Баҳорда қуёш ва шамол таъсирида юзингиз қуриб, тошмалар кўпаядими? Бу кўпчиликда учрайдиган муаммо…
Ҳар бир инсон ҳаётида бир марта бўлса ҳам тери қуриши, юз тортишиши каби муаммо билан тўқнашади. Хўш, бундай ҳолатда нима қилиш керак? Биласизми, тери муаммолардан халос бўлишда гап фақатгина парваришда эмас.
Тери қизариши ва қуришининг сабаблари жуда кўп. Одатда тери юзасидан кунига бир неча миллиондан ошиқ кератиноцитлар қипиқланиб тушиб туради. Бу физиологик жараён бўлиб, бунда биз ҳеч қандай нохушликни ҳис қилмаймиз.
Бироқ тери қипиқланиши доимий тус олса ва эстетик ноқулайликка сабаб бўлсачи. Бунда терига иқлимга мослашишда ва ҳимоя қаватини тиклаб олишида кўмаклашиш керак. Лекин аввало муаммонинг сабабини аниқлаш зарур.
Юздаги оғриқ, қичишиш ва ачишиш тери қуриши аломатларига киради. Бунда намлантирувчи воситалар ёрдам бермайди.
Олдини олиш
Йилига бир марта организмдаги витамин ва микроэлементлар даражасини текширтириш.
Сурункали касалликларга тахмин бўлса, ўз вақтида даволаниш.
Уй шароитида тери парвариши учун ишлатиладиган воситаларнинг (ёғли, қуруқ ва аралаш) терига мосини танлаш.
Пардоз воситаларининг терига ножўя таъсир қилмайдиганидан фойдаланиш.
Даволаш
Бундай муаммода ҳар ким ўз-ўзига турли крем ва дориларни тавсия қилиши яхшиликка олиб келмайди. Бунда таъсирчан терини янада зўриқтириб баттар қилиш мумкин.
Юздаги муаммоларни бартараф этишда махсус терини қайта тикловчи терапия қўлланилади. Жумладан юмшатувчи, намлантирувчи, антиоксидант хусусиятга эга маҳсулотлардан тайёрланган крем ва ниқоблар ёрдам беради. Улар тери эпидермис қаватини мустаҳкамлаб, ташқи таъсирлардан ҳимояланиш хусусиятини оширади, шу тариқа тери қипиқланишдан халос бўлиш мумкин.
Эътиборсиз қолдирилса …
Сувсизланиш. Агар юздаги қуруқлик ўз вақтида даволанмас тери ҳолати ёмонлашиши, даволаш узоқ чўзилиши, ажинлар кўпайиши ва тери рангсизланиши хавфи мавжуд.
Ҳуснбузар. Юз териси қипиқланиши эътибрсиз қолдирилса, теридаги тешикчаларга ёғ кириши натижасида улар беркилиб, ҳуснбузар ва тошмалар пайдо бўлиши мумкин.
Ўта таъсирчанлик. Шунингдек атроф-муҳтга таъсирчанлик ортиши натижасида терида қичишиш ва қизаришлар сурункали тус олади.
Қуруқлик ва қипиқланиш сабаблари
Нотўғри парвариш. Юз терисини тозаловчи скраблар ва пилинглар ҳаддан ортиқ қўллаш тери юза қаватининг шикастланишига орлиб келади. Бунинг оқибатида тери эпидермис қаватидаги ҳимоячи липидлар ювилиб кетиши боис ўта таъсирчанлик хусусияти авж олиши мумкин.
Бундан ташқари, биз аксарият ҳолларда теримизнинг ёғлилик даражасини ҳисобга олмасдан ҳар хил муолажаларни қўллаймиз. Ёки мутахассис шифокорнинг эмас, дугонамизнинг маслаҳатига, турли рекламалардаги тавсияларга амал қиламиз. Унутманг, бир кишига ижобий таъсир қилган ниқоб ёки косметика воситаси бошқа бир инсонга зиён келтириш мумкин.
Масалан, таркибида ретинол бўлган кремлар ҳаммага ҳам тўғри келмайди. Уларни терингизга мос келадими ёки йўқми, уни қандай қўллаш керак, буларни билмасдан сотиб олсангиз, улардан фойдаланиш сизга қимматга тушиши мумкин. Шунингдек таркибида кўп миқдорда А витамини бўлган кремлардан ҳам эҳтиёт бўлган маъқул. Уларни ҳуснбузарни кеткизади, ажинларни силлиқлайди деб кўпчилик мақтайди. Аммо улардаги айрим бирикмалар дерматитга олиб келишини ҳамма билмайди.
Яна бир хато – тери ёғлилига мос келмайдиган косметик воситаларни бетартиб қўллаш. Юзнинг эпидермис қаватида муаммо бўлса дерматологга мурожаат қилиш керак. Фақат мутахассис сизнинг юзингизга мос кремни тавсия қилиши мумкин.
Антибиотикларнинг салбий таъсири. Баъзилар ҳуснбузарга қарши антиқбиотиклар билан даволанишади. Бундай дори-воситаларининг терида қипиқланиш ва қизариш каби ножўя таъсирлари бўлиши мумкин. Шу билан бирга антибиотиклар ичаклардаги микрофлоранинг бузилишига олиб келади. Бу ҳолат терининг таъсирчанлиги ошишига, қуришига ва рангсизланишига сабаб бўлади.
Шамол ва қуёшнинг ультрабинафша нурлари ҳам терига салбий таъсир кўрсатади. Негаки бунда тери юза қаватидаги кератиноцидлар (юзнинг силлиқ ва ёш кўринишини таъминловчи модда) фаолияти издан чиқади. Олдини олиш учун етарли намлантириш ва парвариш талаб этилади ҳамда кўчага чиққанда юзни ташқи таъсирлардан асровчи SPF креми лозим.
Аллергия. Айримларда қандайдир озиқ-овқатлардан ёки дорилардан аллергия бўлса, бу терида акс этади. Бунинг натижасида атопик дерматит пайдо бўлиши мумкин. Бунда кишини юздаги қичишиш, қизариш, қипиқланиш кабилар безовта қилади. Аввало аллергия сабабини топиш ва уни истеъмол қилишни тўхтатиш булардан халос бўлишга ёрдам беради. Шунингдек шифокор тавсиясига кўра антигистамин дори-воситаларни қабул қилиш мумкин.
Моддалар алмашинуви бузилиши. Асосан қалқонсимон без касалликларидаги гормонал бузилишлар терининг ўта таъсирчанлигига сабаб бўлади. Бунда ҳам терининг юза қаватида модда алмашинуви издан чиқиб, ҳар хил тошма ва узоқ битмайдиган яралар пайдо бўлиши мумкин. Айни ҳолатда эндокринолог ва гинеколог маслаҳати керак бўлади.
Витамин етишмаслиги. А ва В витаминлари етишмаслиги натижасида юз териси ўта қуруқлашиб, себорея дерматити юзага келади. Рух етишмовчилиги ҳам теридаги мувозанатни бузади. Тери қуриши унда инфекциялар ривожланишига йўл очади. Натижада ўчоқли қипиқланиш манбалари пайдо бўлади. Бунда дерматолог ҳамда мутахассис миколог ёрдамисиз даволаниш амримаҳол.
Псориаз. Мазкур тери хасталиги ҳам қизариш ва майда қипиқланиш билан бошланади. Бу ҳолатда ҳам дерматолог шифокорга мурожаат қилиб, зудлик билан зарур таҳлилларни топшириш керак. Теридаги псориаз аломатлари оддий витамин етишмовчилиги, аллергия ёки табиий таъсиротлар натижасидаги қипиқланишдан фарқ қилади. бу узоқ давом этувчи, бот-бот қўзиб турувчи ҳолат бўлиб, уни фақат шифокор даволайди. Махсус терапия ва парҳезни ҳам шифокор белгилайди.
Гулшан тайёрлади