Шаҳрисабз миллий либослар фестивалига ҳозирлик кўрмоқда

21-22  март кунлари Шаҳрисабзда II Миллий либослар халқаро фестивали бўлиб ўтади. Унда республикамизда ва чет элларда самарали ижод қилаётган дизайнерлар, модельерлар ҳамда қўли гул ҳунармандлар иштирок этади.

–Ўтган йилги илк Миллий либослар халқаро фестивалида чет эллик машҳур дизайнерлар фақат эксперт сифатида иштирок этган эди, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Олимжонов. – Бу йилги фестивалнинг афзаллиги шундаки, бу йил бир қатор давлатлардан келган дизайнер ва модельерлар катта саҳнада ўз коллекциялари билан қатнашадилар. Улар орасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Италиядан ташриф этувчилар ҳам бор.

Сизга бир сирни айтмоқчиман, фестивалга махсус меҳмон сифатида Туркияда бўлиб ўтган Халқаро этно-либослар фестивалининг Гран При соҳибаси Айнур Майдановани ҳам таклиф қилганмиз. У Шаҳрисабзнинг зарҳал подиумига янгича урфда бетакрор чирой касб этган қозоқ миллий либосларини олиб чиқади.

Фестиваль доирасида фольклор-этнографик гуруҳлари томошабинларга ўз концерт дастурларини тақдим қилади. Тантанали намойишлар якунида энг яхши тўпламларни ҳавола этган иштирокчилар орасидан ғолиблар сараланиб тақдирланади.

Фестиваль очилишига яқин шаҳардаги Амир Темур хиёбони ва “Оқ сарой” мажмуаси хиёбони миллий безаклар билан безатилади. Бу ҳудудда юртимиз вилоятларининг ўзига хос миллий либослари, урф-одатлари ҳамда ноз-неъматларини намойиш қилувчи кичик павильонлар ташкил этилади.

Фестиваль доирасида Шаҳрисабзда “Кураш сайли”, турли ҳунармандчилик кўргазмалари, танлов ва ярмаркалар, мастер класслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш акциялари ўтказилади.

Тайёргарлик ишлари қизғин

Айни кунларда шаҳарнинг қадимий архитектура ёдгорликлари жойлашган қисмида фестиваль олдидан қизғин тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Масъул раҳбарлар жараённи назорат қилиш билан чекланиб қолмасдан, Шаҳрисабзни сайёҳлик брендига айлантириш учун астойдил жон куйдиришяпти.

Амир Темурга бешик бўлган азим шаҳарни фестиваллар марказига айлантириш ғоясини илгари суришдан асосий мақсад аслида унинг туристик мақомини юксалтиришга қаратилган эди. Қисқа вақт ичида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида шаҳарда кўплаб мақсадли объектлар, туристик иншоотлар қад кўтарди, ноанъанавий меҳмонхоналар ташкил этилди, сайёҳларга хизмат кўрсатиш, ахборот ва хавфсизлик хизматлари жорий қилинди.

Бугунги кунда бир қатор чет эллик сармоядорлар икки томонлама фойдали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга бел боғлашган. Уларга лойиҳалар устида ишлаш учун барча шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратиб берилмоқда.

Манзура БЕКЖОНОВА.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: