Дунёни маърифат қутқаради

Дунёда ахборот Ер юзидаги 8 миллиард аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳам кўп. Турли маълумотларни ҳар дақиқада, ҳар сонияда қабул қиламиз. Баъзан таҳлил қилиб, баъзан эса, шунчаки бир ямлаб ютган ҳолда. Аммо исталган ахборотни қанча миқдорда эмас, балки қандай истеъмол қилиш ҳам муҳим. Акс ҳолда, фойдадан кўра зиёни кўпроқ бўлади.

Ҳис-туйғулар инсонни бошқаради. Шубҳаланяпсизми? Лекин бу фикрни буткул инкор этишга ҳам асос йўқ. Таъм билишни олайлик. Бола нега ширинликларни хуш кўради? Сабаби ширин таъмга одатланган. Ахир, она сути ширали-ку. Бир вақтлар ундан ҳузурланганмиз. Шу боис ҳаёт давомида худди шундай (ёки шунга яқинроқ) лаззатни топишга ва туйишга бот-бот интиламиз.

Энди барчамизни ўз ичига ғарқ этгулик даражада кенгайиб кетган глобал медиа макон ҳақида гаплашсак.

Ҳозирги ахборот оламимиз тубсиз ва сарҳадсиз океанга ўхшайди. Унда қанча иллат, ғурбат, бидъат, ёлғон ва туҳматлар сузиб юрибди. Бироқ барчасини кўриб илғашга, мағзини чақиб, асл моҳиятини тушуниб етишга ожизмиз. Бундай ожизлик нафақат алоҳида бир шахслар ёки гуруҳлар, балки бутун бошли жамиятларга ҳам хос бўлиб бормоқда.

Очиғи, юртимиз ёшларининг ахборотга муносабати ва ундан фойдаланиш маданияти, ҳаётий эътиқоди, қарашларию қадриятларини тафаккур чиғириғидан ўтказиб кўрилса, бугун биз  ҳам ожиз жамиятга айланаётгандек тасаввур уйғонади кишида. Балки, аслида ҳам шундайдир…

Келинг, даставвал ҳар бир шахс ички конституциясининг ўзагини ташкил қилувчи ҳаётий эътиқод масаласига тўхталайлик. Эътиқод ва қадрият аслида эгиз тушунчалар. Иккиси ҳам болаликдан шаклланади ва умр бўйи инсонга ҳамроҳлик қилади. Уларнинг бош манбаи эса, оиладаги тарбиядир.

Лекин тарбия ўз-ўзидан пайдо бўлиб, ўз ҳолича кечадиган жараён эмас. Унга пухта тайёргарлик кўриш керак. Бунда ота-она, аввало, миллатнинг маънавий ориентирларига мурожаат қилади (ҳар ҳолда, шундай бўлмоғи дуруст демоқчимиз).

Ўзбек халқи учун илму маърифат ҳамиша ва ҳар вақт энг муҳим маънавий ориентир бўлиб келган. Европа ҳали мудраб ётган замонларда оламшумул кашфиётлари билан бутун дунёни уйғота олган, фалакиётдан тортиб тиббиётгача, ҳуқуқ ва география, ҳатто ҳозир мислсиз даражада ривожланган ахборот технологиялари соҳасининг тамал тошини қўйган ўнлаб буюк аждодларимиз болаликдан илму маърифатга интилгани, билим олишни юксак, яна бир бор қайтарамиз, юксак (!) қадрият деб ҳисоблагани учунгина даҳо бўлиб етишди. Орадан неча аср ўтиб ҳам уларга бўлган ҳурмат-эътироф заррача камайгани йўқ.

Ота-боболаримиздан қолган бебаҳо илмий мерос ҳали-ҳануз инсониятни ўйлашга, таҳлил қилишга, янгиликлар яратишга ундаб келмоқда. Ушбу хазинанинг дуру марваридларини кўз қорачиғидек авайлаб, тафаккурига жо айлаган жамиятлар бундан фақат ютмоқда. Ахир, илмий салоҳияти юксак мамлакатлар енгилмасдир. Уларни на таслим қилиш, на қўлда қўғирчоқ қилиб ўйнатиш мумкин.

Данғиллама уйларда китоб борми?!

Хўш, ўтмиши буюк халқ бўлатуриб нега бугун биз, дунё тан олган Хоразмий ва ибн Сино авлодлари илм-фанда орқада қолдик? Нега интернетда ғийбатлашиш, бўлмағур пост ва хабарларни ўқиб, уларга муносабат билдириш, “Миллион”чиларнинг бачкана концертларини томоша қилишга, бир сўз билан айтганда, ўз савиямизни туширишга соатлаб вақт сарфлаймиз-у, аммо йилда ақалли бир маротаба кутубхона ёки китоб дўкони остонасидан ҳатламаймиз? Нега данғиллама ҳовли-жой солишга ошиқамиз-у, бироқ эҳтиёжимиздан ортиб қолаётган маблағни мактаб кутубхонасига хайрия қилгимиз келмайди? Нега ўша қаср-уйларда йигирмата телевизор бор-у, аммо йигирмата китоб топилмайди?!

Фикрни мутолаа мавзусига бурганимиз бежиз эмас. Сабаби айни пайтда китобхонлик жамиятимиз учун ҳаёт-мамот масаласига айланган. Қанчалик андишали халқ бўлмайлик, бир ҳақиқатни рўй-рост айтишга тўғри келади – бугун аксарият ёшлар маънавий ориентирларсиз яшамоқда. Бундай тенденция кун келиб миллатнинг кўҳна илдизларини батамом қуритиб юбориши тайин. Бунга эса, йўл қўйиб бўлмайди!

– Ёшларни енгил-елпиликка кўниктириш, ахлоқсизлик, жирканчлик ва жоҳилликни тарғиб қилиш, олижаноб ҳис-туйғулар ҳамда гўзалликка интилишига имкон қолдирмаслик миллатнинг ўз-ўзидан пароканда бўлишига олиб келади, – дейди амалиётчи психолог Луқмон Казаков. – Бу технология башариятга қадимдан маълум. Янги мингйилликка келиб у ахборот урушининг асосий қуролига айланди. Натижада глобал медиа маконда миллионлаб одамларни ёппасига аҳмоқлаштириш жараёнини кузатяпмиз.

Голливуднинг жангари фильмларини олайлик. Улар таъсирида бир неча авлод вояга етди. Бундай киноасарлар ҳозир ҳам кассабоп. Аудиторияси эса, асосан болалар ва ўсмирлар. Исталган жангари фильмда жисмонан бақувват, лекин сира енгилмас қаҳрамон ҳамманинг бурнини қонатиб ёки одамларни беаёв ўлдириб юради. Экранда ҳадеб важоҳат ва зўравонликни кўравергач, ёш томошабин куч ишлатишни қадрият сифатида қабул қила бошлайди. Дейлик, нега бош қаҳрамон бировга пичоқ суқди, ахир, бу ёмон-ку, деган фикр унинг хаёлидан ўтмайди. Чунки аксарият болалар ахборотни таҳлил қилишга, воқеа­ҳодисаларга танқидий муносабат билдиришга одатланмаган. Аниқроғи, биз уларни шундай қилиб тарбиялай олмаяпмиз.

Борди-ю, ота-она фарзандига эрта ёшдан кино ва ҳаёт бошқа-бошқа нарсалар эканини, бировга озор етказиш, уриш ёки ўлдириш жиноят саналишини ҳамда бу қилмиши учун инсон, албатта, жазоланишини тушунтирса, болада салбий ахборотга иммунитет шаклланади. Ва кун келиб у сизга бундай фильмларни суратга олишдан мақсад нима, деган саволни бериши муқаррар.

Яна бир гап. Аудиовизуал воситалар орқали зўравонликни ҳадеб намойиш этавериш ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликнинг ортишига сабаб бўлади. Қонунларга итоат этмайдиган одамларни эса, йўлдан тойдириш, алдаш ва адаштириш жуда осон. Бошқача айтганда, ҳозирги медиа макондаги дезинформация (ёлғон ва нохолис ахборотлар оқимининг кенгайиши) ижтимоий дезориентация, яъни жамият учун одатий ва нормал тасаввурларнинг издан чиқишига олиб келмоқда. Кейинги вақтда ёшларимиз феъл-атворида агрессия, жоҳиллик, суицидал кайфият тобора яққол кўзга ташланаётганини мана шу жиҳат билан изоҳлаш мумкин.

Аянчлиси, савиясизлик ва бачканалик наинки медиа макон, ҳатто санъатимизга ҳам сингиб боряпти. Бир неча ўн йилликлар аввал Ғарбда ғалати бир тенденция вужудга келганди –санъаткорнинг машҳурлик даражаси истеъдоди билан эмас, балки ташқи қиёфаси ёки хатти-ҳаракатидаги ғайритабиийликдан келиб чиқиб белгиланган. Айтайлик, қайсидир хонанда концертда гитарасини синдириши мумкин, биров қулоғи ёки бурнини тешиб олган, бошқаси баданига татуировка чиздирган ва ҳоказо. Бу нарсалар психологик нуқтаи назардан анормал ҳолат, яъни ахлоқ меъёрларидан оғиш ҳисобланади. Лекин ҳамма гап шундаки, ўзига эрк берган “санъаткор”лар кўпайгани сайин омма ва биринчи навбатда, ёшлар ахлоқсизликни норма сифатида қабул қила бошлайди. Муаммо яна ўша-ўша – ўзини мухлис дея атаётганларда таҳлил қилиш, чуқур мушоҳада юритишга кўникма ҳам, истак ҳам йўқ. Уларни мусиқанинг сўзу оҳангидан кўра шовқин-сурони кўпроқ қизиқтиради. Бугунги ўзбек эстрадасини арзон-гаров қўшиқлари билан булғаётган “хонанда”ларнинг бозори нега бунчалик чаққон эканини энди англаётгандирсиз.

«Назаримда дунёга цензура керак»

– Назаримда, замонавий дунёга цензура керак, – таъкидлайди Л.Казаков. – Сўз ва ижод эркинлигини бўғиш маъносида эмас, балки санъат, адабиёт ҳамда қалб тарбиясига бевосита алоқадор бошқа соҳаларда ахлоқсизликка йўл қўймаслик учун ҳам чеклаш механизмини ишга солиш зарур. Лекин маънавий қашшоқликка қарши курашишда цензура фақат 30 фоиз самара беради. Қолган 70 фоизи сизда гўзаллик ҳисси нечоғлиқ шакллангани билан боғлиқ. Бунга эса, мутолаасиз эришиш мумкин эмас. Илмнинг бош манбаи, шубҳасиз, китобдир.

Илгари ҳаётимизда интернет йўқ эди. Телеканаллар саноқли бўлган. Кўрсатувлар ҳам. Ўшанда одамлар китобни кўпроқ қўлга оларди. Бундан ташқари, дунёқарашини кенгайтириш, маънавиятини юксалтириш мақсадида театр ва музейларга борган. Мана шу йўсинда биз фақат ахборот эмас, балки билим олишга интилардик.

Ҳозир ахборот оқимини тўхтатиб бўлмайди. Телевидение кўнгилочар каналлар билан лиқ тўла. Паст савияли мусиқа, юмор, кино ва мультфильмларга кўмилиб кетяпмиз. Оқимга қарши сузиш бефойда. Бошқача йўл тутмоқ зарур – ўғил-қизларни боғчаданоқ мутолаага қизиқтириб, яхши асарларни танлаб ўқишига кўмаклашсак, жамиятни кўп иллатлардан тозалаган бўламиз.

6-7 ёшларда болада тасаввур кўникмалари шаклланади. Мазкур босқичда унга ахлоқ нималигини тушунтириб бориш лозим. 11-12 ёш инсоннинг ахборотни таҳлил қилиб, маъносини чақишга ҳаракат қиладиган пайти. Мана шу жараёнда бола кўраётган фильми, эшитаётган мусиқаси ёки ўқиган китобини ота-онаси ва устозлари иштирокида муҳокама этса, у аста-секин таҳлилий фикрлашга ўрганади.

Ёшларга китоб ўқитибгина миллатни маънавий ҳалокатдан асраш мумкинлигини социолог Комил Калонов ҳам биз билан суҳбат давомида қайта-қайта таъкидлади.

– Ҳар ўқув йили бошида аудиторияга дарсга кирган талабалар шу кунгача нечта китоб ўқигани билан қизиқаман, – дейди Ўзбекистон Миллий университети социология кафедраси мудири К.Калонов. – Ишонасизми, ўнта китоб ўқиганман, деганлари бир ёки иккита топилади, холос. Мазкур ҳолат биз, социологларда жамият келажаги ҳақида жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Хўш, муаммонинг илдизи қаерда? Наҳотки, ҳали ҳам ўтиш давридамиз?

–  Киноянгизни тушундим (истеҳзоли кулади). Ўтиш даври кўпи билан уч йил давом этиши мумкин. Уч йил! Биз эса, ўттиз йилдан буён ўтиш даври, деб ўзимизни овутиб юрибмиз. Йўқ, ўртоқ журналист, муаммонинг илдизлари бошқа ёқда.

Менинг кузатишларим бўйича биз жамият ривожи учун муҳим бўлган жабҳалар, аввало, таълим соҳасида ворисийликни сақлаб қололмадик. Юртимизда бирданига ҳамма нарсадан воз кечиш тамойили асосида ислоҳотлар олиб борилди. Мактаб таълимини олайлик. Социология фанининг отаси, буюк немис олими Макс Вебер фанга “идеал бюрократия” деган назарияни киритган. У шу номли асарида: “Бюрократия идеал бўлиши керак. Бюрократия идеалликдан ўтдими, ҳамма нарсани орқага тортади”, – деб ёзади. Бизда иккинчи ҳолат юз берди. Чунки ўз вақтида идеал бюрократияни нотўғри талқин қилдик. Натижада ўқитувчи қоғозга кўмиб қўйилди. Дарсни сифатли ўтиш эмас, текширувлардан “омон қолиш” ҳақида ўйлайдиган бўлди.

Тўғри, ҳозир баъзи хатолар тушуниб етилган. Лекин уларни тузатишга ҳам анча-мунча вақт керак.

Иккинчи муаммо, онгимизда паразитлик қилаётган стереотиплар билан боғлиқ. Бир мисол келтираман. “Оммавий маданият” дея ҳамма ёққа айюҳаннос соляпмиз. Тўғри, бу бор нарса. Аммо негадир жамиятимиз “оммавий маданият” фақат Ғарбдан кириб келади, деб ўйлайди. Мана шундай фикрлашнинг ўзи стереотип. Телевидениемиз ҳинд фильм ва сериалларини кўрсатгани-кўрсатган. Ваҳоланки, улар ҳам оммавий маданият!

Нега?

– Эътибор беринг, ҳинд киноларининг барчаси бир хил сюжет ва ечимга эга. Фильм нима билан якунланишини олдиндан билиб турасиз. Инсон бахтли бўлиши керак! Ҳинд киноижодкорлари бу ғояни томошабин онгига тинимсиз сингдиришга ҳаракат қилади. Сабаби тушунарли. Ҳиндистонда 1,5 миллиард аҳоли бор. Шундан 400 миллиони саводсиз ва қашшоқ. Тасаввур қиляпсизми, 400 миллион-а! Бу АҚШга ўхшаган катта бир давлат ёки салкам бутун Европа қитъаси дегани. Ўша саводсиз ва қашшоқ омма учун фақат битта образни яратиш мумкин. Бу – бахтли ҳаёт образи. Бежиз эмаски, ҳиндлар ўзини дунёдаги энг бахтиёр халқ, деб ҳисоблайди. Боиси инсон қанчалик ночор яшаса, ўзини шунчалик бахтли ҳис қилади. Қанчалик бой ва илмли бўлса, шунчалик бахтсиздир. Чунки ҳамма нарсага ақли етади-да. Бундай одамлар кўнгил хотиржамлигига эришиши жуда қийин.

Унда нега ҳинд фильмлари ва сериаллари Ўзбекистонда севиб томоша қилинади? Биз қашшоқ эмасмиз-ку!

— Биз маънан қашшоқлашяпмиз. Ҳамма гап шунда. Аксарият юртдошларимиз, айниқса, ёшлар миллий қадриятларимизни ўрганиш ўрнига ўзга миллатлар маданиятига кўр-кўрона эргашиб кетмоқда. Оқибатда маънавият бой бериляпти. Бу даҳшатли нарса!

Нима қилиш керак?

– Тўғри савол. Ёшлар мутолаага қайтмагунча ҳеч нарса ўзгармайди. Китоб ўқимаган омма телевизорга ёпишади. У ерда эса, саёз фильм, сериал ва кўрсатувлар намойиш этилмоқда. Савиясиз медиа маҳсулотларни қайта-қайта истеъмол қилаверган инсон, табиийки, маънан қашшоқлаша бошлайди.

Мени қийнаётган яна битта оғриқли масала бор: нега умумтаълим мактабларини ҳар йили 650-700 минг нафар йигит-қиз тамомлайди-ю, аммо уларнинг бор-йўғи 10 фоизига олий ўқув юртларига кириш имконияти яратилган? Бу ҳақда юртимиз социологлари салкам ўн йилдан буён бонг уриб келмоқда. Ахир, ўқишни давом эттира олмаган 600 минг қоракўз турмуш ташвишларига ўралиб, илмдан йироқлашиши тайин-ку.

Кутубхоналаримиз озиқ-овқат дўконларидек сероб бўлса ҳам майли эди…

– Ҳақ гап. Болалик пайтимда маҳаллалар ҳамда кўп қаватли уйлар орасида ихчамгина кутубхоналар бўларди. Ҳамма кирмаса ҳам, ҳарқалай, қироат заллари бўш қолмасди. Энди эса, ўзимизни интернетга урганмиз. Хўш, нима наф кўряпмиз бундан?! Ҳеч қанақа! Интернетда сафсата сотиш эвазига бизда оломон психологияси шаклланиб бўлди. Ижтимоий тармоқларда юзаки гап-сўзлардан нарига ўтолмаяпмиз. Жиддий, факт ва далиллар асосида баҳс-мунозара юритишни билмаймиз. Чунки илм етарли эмас.

Жамиятда тирноқ тагидан кир қидиришдек бемаза иллат пайдо бўлган. Айб тўқишга уста бўлиб қолдик – талабалар ўқитувчиларни саводсизликда айблайди, кўчага чиқсангиз, одамлар бир-бирини дўзахийликда айблайди… Миллатни маънавий таназзулдан қутқаришнинг йўли битта – ёшларда илмни кучайтириш зарур. Бошқа ечим йўқ!

Ёшларимиз китобхон бўлишини ҳамма хоҳлаяпти. Лекин биргина истак билан мақсадга эришиш даргумон. Сиз нимани таклиф қиласиз?

– Америкалик социолог Дэниел Белл ўзининг “Постиндустриал жамият” номли асарида: “XXI асрда ўқиш-ёзишни биладиган ақлли одамлар кўп бўлади, лекин донишманд одамлар жуда кам учрайди”, – деб ёзган. Олимнинг башорати тўғри бўлиб чиқди. Донишманд бу – китоб ўқиган одам. Билъакс, оддий кўзойнак ёки башанг кийим-бош ҳам сизни ақлли қилиб кўрсата олади.

Саволингизга келсак, мен мактабдаги ўқитувчимнинг тажрибасини қўллашни таклиф қиламан. Ёзги таътилда ҳар бир ўқувчига йигирмата бадиий асарни ўқишни мажбурий қилиб қўйиш керак. Лекин китобларни муаллимнинг ўзи саралаб берсин. Шу тамойилга сўзсиз амал қилайлик, мана кўрасиз, фарзандларимиз китобга умрбод меҳр қўяди.

Худди шундай олий таълимда ҳам. Европадаги аксарият университетларнинг кафедра ўқитувчиларига, аввало, ўз фанига оид юзта таянч манбани ўқиб чиқиш топширилади. Акс ҳолда, у дарс беришга ҳақли эмас. Нега биз шу ишни қилолмаймиз? Талаба олийгоҳни битиргунча юзта китобни ўқиб чиқсин, бўлди, юз биринчисини ўзи ёзади.

Наргиза УМАРОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: