натижасида бир неча юз эркак ва аёлдан иборат гуруҳ, бир муддат Истанбулда қолиб, кейин Конияга жойлашишади.
1908 йил 7 январда Румели қочқинлари билан бирга Измитдан поездга чиқишган Сибирликлар, учта алоҳида гуруҳ бўлиб Акшеҳир, Илғин ва Конияда қўним топишади. Уларнинг бир қисми Акшеҳир-Юнак туман-Мешрутиет қишлоғига, бир қисми эса Акшеҳир-Бўғруделик яйловидаги давлат томонидан қурилган уйларга жойлаштирилган. Қишки тайёргарлик етарли бўлмагани учун улар ўзлари кўникмаган янги шароитга қийинчилик билан кўникишади.
Ўша пайтда Решадие номи билан аталган Жиҳанбейли туманидаги бу ерларни чорвачилик ва деҳқончилик учун қулайлиги ва суви мўл бўлгани учун афзал кўрадилар. Қишлоқ, 1910 йилда Султон Решад даврида қуриб битказилганлиги туфайли унинг номи ўша даврда Решадие деб қайд этилади.
Бўғруделик халқи муҳожир бўлганлиги учун ҳарбий хизматга масъул бўлмаса ҳам, ҳукумат улардан аскар олмаган бўлсада, Бўғруделикдан ўттизга яқин киши ўз ихтиёри билан урушга кетади ва уларнинг кўпчилиги шаҳид бўлади. Ўша даврларда Решадие аҳолиси, етим ва фахрийларга берилган нафақаларни олмасдан давлат хазинасига қайтариб берган.
Абдурашид Иброҳим 1925-1933 йиллар оралиғида қишлоқда яшаб, кўплаб одамларга илм ўргатган. Меҳмет Ҳаким Ўғуз унинг биринчи ва энг яқин шогирдларидан бири ҳисобланади.
Абдурашид Иброҳимнинг ўша даврга оид қўлёзма ёзувлари ва хатлари ҳали ҳам сақланиб қолган. Бош вазир Аднан Мендереснинг учувчиси Мунир Ўзбек ҳам шу қишлоқдан чиққан.
Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади
Ўхшаш хабарлар
-
“ШАРҚ РЕНЕССАНСИ ФЕНОМЕНИ: САЛТАНАТЛАР, ДИНЛАР, ШАХСЛАР ВА ТАМАДДУНЛАР”
-
Туркиянинг спелеотуризм имкониятлари
-
Yevroosiyo Tog’ Kurortlari Ittifoqi o’z safini kengaytirmoqda
-
Turkiyaning noqonuniy migratsiya va yuzaga kelishi mumkin bo’lgan gumanitar fojeaga qarshi kurashi
-
Фарғона — Баткен: икки вилоят ўртасида туризм қандай ривожланмоқда?