Фарғона шаҳридаги «KOICA» ўқув маркази Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Park Sunjin — Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган. Унинг қурилишига Корея ҳукумати 85 миллион доллар беғараз грант маблағлари ажратган. Бир йилда 500 нафар фуқарони ўқитиш қувватига эга. Узоқдан келган ўқувчилар учун 100 ўринлик ётоқхона мавжуд.
Бу марказда автомобилсозлик, ахборот технологиялари, электрик, электроника соҳаси, дастурлаш асослари, компьютерларни таъмирлаш, тикувчилик, касметология, сартарошлик каби касб-ҳунарларга ўқитилади. Марказда ўқиш даври 6 ой. Сўнг 2 ой амалиётга чиқилади. Ҳозирда 15 нафар кореялик мутахассислар келиб, марказ ўқитувчиларини ўқитмоқда.
“KOICA” ўқув маркази Фарғонанинг “Янги сой” маҳалласида жойлашган. Аммо бу ерга нафақат маҳалла аҳолиси, шунингдек қўшни туманлардан ҳам келиб, ўқишади.
Марказ раҳбари в.б. Нурматжон Комиловнинг таъкидлашича, айни кунда 260 нафар фуқаро турли хил касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Аҳолини ўқитишга жалб этишда эса ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорлик яхши самара бермоқда.
“KOICA” касб-ҳунарга ўқитиш марказида ишсиз фуқаролар бандлик марказининг йўлланмаси билан бепул ўқитилади. Шунингдек ишлаб чиқариш корхоналарининг ишчилари буюртма асосида пуллик тарзда ўқитиб берилади. Икки ой амалиёт давомида курс битирувчилари маош билан таъминланади.
Бу ерда асосан йигитларга мос йўналишлар кўп экан. Автомобилсозлик йўналиши дарс жараёнларини кузатдик. Ўқитувчи ва усталар турли техникалар, атомобиль қисмлари ва бошқа кўргазмали қуроллар ёрдамида дарс олиб боришмоқда. Бу йигитлар кореядаги автомобиль заводида ишлашни ният қилишган ва марказга машина техника борасидаги билимларни ошириш ва корейс тилини ўрганиш мақсадида келишганини айтишди.
– Марказимизда вилоятнинг турли туманларидан келган ўқувчилар таълим олади. Бу ерда имкониятлар жуда кенг. Ётоқхонада ҳамма шароитлар етарли, ошхонамизда нархлар арзон, – дейди Тикувчилик ва косметология йўналиши раҳбари Зарифахон Сулаймонова. – Касб ўрганиш мақсадида соғлом қизлар билан бирга имконияти чекланган ўқувчилар ҳам келишади. Ҳозирда Фарғонадаги карлар жамиятидан келган 17 нафар қиз ўқияпти. Уларга амалий билимларни сурдотаржимон ёрдамида ўргатамиз.
Имконияти чекланган қизлар назарий дарслардан озод этилади, фақат 2 ой амалиётни, яъни тикиш ва бичишни ўрганишади. Бу қизларимиз асосан тикувчиликни ўрганишга қизиқишади.
Карлар жамияти томонидан ажратилган сурдотаржимон ёрдамида имконияти чекланган тикувчи қизлар билан суҳбатлашдик. Улар тикувчилик касб сирларини ўрганиб, келгусида зўр тикувчи бўлиш орзусида эканлигини айтишди.
Манзура БЕКЖОНОВА, Фарғона-Тошкент
Фото Манзура Бекжонова.