Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Дафтар маҳсулотларини тайёрлашда тасдиқланган Умумий техник регламент ҳамда давлат стандартларига риоя этилишига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда барча масъул идоралар — прокуратура, солиқ органлари, “Ўзстандарт” агентлиги, Давлат санитария-эпидемиология маркази мутасаддилари, мутахассислар ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Ўрнатилган техник регламент ва стандартга кўра, 12 варақли дафтарнинг вазни 70-80 граммли қоғоздан тайёрланган бўлиши керак. Афсуски, бугун бозорларимиздаги сотилаётган айрим дафтарлар 45-50 граммли қоғозлардан тайёрланган. Бу — фарзандларимизнинг соғлигига, айниқса, кўриш қобилиятига жиддий зарар етказади. Қолаверса, сифатсиз қоғоз ва рангли, таркибида турли кимёвий моддалар бор қоғозлар янада жиддий касалликларга олиб келиши мумкин.
Шу боис стандартга мос келмайдиган сифатсиз ўқув қуроллари ишлаб чиқараётган, уларнинг савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорларни қонунга мувофиқ иш олиб бориш бўйича огоҳлантириш керак. Бу ҳақда семинарда алоҳида таклифлар берилди.
Барно Усмон қизи