«Хумо» муз саройида таниқли хонандалар ўзбекистонликларни 9-май билан табриклади

«Хумо» муз саройида таниқли эстрада юлдузлари ҳамда фигурали учиш бўйича жаҳон ва олимпиада чемпионларининг  9-май –Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган концерти бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда 9-май – хотира ва қадрлаш куни арафасида кўпгина оммавий табирлар ўтказилмоқда. Уларда халқимиз вакилларининг Ватанимиз озодлиги, тинч ва осойишта ҳаётимиз йўлида курашган ва қурбон бўлган инсонларга чуқур ҳурмат ва миннатдорлик туйғулари намоён бўлаётир.

“Хумо” спорт мажмуаси атрофидаги ҳудудда 6 май санасидан бошлаб чинакам байрамона руҳ ҳукмрон. Бу ерда шод-хуррам кайфиятдаги юртдошларимиз, пойтахтимиз меҳмонлари иштирокидаги халқ сайиллари, ҳарбий техникалар намойиши, тарихий лавҳалар акс эттирилган саҳна кўринишлари бўлиб ўтмоқда.

Куни кеча 7 майда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан «Хумо» муз саройида миллий ва эстрада юлдузлари иштирокидаги байрам концерти бўлиб ўтди. Муз саройи минглаб томошабинларни ўз бағрига жамлади. Байрам концертига таклиф этилган россиялик таниқли эстрада хонандаси Олег Газманов ҳамда Италиянинг афсонавий “Ricchi E Poveri” эстрада гуруҳининг чиқишлари кўп сонли мухлисларнинг гулдурос қарсаклари билан кутиб олинди. Шунингдек миллий эстрадамиз юлдузларидан Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усманова, Севара Назархонлар ҳам ўзларининг байрам концертига тайёрлаб келган жонли ижролари билан юртдошларимизни хурсанд қилишди. Минглаб мухлислар ўз мобил телефонлари чироқларини ёқиб севимли хонандаларининг чиқишларини қўллаб-қувватлаб туришди. Улар таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқларига жўр бўлишганда ижодкорларнинг қалби чексиз қувончга тўлди.

“Офицерлар” қўшиғини куйлаганда қўшиқ охиригача залдаги барча эркаклар тик туриб жўр бўлишганини кўрган Олег Газманов: “Мен эстрада саҳнасида эллик йилдан буён ижод қилиб келаётган бўлсам, санъат аҳлига бўлган бундай даражадаги ҳурмат-эҳтиромни илк маротаба кўришим. Ўзбекистонда шундай мухлисларимиз борлигидан чексиз хурсандмиз!” – деди.

Концерт дастуридан жой олган муз устида учиш саҳналари ҳам ранг-баранг мусиқиш чиқишлар билан бой бўлди. Уларда фигурали учиш бўйича жаҳон ва олимпиада чемпионлари Маргарита Дробязко ҳамда Повилас Ванагас, Мария Петрова ҳамда Алексей Тихонов, Татьяна Навка ҳамда Роман Костомаров ва бошқалар мухлислар эътиборига чиройли дасталарни ҳавола этишди.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: