Чет элда ўзбекистонликларни ўқишга қабул қилишда нега иккиланишяпти?

Хорижлик ОТМ лар ўзбекистонлик ёшларни ўқишга ва ишга қабул қилишда иккиланяпти. Сабаби ўқишга борганлар кўпчилиги ишга, пул топишга қизиқиб кетяпти.

Пойтахтимиздаги Туркистон санъат саройида «Target» хусусий бандлик агентлиги, «Target» Education нодавлат таълим муассасаси томонидан чет элда ишлаш ва ўқиш масалаларига бағишланган форум бўлиб ўтди.

Форумда юртимиз ёшлари, абитуриентлар, талабалар, битирувчилар ва чет элда ўз меҳнат фаолиятини олиб боришни истовчилар иштирок этди. Уларга чет элда қонуний ўқиш, ишлаш юзасидан маълумотлар берилди. Форумда ҳамкор чет эл университетлари ва иш берувчилар ҳам қатнашди.

Унда ёшлар хорижлик мутахассислар билан инглиз тилида мулоқот қилди.

– Бизнинг мақсадимиз юртимиз ёшларининг дунёқарашини кенгайтириш, аҳолини ижтимоий иқтисодий қўллаб-қувватлашдан иборатдир, – дейди «Target» хусусий бандлик агентлиги раҳбари Бегзод Жалилов. – Буни қандай қиламиз? Ёшларимизни хорижда ўқитамиз. Нега ёшларимиз чет элда ўқиши керак? Улар нега хорижга чиқиб кўриши керак? Чет эл муҳитини кўрган ёшларимиз ўзгача кайфият, ўзгача руҳ, янги билимлар олиб қайтади ва юртимизни ривожлантиришга хизмат қилади. Бизнинг ёшлар энг яхши ютуқларга муносиб. Айни вақтда хорижлик ОТМ ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга уриняпман. Лекин уларнинг кўпчилиги ўзбекистонлик ёшларни ўқишга ва ишга қабул қилишда иккиланяпти. Нега? Сабаби ўқишга боргани ҳам ишга, пул топишга қизиқиб кетяпти. Ишга борганлар кейин белгиланган муддат тугамай ишни ўзгартиряпти. Натижаси эса билганингиздек, салбий бўляпти. Кейин унинг чала олган билими ўзигаям хизмат қилмаяпти. Бизнинг ёшлар жуда билимли, шароити ҳам етарли. Фақат бундан тўғри ва оқилона фойдаланиш керак, холос. Бир нарсани танқид қилиб айтишим мумкин. Бизнинг юртимизда пул топса машина олади ёки данғиллама уй қуради. Кейин топгани тугаб қолади. Яна хорижга ишга боришга мажбур. Топганини аввал бизнесга тикиш керак. Ундан келадиган даромад билан ҳаммасига эришилади. Бизнинг ёшлар давлатимизни ривожлантириш учун чет элда ўқиши яхши, лекин хорижда ўқиётганлар, ҳатто ишлаётган юртдошларимиз ҳам янгиликларни, инновацион ғояларни ўрганиб келиши керак.

Мазкур форумда ёшлар мақсадларни тўғри йўналтириш, пул топиш, бизнес бошлаш, чет элда ўқиш юзасидан саволлар беришди.

Хорижда ўқишнинг фойдали жиҳатлари талайгина. Масалан ўша давлат тилини ўзлаштириш, хорижий давлатларга саёҳат қилиш, бошқа халқлар маданияти билан яқиндан танишиш, дунёқарашни кенгайтириш, хориждан дўстлар орттириш каби имкониятлар бор.

Ҳозир чет элда ўқишни истовчиларга кенг имконият яратилмоқда. Юртимиз ёшлари ҳам бугун замон билан тенг илдамлашга ҳаракат қилмоқда. Форумда ёшларнинг фаоллиги хорижлик мутахассислар билан инглиз тилида мулоқот қилишида, иложи борича саволларига тўлиқ жавоб олишига интилишида кўзга ташланди.

«Target Education» нодавлат таълим муассасаси 2015 йилда иш бошлаган. Мактабгача тайёрлов, ментал арифметика, чет тилларини ўқитиш, олий таълим муассасаларига киришга тайёрлаш йўналишларида фаолият юритган. Ҳозирда ушбу муассасанинг пойтахтимизда бешта, вилоятларда иккитадан филиали мавжуд.

Жорий йилдан бошлаб “Target Consulting” хизмати ҳам йўлга қўйилган. Бу йўналишда чет эл олий ўқув юртларида ўқиш ниятида бўлган ёшларга керакли маслаҳатлар берилади. Шунингдек уларни мақсадли равишда хорижда бакалаврият, магистратурада ўқитиш бўйича кўмаклашилади. Айни вақтгача Кипр, АҚШ, Малайзия, Корея ва бир қатор Европа мамлакатларидаги ОТМлар билан ҳамкорлик қилишга эришилди.

Кейинги йўналиш «Target» хусусий бандлик агентлигидир. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 июлдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мазкур агентлик бир қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Агентлик юртдошларимизга хорижда қонуний асосларга таянган ҳолда ишлашга ёрдам бермоқда. Мазкур агентлик Корея, Япония, БАА, Россия Федерацияси, Европа иттифоқи, АҚШ ва Канада билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Барно Усмон қизи

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: