Матонат мадҳияси

Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек оилаларидан минглаб ўғлонлар урушга кетиб қайтмаган. Она зоти учун фарзанд доғидан ҳам оғир йўқотиш борми?! Зангиоталик Зулфия Зокированинг ҳам бир эмас, нақ беш нафар ўғли кўнгиллилар сафида фронтга кетди. Улардан биронтаси ҳам оила бағрига қайтмади…

Тил билан айтишга осон… Тақдирнинг бундай бешафқат зарбасига қандай бардош бериш мумкин?! Мамажон, Аҳмаджон, Исоқжон, Ваҳобжон, Юсуфжон… Ўғилларидан кетма-кет келган қора хат ва шум хабарлар онаизорнинг қаддини буткул букиб қўйган. 18-24 ёшли навниҳол келинлар эса қўлида боласи билан бева қолишган. Бу аёллар қора кийса-да далада тинимсиз меҳнат қилиб айрилиқ изтиробларини енгишган. Уларнинг матонат ва садоқати барчага ибрат бўлишга арзийди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва қадрлаш куни тантанасидаги нутқида Зулфия Зокирова, унинг урушдан қайтмаган беш нафар ўғли ва садоқатли келинлари ҳақида гапирар экан, яхши ният билан барпо этиладиган Ғалаба боғида бу оила хотирасига “Матонат мадҳияси” номли ёдгорлик ўрнатиш ҳақида фикр билдирди.

Президентнинг сўзларидан руҳланиб, Зангиота тумани Хонобод маҳалласидаги Зулфия момонинг хонадонини излаб топдик. Бу ерда ҳозир онахоннинг учинчи ўғли – Мамажоннинг невара келини Саноат опа Маҳмудова ўғли Фарҳод Муҳаммаджонов оиласи билан яшамоқда. Саноат опа ва Фарҳод ака суронли йиллар ҳақида эшитган-билганларини бизга гапириб беришди.

Саноат МАҲМУДОВА, Зулфия онанинг невара келини:

Қайин момом Зулфия она ва Холмат буванинг беш ўғил ва бир қизлари бўлган. Ҳолмат бува далада ишлаб юрганда кўричаги ёрилиб, эрта вафот этгач Зулфия она бева қолиб, олти фарзандни ёлғиз ўзи катта қилган. Уруш бошлангунча ўғилларининг тўрттаси турмуш қуриб фарзандли бўлишган.

Ўн беш жон бир хонадонда аҳил яшашарди. Исоқжон колхозда ветврач, Аҳмаджон ҳисобчи, Мамажон (менинг қайнотам) аравакаш, Ваҳобжон деҳқон эди. Юсуфжон Ўрта Осиё давлат университетининг физика-математика факультетига ўқишга кирганда бирдан уруш бошланиб кетди. Ака-укалар барчаси бирин-кетин фронтга кетишган. Кенжа фронтга отланганда онаси уни йўлдан қайтармоқчи бўлади. Шунда Юсуфжон: “Акаларим кетган урушга нега мен бормай?!” деб ўз гапида туриб олади.

Урушга кетган Аҳмаджондан бор йўғи битта хат келади: “Биз ҳали йўлдамиз. Москвага етиб боришим билан аниқ манзилни ёзиб юбораман…” У шундай деганча бедарак кетади. Мамажон эса тез-тез хат ёзиб туради. “Москвани ҳимоя қиляпмиз, оташ-олов ичидамиз…” деб ёзади у бир хатида. 1943 йилда Мамажон ярадор бўлиб уйига қайтади, бироқ бироз ўзига келгач 1944-йилнинг ёзида яна фронтга жўнаб кетади. Сўнгги хатида: “Карнай-сурнайларнинг овози эшитилиб турибди. Ҳадемай ғалабани нишонлаймиз. Насиб қилса дийдор кўришамиз” деб ёзган эди. Аммо унга қайтиш насиб қилмади. 1945 йилнинг 22 июнида келган қора хатда қайнотам Мамажоннинг 1945 йилнинг 24 феврал куни  Польшада қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ёзилганди. Исоқжону Аҳмаджонлар ҳам жангларда бедарак кетишди…

Момомнинг энг кичик ўғли Юсуфжон офицер бўлгани, танкда жанг қилгани маълум. Ундан қора хат келганида Мамажон урушдан яраланиб қайтган дамлар бўлган. Кенжанинг ҳалок бўлганини Зулфия момомдан бироз вақт сир тутишган. Уйдагиларнинг кайфиятидан бир нохушликни сезиб қолгач охири тўғрисини айтишга мажбур бўлишган. Кенжасининг ўлганини билгач онаизор чуқур дод-фарёд қилган. “Тўрттасидан “туёқ” қолди, кенжам бенишон кетди” дея қаттиқ қайғурган.

Тўрт келини ва беш невараси билан қолган момомиз қишлоқда кимдир урушдан келса: “Менинг ўғилларимни учратмадингми, Мамажон, Ваҳобжонларимни кўрмадингми?” – деб сўрар эди. Ўғилларининг барчаси ҳалок бўлганига ишонмас, ҳечқурса бириси эшикдан кириб келар, дея умид қилар эди. Баъзан кечалари ухламай юриб чиқар, ҳовлига чиқиб, ўғилларининг исмларини номма-ном айтиб чақирарди.

Қайнонам – момонинг учинчи келини Ҳидоятхон ая бир воқеани айтиб берган эди. Ўша пайтлар аёллар болалар билан очарчиликдан қийналиб қолишганда кекса эркак қудасининг раҳми келиб, ўзига берилган ойлик нон қоғозини “бу нонни болаларга едиринг” деб Зулфия онамизга ташлаб кетган экан. Қўшнилар ҳам ёрдам бериб туришар, бирровга кириб қолишса “кампирга қийин бўлди-да” деб бошларини сарак-сарак қилишар экан. Аммо момо атрофдагиларнинг дилини хуфтон қилишни ўзига эп кўрмаган, кўз ёшларини ичига ютган. Юраги кенг, сабр бардошли, қаноатли аёл бўлган.

Кунларнинг бирида Зулфия момо бева қолган келинлари Лазокатхон, Хидоятхон, Хамрониса, Рихсихонларни чақириб: “Тўртовларинг ҳам эрдан ёш қолдиларинг. Мен сизлардан мингдан минг розиман. Мени ўйламанг, жойи чиқса, турмуш қилинглар,” дейди. Шунда келинлар йиғлаб: “Биз сиздан ажралмаймиз. Умрингиз бизга ибрат, бу ёғига ҳам паноҳингизда яшаймиз. Фарзандларимиз ўзидан кўпайса уларнинг бахтини кўриб, дилимиздаги яралар битиб кетар” деб қайта оила қуришга рози бўлишмайди. Эрларидан қолган ёдгор – фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб тарбиялашади. Биронтаси ножўя сўз айтмайдиган, ножоиз қадам ташламайдиган, иболи-ҳаёли, юмшоқ, ҳалима аёллар бўлишган. Ҳаммалари 75-80 ёшгача яшаб бола-чақасининг роҳатини кўришган.

Зулфия момомиз 76 ёшида трамвайдан тушаётиб йиқилган ва буксаси синган. Уч йил тўшакка михланиб қолганида  қайнонам Ҳидоятхон унга жуда яхши қараган. 1960 йилда  жони узилар чоғида ҳам катта бувимиз хиралашган кўзлари билан ҳовлига қараб: “Биронтаси келмади-я…” деб армон қилган. Шундан кейин кўзларидан бир томчи ёш оқиб чиққан ва “пуф” этиб жони узилган. 

Саноат опа ҳикоя қилар экан, журналист Алиназар Эгамназаровнинг Зулфия она каби ўзбекистонликлар матонати ҳақидаги “Йигирма миллиондан бири“ номли китобини, табаррук чеҳралар акс этган сарғиш фотосуратларни, фронтдан келган хатларни кўрсатди. Ўзи кўрмаган қайнотаси, эрининг амакилари ҳақида гапирганда кўзларидан ёш қуйиларди…

Фарҳод МАМАЖОНОВ, Зулфия онанинг невара келини Саноат опанинг ўғли:

“Бувам – Мамажон Холматов биринчи бўлиб урушга кетган”. 1945-йилда Польшани озод қилишда қаҳрамонларча ҳалок бўлган. У Венбандава туманидаги қабристонга кўмилган экан. Биз буни қирқ йилдан кейин билганмиз. Ҳидоятхон бувим бир қутининг калитини ҳеч кимга бермай яшириб келарди. Биз неваралар: “Қутингизда олтин борми?” деб ҳазиллашсак ҳам очмасди. Ғалабанинг 40 йиллигида ўша қутичани очиб, ичидаги хатларни чиқарган. Катта бувимиз ҳам шунча пайтгача турмуш ўртоғи Мамажон буванинг ўлими ҳақидаги қора хатни қутига яшириб, унинг дийдорини кутиб яшаган экан.

Дадам Турғун Мамажонов туристик сафар билан чет элга борганида совет жангчилари кўмилган қабристондан бобом ва унинг ака-укалари қабрини излаган. У ерда ўнлаб Холматовларнинг қабри бор аммо бизникилар йўқ экан” деб қайтган.

1975 йилда Ленинградга борганларида ота-онам дадамнинг амакиси – танкчилар командири Юсуфжон Холматовнинг қабрини топишди. У ердан тупроқ олиб келиб, руҳлари хотиржам бўлсин дея Зулфия онамизнинг қабрига тўкишди.

Мен аминманки, момомизнинг ва шаҳид кетган боболаримизнинг руҳлари шод бўлмоқда. Мана, шундай мўътабар рамазон кунларида президентимиз савобли ишлари билан ўтганлар хотирасини улуғлаяпдилар, онамизга ҳайкал ўрнатамиз деяпдилар, улардан миннатдорлигимиз чексиз.

Фарҳод аканинг айтишича Зулфия момонинг ёлғиз қизи Манзура амманинг эри автоҳалокатда вафот этиб, олти фарзанди билан бева қолган. Бу аёл ҳам онаси ва келинойилари ёрдами билан болаларини ёлғиз катта қилган экан.

Дарҳақиқат Зулфия Зокирова ва унинг оиласи босиб ўтган йўл ўзбек аёлларининг, қолаверса ўзбек халқининг ҳақиқий жасорати ва матонати тимсоли. Бундай оилалар ҳақидаги ҳикояларни тарбиявий соатларда, маънавият дарсларида ўқувчиларга қанча кўп гапириб берсак шунча кам. Уларни арзимаган сабаб билан оиласини пароканда қилаётган келинлар ва қайноналарга намуна қилиб кўрсатишимиз керак. Ана шунда вафо, садоқат деган фазилатлар қалбларни тарк этмайди, болаларни тирик етим қилиш, фарзандни сотиш, меҳрибонлик уйларига топшириш ҳолларининг олди олинади.

Ҳозирги фаровон, тўкин-сочин замонда баъзан сабру қаноат, меҳру оқибат танқислиги сезилади. Биз Зулфия Зокированинг невара келинлари хонадонида бўлганимизда бу оилага шукроналик, ўтганлар хотирасига садоқат, яхши кунларга умид ва ишонч, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик каби фазилатлар азалий мерос эканлигига гувоҳ бўлдик. Улардан барча ибрат олса арзийди.

Манзура БЕКЖОНОВА.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: