Туризм энг даромадли соҳалардан бири, мамлакат иқтисодиётининг муҳим бўғинидир. Соҳани ривожлантиришда тараққий топган сайёҳлик инфратизимига эга мамлакатлар билан ҳамкорликда иш юритиш туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Бухорода ўтган биринчи зиёратчилар халқаро форуми доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, бунда хорижий тажрибаларга таяниб, янги хизмат ва маҳсулотларни шакллантиришга бағишланган мулоқот бўлиб ўтди. Унда Сингапурнинг «TriWays Travel and Tour» компанияси бош менежери Аҳмад Ҳамид модераторлик қилди. Тадбирда Индонезиянинг “Истиқлол” музейи директори Мухлис Ханафий “Индонезияда Ислом илми ривожида ўзбекистонлик алломаларнинг роли” ва Cингапур “Crescent Rating” компанияси бош менежери Фазал Бахардин “Мусулмон сайёҳлар учун халқаро рейтинг ва унинг мамлакат нуфузини оширишдаги ўрни” мавзусида маъруза қилишди. Шунингдек, Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисининг маданият ва таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси Жесим Челебининг “Туризмнинг маданий меросга таъсири”, Халқаро Ислом академияси бўлим бошлиғи Илҳом Бердиёровнинг “Ўзбекистон буюк ўтмишдан ёрқин келажак сари” деб номланган маърузалари тингланди.
Маърузачиларнинг чиқишидан кейин савол-жавобларга ўтилди, сўз олганлар қатнашчиларни қизиқтирган масалалар бўйича батафсил маълумот беришди.
Халқаро форум доирасидаги сессиялар сўнгида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги «Миллий PR маркази» ДУКнинг «МАТТА» уюшмаси (Малайзия), «Global Muslim Traveller Index» доирасидаги “Crsent Rating” компанияси (Сингапур), Жакарта тарғибот фонди (Индонезия) билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Бундан кутилган мақсад ҳар икки томон мамлакатларининг сайёҳлик компанияларини қўллаб-қувватлаш, туризм йўналишида фаолият ва инвестиция алоқаларини кенгайтиришга қаратилган.
Малайзия миллий ислом кенгаши 1968 йилда ташкил топган. Бу давлат органининг асосий мақсади мамлакат ҳудудида исломий таълимни ривожлантириш, диний ҳуқуқ ва меъёрларни мувофиқлаштиришдан иборат.
Малайзия сайёҳлик компаниялари ва туроператорлари ассоциацияси (МАТТА-рус, МСКТА-ўзб, раҳбари – Мохд Акил бин Мохд Юсуф) 1975 йилда ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилот. Ўзига 3100 туристик компания ва агентликларни бирлаштиради. Малайзиянинг барча штатларида бу ташкилотнинг бўлимлари мавжуд. МСКТА қошида 1996 йилда ташкил қилинган, сайёҳлик мактаби фаолият олиб боради. Ушбу ташкилот Малайзиянинг барча ҳудудларида сайёҳлик кўргазмаларини ташкил қилади. Улардан энг аҳамиятлиси март ва сентябрь ойларида бўлиб ўтадиган «МАТТА FAIR» савдо-кўргазмаси ҳисобланади. Бу кўргазма «B2C» (Business to Customer) форматида иш олиб боради.
«МАТТА FAIR» халқаро ярмаркасида Индонезия, Иордания, Хитой, Корея, Япония, Янги Зеландия, Туркия, Ҳиндистон, Австралия каби давлатлар ҳамда Малайзиянинг 1200 дан зиёд сайёҳлик компаниялари, 50 дан ортиқ меҳмонхона ва курорт бизнеси вакиллари иштирок этади. Анжуманда ҳар йили 100 мингдан ортиқ меҳмонлар қатнашади.
Малайзиянинг ислом сайёҳлик маркази (МИСМ-ўзб, раҳбари) 2009 йилда ташкил топган. Асосий мақсади мамлакатда сайёҳлик индустриясини турғун ривожлантиришга ҳисса қўшиш, сайёҳлик йўналишида халқаро илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда турли лойиҳаларни амалиётга татбиқ қилиш, Малайзиянинг техник ҳамкорлик дастури доирасида ўқув курсларини ташкиллаштириш, ҳудудларда ислом туризми, мусулмонларга оид сайёҳлик йўналишлари бўйича семинарлар ўтказишга қаратилган.
«Global Muslim Traveller Index» доирасидаги “Crsent Rating” компанияси (Сингапур), ҳамда Жакарта тарғибот фонди (Индонезия) ҳам туризм соҳаси равнақи ва тарғиботига катта ҳисса қўшиб келаётган ташкилотлардан ҳисобланади.