Тан сулоласи бухоролик генералининг кўргазмаси очилди

Таъкидлаш жоизки, Генерал Ан Пу асли бухоролик бўлиб, тахминан милодий 600 йилда туғилган.

Ўзбекистон тарихи давлат музейида Тан сулоласи даври генерали Ан Пу ва унинг рафиқаси мақбарасидаги қадимий ёдгорликларга бағишланган кўргазма очилди. Мазкур кўргазма Ўзбекистон Фанлар академияси, Хитой Халқ Республикаси Лоян шаҳри музейи ҳамда Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган.

Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари в.б. Саидакбархон Акбаров, Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдухалимов, Маданият вазири ўринбосари Камола Болтабоева, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Ян хоним, Хенан вилояти губернатори ўринбосари жаноб Ли Я ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Кўргазмада қадимги Хитойнинг Тан сулоласи ҳукмронлиги даврида Динюн ҳудуди бош қўмондони генерал Ан Пу ва унинг рафиқаси мақбарасидан топилган, суғурта нархи 3 миллион АҚШ долларига баҳоланувчи 75 та экспонат намойиш этилди.

Таъкидлаш жоизки, Генерал Ан Пу асли бухоролик бўлиб, тахминан милодий 600 йилда туғилган. У ўзининг мардлиги, амалга оширган буюк ишлари  билан Хитой тарихида ўчмас из қолдирган моҳир саркарда сифатида эъзозланади. Хитой манбаларида Бухоро ҳудуди – Ан давлати дея қайд қилинган, бухороликларнинг исмига эса Ан иероглифи қўшилган.

Генерал Ан Пу мақбараси буюмлари жаҳонга машҳур бўлиб, кўргазмадан ўрин олган қадимги Рим тилла тангалари, сопол идишлар, қадимги Сўғд маданияти хусусиятларини ўзида мужассам этган ажойиб услубда тайёрланган сопол ҳайкаллар, қабр, қўриқчи – жониворлар ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.

Кўргазмани очиб берган Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Ж.Исмаилова ва жаноб Ли Я икки халқ ўртасидаги ўзаро илиқ муносабатлар рамзи сифатида совғалар алмашишди.

Кўргазмада намойиш этилаётган экспонатлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро қадимий тарихий-маданий алоқалар мустаҳкамлигининг яққол исботидир. Ушбу кўргазма орқали Ўзбекистон аҳолиси ҳам мана шундай машҳур ажойиб санъат дурдоналаридан бахраманд бўлиш имкониятга эга бўлади.

“Бухорога қайтиш: Тан сулоласи даврининг генерали Ан Пу ва унинг рафиқаси мақбарасидан топилган маданий мерос” кўргазмаси 2019 йилнинг 20 сентябрига қадар давом этади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: