Шошилинч тез тиббий ёрдам баъзида секин ёки кеч ёрдам бўлиши ҳам мумкин. Юртимизда бу хизмат ҳақида гап кетганда, баъзида эмас, доим дейиш тўғри бўлади. Аммо, биласизми, Тез ёрдамнинг тез бўла олмаслигига кўпинча ўзимиз ҳам сабабчи бўламиз. Бундан ташқари бошқа бир қатор муаммолар ҳам бор. Келинг, бугун шу муаммоларни санаб ўтайлик.
ТЕЗ ЁРДАМГА НЕГА ЙЎЛ БЕРМАЙМИЗ?
Маълумотларга кўра, республикамизда йил бошидан май ойигача бўлган муддат ичида шошилинч тез тиббий ёрдамга 4 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган ва кечикиб келгани бўйича 40 дан зиёд шикоят хати келиб тушган.
Мамлакатимизда ҳозирда 13 минг нафар кишига биргина шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш машинаси ва туну кун хизмат кўрсатадиган жамоа тўғри келади. Бу кўрсаткич 2016 йили 15 мингга бир жамоа ва машина ҳисобида тўғри келган.
Шаҳар кўчалари кун сайин тирбандлашиб бормоқда. Бу эса шошилинч тез тиббий ёрдамнинг манзилга вақтида етиб боришига ҳам тўсқинлик қилади. Баъзи давлатларда тез тиббий ёрдам учун алоҳида йўлаклар ажратилган. Бу инсон ҳаёти қанчалар муҳим аҳамиятга эгалигига ишора.
Биз эса махсус йўлакча майлику-я, тез тиббий ёрдам машинасига мавжуд йўлдан ўтишга ҳам имкон бермаймиз. Ҳайдовчилар тез тиббий ёрдам машинасини кўриши билан унга йўл очмайди. Демак, кўпчиликда бу маданият шаклланмаган.
Айрим ҳайдовчилар бемор менинг яқиним бўлиши ҳам мумкин-ку, дея ўйлаб ҳам кўрмайди. Бунинг устига, шошилинч тиббий ёрдам беришга ошиқаётган Дамас автомобилларининг махсус чироқлари кундуз куни кўринмайди “Alert” овозлари эса чиқмайди ҳам.
ТЕЗ ЁРДАМ ВА РЕАНИМАЦИЯ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК ЙЎҚ
Одатда шошилинч тиббий ёрдам тезда муолажа кўрсатилишга муҳтож, ҳаёти хавф остида бўлганлар учун чақирилади. Кўчада йўл транспорти ҳодисасига учраган одамни касалхонанинг реанимация бўлимига олиб кетаётган шифокорлар ўртасида касалхона ходимлари билан кўпинча ҳамкорлик алоқаси бўлмайди.
Шошилинч тиббий ёрдам вакиллари касалхона қабулхонаси орқали беморларни олиб ўтадилар ҳамда улар кўп бўлса, шошилинч тиббий ёрдам беморларининг ҳам навбати вужудга келади.
ЧОЙ ДАМЛАШГА ҲАМ ТЕЗ ЁРДАМ ЧАҚИРИШАДИ…
Шошилинч тез тиббий ёрдам кечикишидан нолиймиз-у, аммо уни доим ҳам тўғри чақиравермаймиз. ШТЁХ шифокорининг айтишича, одамлар кўпинча осма уколь қўйдириш, иситма тушириш ва қон босимини ўлчатиш учун ҳам шошилинч тиббий ёрдам хизматидан фойдаланади.
Хусусан, 2018 йилда шошилинч тиббий ёрдамга келиб тушган мурожаатларнинг 30 фоиздан ортиғи ҳақиқатан шошилинч тиббий муолажага муҳтож бўлмаганларни ташкил этган.
ШТЁХ ходимининг далолат беришича, гоҳида ёлғиз яшовчи кексалар тез ёрдамни чой дамлаш, уйқуга кетишдан аввал қон босимини ўлчатиш учун ҳам чақириб турадилар.
“Мурожаат қилувчиларнинг ҳаёти хавф остида, деб ваҳимали чақирувлари ортида баъзида унча оғир бўлмаган бемор туради. Баъзида эса сал мазаси йўқ, деб тушунтиришлари ортида жиддий оғир касал кутаётган бўлади. Шундай экан, ҳар қандай касалга ҳам тезлик билан бориш тавсия этилади.
Бизда тез тиббий ёрдамга қачон ва қандай мурожаат қилиш маданияти яхши шаклланмаган. Агар одамлар қандай ҳолатларда поликлиникага ва қачон шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилишни билганларида шошилинч тиббий ёрдам соҳасида ҳозирдагидек муаммолар кузатилмас эди”, дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдуҳаким Мўминов.
ШИФОКОРЛАРГА ТАҲДИД ҚИЛИШ…
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, бир йил давомида камида 10 маротаба ШТЁХ ходимларига таҳдид билан қўл кўтарилиши ҳолатлари кузатилади.
Одамлар шошилинч тиббий ёрдам машинасида етиб келган шифокорларга қўл кўтаришлари ёки бошқа усулда куч ишлатишлари учраб туради. Шунга қарамай кўпгина шифокорлар бу тазйиқлар бўйича ички ишлар органларига мурожаат қилаверишмайди.
“Нега Ички ишлар ходимларига қўполлик қилиш, бўйсунмаслик жазоланиди-ю бироқ шифокорларга нисбатан таҳдид жазоланмайди”, дейди ШТЁХ ходими.
“ДАМАС” АВТОМОБИЛИДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАМИЗ?
Беморнинг Дамас автомобилида касалхонага етказилиши Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг энг оғриқли нуқталаридан бири бўлса керак. Дамасда соғ одам ҳам гоҳида аранг боради.
Энди жони оғриётган беморни сакраб кетишини тасаввур қилаверинг. Қолаверса, Дамасда шошилинч тиббий муолажа кўрсатишнинг имкони ҳам йўқ.
ШТЁХ маркази ходимининг айтишича, шошилинч муолажага муҳтож беморларга катта автомобиллар, бошқаларига эса Дамаслар юборилар экан. Аммо, тез тиббий муолажа кўрсатилиши кераклигини телефон орқали тушунтира олмаган беморга Дамас автомобили юборилса, нима бўлади? Дамас тиббий ёрдам машинасида муолажа кўрсатувчи жиҳозлар ва шароит ҳам мавжуд эмас-ку.
Эски Дамас машиналаридаги рациялар ҳам бузилиб улгурган. Янгилари эса рация телефонлари билан таъминланмаган. Тез ёрдам ходимлари қўл телефонлари билан мурожаатларни оладилар ва марказда уларга манзиллар қоғозларда ёзиб берилади.
Аниқроқ қилиб айтсак, кўчадаги пицца, гамбургер ташувчиларнинг манзилни топиш тизимлари программалашган-у, Тез тиббий ёрдамга эса тараққиётнинг бу кичик “унсури” етиб келмаган. Яъни бу тармоқда тиббий ёрдам тармоғида ҳамон Дамас автомобилларини сақланиб қолгани жуда ачинарли.
АРЗИМАГАН МАОШ ВА МАБЛАҒСИЗ ЖАМҒАРМА
Мана энди юқорида санаб ўтилган муаммоларнинг асл сабабларидан бирига тўхталсак. Бу – маблағ муаммоси. Дамасдан қутулиш, кадрлар етишмаслигининг ечими маблағдир. Бу соҳага маблағ етарлича ажратилмайдими?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти вакилларидан бири ҳам фақат тез ёрдамдаги шифокорларни танқид қилавермай, уларга пул ажратувчи вазирликни ҳам гапириб ўтиш вақти келмадими, деди.
Табиийки, соҳадаги мавжуд муаммоларнинг аксарияти маблағга қараб қолган.
Шошилинч тиббий ёрдам хизматида бир неча йилдан бери фаолият юритаётган шифокорнинг айтишича, уларда тез-тез ходимлар алмашиб туради. Сабаби, ойлик маош 1,5 миллионга етмагани учун кўпчилик узоқ ишлай олмас экан. Кеча олийгоҳни битирган талабалар ҳам маош камлиги туфайли ШТЁХда ишлашни исташмайди.
Шошилинч тиббий ёрдам тизими соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик ва кучли ижтимоий аҳамиятга эга тузилма бўлиб, ўтган йилда ушбу тизим муассасаларига 13 миллиондан ортиқ беморлар мурожаат қилган. Ушбу рақамлар мазкур соҳани маблағлаштириш қанчалик муҳим эканлигини кўрсатмайдими?
Ҳозирда ШТЁХни бир марталик чақируви учун ўртача 5 минг сўмлик дори-дармон ажратилган.
Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Абдуҳаким Мўминовнинг айтишича, биргина шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати учун йўлкира ва шифокор маошлари билан ҳисоблаганда 100 минг сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.
Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганига қарамай, вазирлик ходимининг сўзларига кўра, жамғармага ҳозиргача ажратилиши керак бўлган пуллар тўлалигича ўтказиб берилмаган.
2018 йилнинг 16 октябрида Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори эълон қилинган. Жорий йилнинг январь ойидан жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари кўрсатилган. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушадиган маблағларни 29 фоиздан 10 фоизга камайтирган ҳолда, мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов суммасининг 19 фоизи кўрсатилган.
«ТЕЗ ЁРДАМ» ҲАМ ЁРДАМГА МУХТОЖ
Шунингдек, жамғармага тушадиган маблағлар сифатида яна бир қатор манбалар кўрсатилган. Бироқ, шунга қарамай, вазирлик вакилининг сўзларига кўра, тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармасига тушган маблағ жуда кулгили суммани ташкил этади.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, қадриятларимизга кўра, инсонлар саломатлигига, ўзгалар ҳаётини сақлаб қолишга хайрия қилиш ҳам катта савоб.
Шундай экан, мазкур, жамғармага аҳоли томонидан ҳам хайрия қилиб, маблағ ажратиш мумкин.
Тез ёрдамнинг машиналаридан нолиган ундаги дори-дармонлар сифатидан кўнгли тўлмаган юртдошларимиз жамғармага хайрия қилишларига ҳеч ким тўсқинлик қилмайди.
Анора СОДИҚОВА, ЎзА