Тошкент шаҳрида “Гендер тенглиги ва бағрикенглик мавзуларини ёритишда журналистлар салоҳиятини кучайтириш” мавзусида тренерлар учун тренинг ўтказилди. Унда республикамизнинг нуфузли ОАВ таҳриятларида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ журналистлар иштирок этди. Тренингда Тошкент давлат юридик университетининг “Муаллиф ҳуқуқи” кафедраси мудири И.Ҳамидов, гендер масалалари бўйича эксперт, ЎзДЖТУД доценти Зулфия Тўхтаходжаева, Anhor.uz сайти бош муҳаррири Л.Исломова ва бошқаларнинг тақдимот маърузалари тингланди.
Таъкидланганидек, аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли экани қадим замонлардан буён қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Тарихий манбаларга мурожаат қиладиган бўлсак, дунё тамаддунининг ибтидоси аёллар ҳукмронлиги билан бошланган. Матриархат давридан эркаклар салтанатига ўтиш хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ўзгартирди, аёллар фаолиятини фақат оила чегарасида белгилашга мойиллик кучайди. Айрим мамлакатларда аёллар ўз қобилияти ва истеъдодини ривожлантириш, ўзлигини намоён этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб, оиладаги ўрни фақат фарзанд туғиб, уларни тарбиялаш билан чекланиб қолди. Бунинг оқибатида аёллар эркак кишига моддий, маънавий, ижтимоий, маиший жиҳатдан қарам бўлиб яшай бошлади.
Ҳаётга бўлган муносабатлар ўзгариши натижасида қадр-қимматни поймол этиш каби кўплаб салбий ҳолатларга нисбатан норозилик туйғуси шакллана борди ва аёлларнинг ҳам эркин яшашга ҳақли экани, жамият тараққиётида ўз ўрнини топиши зарурлиги ғояси диққат марказига чиқиб олди. Шундан сўнг 1791 йили Олимпия де Гуж томонидан тайёрланган «Фуқаролик ва аёл ҳуқуқи декларацияси»да аёлларнинг эркин фикрлаши ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга экани очиқ эътироф этилди. Ушбу декларация аёллар ҳаракатининг биринчи манифести ҳисобланади.
Шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда айрим ҳолларда эркаклар ҳуқуқларининг ҳам бузилиши ҳам кузатилмоқда. Гендер тенглиги аёл ва эркак ҳуқуқларининг жамиятда, оилада, меҳнат жамоасида, сиёсий фаолятда тенглиги билан ифодаланади.
Гендер – ХХ асрнинг 70-йиллари охиридан бошлаб кенг тарқала бошлаган атама бўлиб, бу тушунча аёл ва эркакларнинг характери, жинсига хос хислатлари, ҳаёт тарзи, фикр ва интилишларини, улар ўртасидаги муносабатларнинг жамиятдаги кўринишини ўзида акс эттиради. Яъни аёл ва эркакнинг ижтимоий ролини мазкур жамият қандай қабул қилишини кўрсатади. Аёлларнинг эркаклар билан ҳақиқий тенглигига эришиш борасида қўлга киритилган муайян ютуқларга қарамай, ер юзида ҳамон уларнинг ҳуқуқлари чекланмоқда. Баъзи ҳолларда хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳам камситилмоқда. Шундай ҳолатлар бўладики, журналистлар ёритаётган мақолаларда ҳам жинсий, миллат, эътиқод ёки бошқа тушунчалар билан боғлиқ дискриминация (нафрат тили) белгиларини учратиш мумкин. Тренингда мазкур ҳолатларнинг олдини олиш, умуман жинслар ўртасидаги камситишларга қарши материаллар тайёрлашда қандай усуллардан фойдаланиш борасида батафсил маълумот берилди.