«Сенинг борлигинг яхши…» (Ҳаёт Шодмон, шеърлар)

Сенинг борлигинг яхши, дил изҳорим унутган. Менинг зорлигим яхши, аламин ичга ютган…

ҲАЁТ ШОДМОН (Исматулло Ибодуллаев)

1962 йил 14 майда туғилган. 1979 йил Гулистон шаҳрида ўрта мактабни тамомлаган. 1983 йилда Гулистон қурилиш техникумини, 2009 йилда Олий адабиёт курсини тугатган. 2000 йилда «Соғинч­ларга ишондим сени», 2002 йилда «Давкар элим», 2004 йилда «Ўлан тўшак», 2011 йилда «Умид фасллари», 2004 йилда «Жиян келди», 2017 йилда «Энадарё» шеърий тўпламлари нашр қилинган. Шеърлари асосида бир қатор қўшиқлар яратилган.

ОЛАМ ЗАВҚИ

Юрагимни
Кўрпа қилиб,
Ёпиб олган сўзларимни
Эркалайман
Кўнгил ийиб,
Тонгларнинг маст уйқусида.

Ҳали улар
Бир улғайсин,
Қувонтириб кўзларимни.
Ўлан,
Айтим,
Бир шеър бўлсин
Олам завқи туйғусида!

СИР АРМОНИ

Авжида мавж,
Тотли ўйга ёргина ўзан,
Санглоқда ганж,
Дилида ранж боргина ўзан.
Вужудида
Армони Сир,
Ҳоли сув кетиб
Тош дийдалар,
Оралайди торгина ўзан,
Кўнгил каби
Кенгликларда зоргина ўзан.

ЧИРОҚ

Биргина мен бедор
Тунда не гуноҳ?
Фароғат-ку
Ҳар тонг ранглари тиниқ.
Хоргина
Мен душвор
Тунда не фироқ,
Хижолат-ку
Ҳол танг ранглари синиқ.

Топилганда эди,
Ростимга қулоқ,
Сен чиндан ишонган
Ёлғон бўлмасдим.
Тўртинчи қаватда
Ўчмаган чироқ-
Келишингни
Кутиб қолган бўлмасдим.

ЯХШИ

Сенинг борлигинг яхши,
Дил изҳорим унутган.
Менинг зорлигим яхши,
Аламин ичга ютган.

Эслаб турганинг яхши,
Жилмайиб ҳар замонда.
Далли юрганим яхши,
Васлинг бирга армонда.

Ўрин борлиги яхши
Юрагингда кимгадир.
Яхши эмасман, яхши
Жавобингдан негадир.

БИЛ

Нигоҳларим
Толган билан
Соғинч ўлмайди,
Ҳижрон ғолиб
Келган билан
Илинж ўлмайди.
Биз ботсак-да,
Ғам-ғуссага,
Дарднинг бағри кенг.
Қувонч ҳам, бил
Бизсиз бахтсиз
Бўлиб қолмайди.

ИМКОНИЯТ

Кўра
Билиш
Замирида
Кўрсата олиш
Имконияти ҳам бор.

СЕВГИ

Ақлга
Сиғмайдиган сезимлар кўп,
Шулардан бири – севги.
Мутлоқ озод туйғу бўлганлиги учун
Севгига эришдим деб ўйлаганлар
Уни
Меҳр-муҳаббат,
Бурч,
Садоқат,
Вафо…
Яна қанча сарполарга ўраб,
Чиройига андармон бўлиб,
Қаноат ҳосил қилишади.
Балким бу
Ўзи яланғоч қолишдан
Қўрққан тасаввурнинг ҳосиласидир.

ИШОРА

Искандарнинг қўли
Нега ташқарида қолди,
Бу нимага ишора:
Англашгами
Ёки амал қилишгами?

УЛҒАЙИШ

Белни боғлаб,
Таёқ ушлаб,
“Энам”лаб,
Ё “Отам”лаб
Улғаяди
Ўзбекнинг боласи
Йиғлаб-йиғлаб.

ЎЛЧОВ

Нега хаёл
Баланд,
Ўй чуқур бўлади?
Чунки
Таваккалчи
Кўкка,
Ўйчи эса
Ерга тикилади!

ИСТАК

Менга
Эгизак
Бўлган тақдирингда ҳам,
Дунёга
Ўз кўзинг билан
Қарашингни истайман!

ОБРЎ

Худо инсонни
Обрўси билан яратган,
Бандасининг ўзи
Тўкиш билан оввора…
На чора?!

ЛАЙЛАК

Савол –
Сўроқлайди пайдолигидан,
Жавоб –
Сўйлар ишққа шайдолигидан.

Икки дил
Оташда куйганмиз дейди,
Икки жондан
Талқон туйганмиз, дейди.

Талқони
Лайлакка тутганимиз, дейди,
Эвазига
Сийлов кутганимиз, дейди.

Яна,
Узоқ-узоқ тилаганмиз, дер
Кўкка
Тикиб қароқ сўраганмиз, дер.

Бир кун
Тумшуғида келтирган, дейди.
Кемтик
Кўнглимиз тўлдирган, дейди.

Болам деб
Бешикка солганмиз, дейди,
Шундан
Бахтли бўлиб қолганмиз, дейди!

ЎРГАТ

Ўргат,
Ота бўлиб,
Дов ташламоқни,
Ўғлинг сонга кириб,
Қора тортганда.
Билмай ўтсин,
Бирров
Кўз ёшламоқни
Узангидош туриб
Наъра тортганда!

Номига
Айтарли
Ола бўлмасин,
Тўда тўлдирмасин,
Тенгсалиб ҳайрон:
От бошига
Қамчи
Сола кўрмасин,
Ерни титратмасин,
Сесканиб осмон!

Билсин
Ғирромликдан
Қув синарини,
Довруғи маррага
Илгари етсин.
Кутиб ўтирмасин
Сув тинарини,
Уруғи
Тошларга сочилиб кетсин!

БАХШИ БОЛАНГ

Мунглигинам,
Йўлларимга кўз тиккан қароқ,
Кўнгилгинам –
Қайда бўлсам, ёритган чироқ,
Кетолмайман
Узиб оёқ бағрингдан йироқ,
Талпинаман меҳрингга ғарқ бўлғали, жоним!

Энасойдан
Ота мерос бору бисотим,
Яссавийга
Дилда ихлос, мулки баётим,
Ҳалимадан
“Буюк қушлар” ёзган қанотим,
Тўра оға “Сайҳон”ида долғали жоним!

Қанча тошқин
Ранж аро сен топмадинг тўзим,
Энди сокин
Мавж аро сен, маҳлиё кўзим,
Қалбда жўшқин
Авж аро сен мадҳия сўзим,
Бахши боланг, Ҳаёт Шодмон қолғали жоним!

ФАРМОН

Сени синаб, мени синаб,
Кун ўтади кунлар санаб.
Ичикар бахт, кечикар вақт,
Ойлар тугул йилни тунаб.

Дил озурда ростимиз чин,
Йўл тўзурда қасдимиз чин.
Оқмай дарё, тушиб бўйро,
Бормиз айро – урар ичин.

Таваккалнинг шарти аён,
Ёки ҳозир, ё ҳеч қачон!
Баски изҳор, билки инкор,
Хоҳ ихтиёр ишқдан фармон.

Сени синаб, мени синаб,
Кун ўтади кунлар санаб.
Ичикар бахт, кечикар вақт,
Ойлар тугул йиллар хуноб.

САЛОМ-АЛИК

Гап сирасин уқтирса ҳам,
Дил озадир гоҳо ёмон.
Зап куясин юқтирса ҳам
Топ-тозадир қора қозон.

Гул рўёнинг ғамин есанг,
Не кўргулик – тилингдан топ.
Бул дунёнинг камин десанг,
Хуш юргулик феълингдан топ.

Не шараф, жон омондасан,
Чўт урарга заволи йўқ.
Қай тараф, қай томондасан,
Хат чекарга малоли йўқ?

Сўра, нажот тилари бор,
Салом ҳақи – алик, дея.
Сувга тош от билари бор,
Балиқ ёки Холиқ дея!

ДИЙДА

Ортимизда
Айтгулиги бор,
Ширин дамлар қолди ёд этар.
Олдимизда
Етгулиги бор,
Дийдор – гумон, энди шод этар.

Кимдан ўтди,
Сўрамайди ғам,
Қўрғошин юк уйган қошига.
Дардга сир бой
Бермагандан ҳам,
Боқмас куюк кўзлар ёшига.

Дийдаси тош,
Муштламоқ бекор,
Нияти йўқ меҳр ийгулик.
Ўксибгина
Кўникар озор,
Армонни ҳам чиндан суйгулик.

ЁР КЕЛАР

Бошда дўппи каштали,
Гул-гулига риштали.
Зоминтовни қоралаб,
Ёр келар, ёр-ёр келади.

Ёр келар, ёр-ёр келади,
Кўз-кўзга дучор келади.
Дил-дилга пайваста жону
Сўз-сўзга инкор келади.

Қўлда сози бор экан,
Дилда рози бор экан.
Ёлғизгина ўзимга
Айтар сўзи бор экан.

Қизарган юз бўлдими,
Уёлган кўз бўлдими?!
Шунчаки ноз бўлдими,
Бунчалар озор келади?!

Қизи қизил гул дейди,
Андишага қул дейди.
Шундан гулнинг қошида
Сайрайди булбул, дейди.

ҲУЗУР

Биз сув, ҳаво, нон эмас,
Синоатда тирик жон.
Сизга ҳам осон эмас,
Маломатда ҳадик жон.

Биз қўл чўзиб, талпинган
Илтижо гаштидамиз.
Сиз йўл тўзиб, чалғиган
Иқтидо гаштидасиз.

Дема не наф ва не кор,
Дил ранжини туймоқда.
Ҳузур топгуси озор
Нафс ганжини қиймоқдан.

КОСАГУЛ

Тамаки тутуни ачитар кўзим,
Йиғлаяпти дея ўйлама мени.
Ўз ҳолимга қўйгил, косагул, бир зум,
Дардкашим, ошиқча
Сийлама мени.

Ҳар қултуми олов, ютуми оташ,
Юракдан кўчайин, кўчай демас тош.
Не сабаб биларсан, кўздан оқар ёш,
Дилкашим, ортиқча
Қийнама мени.

Мастликдан қўрқмайман, ростлиги ёмон.
Изҳордан кўрмайман, инкорда гумон.
Қандай қайишайин сархушлик томон,
Саркашим, тегди ёй,
Сийнама мени.

ҲАР САФАР

Бошига иш тушганда,
Бир сўзни қилмай канда,
Ўзини оқлар банда:
— Шайтон йўлдан урган-да!

Ҳақдан кечади дили,
Дўпписи тор келганда.
Қасам ичади тили:
— Шайтон йўлдан урган-да!

Қўрқоққа балогардон
Қўш кўриниб турганда.
Ота-она тикар жон:
— Шайтон йўлдан урган-да!

Аҳли аёли доҳил,
Кам-кўстига шарманда.
Қавму қариндош кафил:
— Шайтон йўлдан урган-да!

Солсайди нафсга жилов,
Кўрсайдим пушаймонда.
Ҳар сафар битта оқлов:
— Шайтон йўлдан урган-да!

Тош отилар қанча он,
Кўкартириб кўзини.
Куни келганда шайтон
Четга олар ўзини.

Шодмон қулингни, Аллоҳ,
Ғолиб айла бул жангда!
Сендан йўқ ўзга паноҳ,
— Шайтон йўлдан урган-да!

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: