Хоразм заминида уюштирилган «Баҳодирлар ўйинлари» халқаро полвонлар мусобақаси спорт ихлосмандларининг диққат марказида бўлди. Унда дунёнинг 12 та давлатидан келган 15 нафар энг сара полвонлар ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Улар орасида ўз юртининг чемпионлари, нуфузли халқаро турнирлар ғолиб ва совриндорлари бор эди.
Спортчиларнинг иштирокини нуфузли ҳакамлар ҳайъати, хусусан, WSF президенти Владислав Редькин(Латвия), WSF аъзоси Марис Швейдукс (Латвия), халқаро баҳодирлар ўйинлари федерациясининг Жанубий Америка бўйича вице президенти, Лусиано Афонсо Сарти (Бразилия), Греция баҳодирлар ўйинлари федерацияси президенти Андреас Колэттис (Греция) одилона баҳолаб боришди.
Ўз навбатида мусобақа қатнашчилари турнир дастурига кўра, “Қўқон арава”, “Сангижумон” тошлари“, Деҳқон юриши”, “Ўзбекистон поезди”, “Хива устунлари”, “Мўйноқ лангари”, “Амир Темур ва Мангуберди қиличлари” деб номланган 7 та шартни бажаришига тўғри келди.
Турнирнинг тантанали ёпилиш маросими “Ичан-қаъла” давлат музей қўриқхонасининг “Кўҳна арк” мажмуасида ташкил этилди.
Якуний сарҳисобларга кўра, биринчи ўринни мусобақанинг энг ёш иштирокчиси, Украинанинг 2019 йилги чемпиони 24 ёшли Павло Кордияко қўлга киритди. Иккинчи ўрин эронлик Реза Гжаейтасига насиб этди. Фахрли учинчи ўринга Ўзбекистоннинг энг кучли кишиси Сергей Трубицин ва Россия давлатининг 2018 йилги чемпиони Александр Кузьмин лойиқ кўрилди.
Кейинги ўринларни Викрам Сингх (Ҳиндистон, 5-ўрин), Ғиёсиддин Аҳмедов (Ўзбекистон, 6-ўрин), Вагнер Менесес Дос Сантоз (Бразилия,ўрин), Иоаннис Папакалас (Греция, 8-ўрин), Шуҳрат Алиханов (Ўзбекистон, 9-ўрин), Жереми Хогг (Австралия, 10-ўрин), Ҳамза Примов (Ўзбекистон,11-ўрин), Мицуки Тойота (Япония, 12-ўрин), Вусал Мардонов (Озарбайжон, 13-ўрин), Наврўз Арабов (Тожикистон, 14-ўрин) ва Цху Хуанг (Хитой,15-ўрин) эгаллашди.
Ўз навбатида мусобақа ғолибига 5000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин соҳибига 3000 АҚШ доллари, учинчи ўрин эгаларига 2000 АҚШ доллари тақдим этилди. Қолган қатнашчилар ҳам тегишлича мукофотланди
Тақдирлаш маросими хоразмлик санъат усталарининг гала канцерти билан якунланди.