Йод эритмаси ҳар бир хонадоннинг дори қутисида топилади. Бу восита асосан теридаги кичик жароҳатларни зарарсизлантиришда ишлатилади. Айрим ҳолларда уйда бошқа дори-дармонлар бўлмаганда бир қатор нохушликларда йоддан унумли фойдаланиш мумкин. Қуйида йоднинг аксарият одамларга номаълум шифобахш хусусиятларига тўхталиб ўтамиз.
Йодли сетканинг фойдаси
Терига йодли катаклар чизишнинг асосий самараси, у биринчидан, тери орқали кириб бориб, қон айланиш тизими ёрдамида танага тақсимланади. Шу тариқа микробларга қирон келтиради. Сетка кўринишида терига чизилган ўзига хос нақш микроблар орасидаги ўзаро боғлиқликни издан чиқаради, натижада инфекциялар оммавий тарзда нобуд бўлади ва касаллик ривожланишига чек қўйилади.
Бундан ташқари, йодли сетка суртилган соҳада капилляр қон томирлари кенгаяди ва қон айланиши яхшиланиб, моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўсатади. Йод қон оқишини фаоллаштиради ва яллиғланиш авж олаётган жойда қон туриб қолишига йўл қўймайди.
Терига чизилган йодли сетка аъзоларни қамраб олувчи юқори нафас йўллари хасталикларида, бронхит, ларингит, трахеит, ангинада, шикастланиш, пай чўзилиши, мушак, бўғим ва пай яллиғланишида, ҳатто артрит, артроз ва радикулитда ҳам самарали ёрдам беради.
Танангизда йод етарлими?
Агар сизда йод миқдори меъёрида ёки паст эканлигини билмоқчи бўлсангиз, сонингизнинг ички соҳасига йодли сетка чизинг. Уч соатдан кейин бу чизиқлар ўчиб кетса, тезда шифокорга учрашинг ва таҳлиллар топшириб кўринг.
Мабодо 5-6 соат ўтгандан кейин ҳам сетканинг йўллари турган бўлса, сизда йод етишмовчилиги даражаси унча катта эмас.
Қуруқ йўталда
Бунда кўкрак соҳасига чизилган йодли сетка яхши фойда бериши мумкин. Айниқса касаллик бошида чизилса, унинг самараси тезроқ сезилади. Йод қон айланишини кучайтиради, қиздириб балғам кўчишини осонлаштиради. Бу ҳолатда йод сеткаси юрак соҳасини четлаб ўтиб, ўпка ва бронхлар устига чизилади. Шунингдек, орқа қовурғангиз устига (умуртқага эмас) ҳам ўпкалар устига йодли панжара ясанг.
Ангинада
Бундай вазиятда сеткани бўйинга суртиш яхши самара беради. Албатта, бунда ҳам тери таъсирчанлигини синаб кўриш керак. Муолажани кунига 2 марта, эрталаб ва кечқурун амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бунинг натижасида азиятли соҳада қон айланиши яхшиланиб, патоген микрофлора фаоллигига чек қўйилади.
Тумовда
Агар касаллик бошланишида унинг “қўл-оёғини боғлашга” эришсангиз, бурун битиши каби ёқимсиз асоратдан қутуласиз. Бунда буруннинг икки ён томонига ва тепа қисмига бир неча йодли кўндаланг чизиқчалар тортилади. Қўшимча равишда иккала оёқ орқаси, тиззадан бироз пастроғи, болдирнинг мушакли қисмигача ва оёқ остига ҳам сетка қилинади. Бу ерда бурун фаолиятига таъсир қилувчи нуқталар жойлашган. Бунда йоднинг қиздирувчи таъсири бурундаги шишларни камайтиришга ёрдам беради.
Лат еган жойга муз босинг
Юмшоқ тўқималарнинг чўзилиши, лат ейиши кундалик ҳаётда ҳаммада учраб туради. Бундай вазиятларда яллиғланиш ва оғриққа барҳам берувчи қимматбаҳо суртмалардан фойдаланиш ҳам мумкин. Аммо йодли сетка ёрдамига таянсангиз иш осон ва арзон кўчади. Лекин йодли сеткани шикаст етган жойга 24 соат ўтгандан сўнг чизиш керак. Чунки лат егандан кейин шиш пайдо бўлади ва йод унинг сўрилиб кетишига ҳалал беради. Енгиллик бўлсин десангиз, шикастлангандан жойга муз қўйинг. Эртаси куни эса йодли сетка чизаверинг.
Болалар учун қўлласа бўладими?
Одатда айрим ота-оналар болаларда шамоллашнинг илк белгилари пайдо бўлиши билан йодли сетка қилишади. Бу муолажа улар учун безарар, деб ўйлашади. Аммо болада қайси соҳага сетка қилинса ҳам, шифокор билан маслаҳатлашиш зарур. Икки ёшгача бўлган болалар терисига йодли сетка умуман чизиш мумкин эмас. Ундан каттароқ болаларда эса тана ҳарорати бироз баланд бўлса ҳам сетка қилиш тавсия этилмайди. 5 ёшгача бўлган болаларда, яхшиси йоднинг 2,5 фоизли эритмасини қўллаш зарур. Чунки кичикларда тери катталарга қараганда нафис бўлади.
Ҳомиладорликда қўллаш мумкинми?
Йод моддасида ножўя таъсирлар ва чекловчи кўрсатмалар кам. Шунингдек, у йўтални босувчи бошқа дори-малҳамлар каби кучли салбий таъсирга эга эмас. Шунинг учун ҳомиладорликда ҳам йодли сеткадан фойдаланиш мумкин. Шундай бўлса-да, бу муолажани кўп ўтказиш маъқул эмас, саволлар бўлса шифокор билан маслаҳатлашиш зарар қилмайди.
Йоддан фойдаланиш тартиблари
- Йодли сетка қилиш учун 5 фоизли йод эритмасидан фойдаланинг.
- Агар тана ҳарорати 38 даража ва ундан юқори бўлса, йодли сетка мумкин эмас.
- Терига йод суртишдан олдин оддийгина тест ўтказиб кўринг. Яъни, пахта ўралган чўпчага йод шимдириб, билагингизга чизиқ чизиб, натижасини 15-20 дақиқа кутинг. Билак терисида ачишиш, қичишиш ва қизариш пайдо бўлмаса, бемалол йодли сетка қилиш мумкин.
- Йодли сетка асосан кечқурун ухлашдан олдин, қуруқ терига суртилади.
- Сетка 1х1 сантиметр квадратсимон чизиқлардан иборат бўлади. Ҳеч қачон терини бир текис бўяб ташламанг! Бунда тери куйиб қолиши мумкин.
- Йодли муолажа ҳафтасига 3 мартадан ошмаслиги керак
- Ҳеч қачон юрак соҳасига катакчалар чизманг! Бу хавфли.
Гулшан тайёрлади.