Бир марта цистит билан рўбарў келган бўлсангиз, ҳар эҳтимолга қарши касаллик хуружларининг олдини олиш ва биринчи ёрдам кўрсатиш чораларини билиб қўйганингиз маъқул. Сабаби, цистит қайталаниши мумкин.
Цистит – сийдик пуфагининг яллиғланиши бўлиб, асосан аёлларда учрайди. Хасталик эркакларда нисбатан кам кузатилади. Аммо бу умуман йўқ дегани эмас.
МИКРОБЛАРДАН ҲИМОЯЛАНИНГ
Циститнинг асосий сабабчилари – бу микроблардир. Айнан улар касаллик қайталанишига имкон ҳозирлашади. Шунингдек, яна бир қатор сабаблар борки, уларнинг таъсирида цистит қайталаниши мумкин, булар:
- вирус ва инфекциялар;
- шартли патоген микрофлора: стрептококк, ичак таёқчаси, стафилакокк;
- кам ҳолларда уреаплазма инфекцияси.
Касаллик зўрайиши ўз – ўзидан юз бермайди. Кўпинча, киши иммунитети заифлашган бўлса, циститни қўзғатувчи микроблар фаоллашади. Бундай пайтларда жинсий йўлларда кўпая бошлаган инфекция пешоб йўли орқали осонгина қовуққа ўтади.
Цистит бошланганининг асосий белгиси – тез – тез ҳожатга (қовуқ охиригача бўшамайди) бориш ҳисобланади. Пешоб суюқлиги пешоб йўли орқали ачишиш ва санчиқли оғриқ билан ажралади. Касаллик зўрайиб борса, сийдик ранги тўқлашади, баъзан қон аралаш бўлиши ҳам мумкин. Ўткир яллиғланиш ҳолатларида тана ҳароратининг кўтарилиши, қориннинг пастки қисмида кучли оғриқ сезилиши мумкин.
Цистит асли урологик касаллик. Аммо кўпинча гинекологик касалликлар асоратида юзага келади. Шу боис цистит аломатлари сезилиши билан гинеколог шифокорга мурожаат этиш зарур.
ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?
Энг биринчи талаб – циститни мустақил даволаманг. Аввал уни келтириб чиқарган микроорганизм аниқланиши, сўнг шунга кўра зарур дори воситалари тайинлангани тўғри бўлади.
Борди-ю цистит тўлиқ даволанмай, фақат аломатлари бартараф этилса, у кўп йиллар давомида қайталаниши мумкин.
Циститда кўпроқ суюқлик ичиш тавсия этилади. Масалан, кўк чой, газсиз сув, наъматак, мева қоқларидан компот қабул қилиш мумкин.
Цистит қайта хуруж қилмаслиги учун касаллик тўлиқ даволаниши шарт. Бунинг акси бўлса, инфекция пешоб йўллари орқали юқорига ҳаракатланиб, буйракларда яллиғланишни келтириб чиқариши мумкин. Хавфлиси, тез-тез қайталанувчи цистит кейинчалик пешоб тутолмасликка сабаб бўлиши мумкин.
Ташхис қўйишда пешобдан бактериологик экма олиб текшириш зарур. Микроб тури аникланиб унинг кайси антибиотикларга сезгирлиги маълум бўлса касалликни даволаш осон кечади
Қандай олдини оламиз?
Циститга дучор бўлмаслик учун гигиена қоидаларига амал қилинг. Чайинишда мойчечак ёки исириқ дамламасидан фойдаланинг.
Ушбу касаллик ўз вақтида даволанмаган ангина, чириган тишлар, гайморит асорати бўлиши ҳам мумкин. Шу боис соғлигингизга аҳамиятли бўлинг. Айниқса оғиз бўшлиғи гигиенасига амал қилиш лозим.
Кун давомида ўтириб ишламанг. Қовуқ тўлиб, шишишини кутманг. Ўз вақтида ҳожатга чиқинг.
Таомномада ишқорга бой таомлар истеъмол қилингани маъқул. Улар циститни келтириб чиқарувчи бактерияларни даф қилади.
Қабзиятга йўл қўйманг. Ичаклар бузилиши ҳам циститга йўл очиши мумкин. Борди-ю ич келиши муаммо бўлса, наҳорга ўрик қоқиси ёки зиғир уруғи дамламасини қабул қилинг. Кун давомида кўпроқ суюқлик ичинг. Оёқдан зах ўтмаслигига эътибор беринг. Унутманг, оёқ таги музласа, ушбу соҳадаги қон томирлари бутун организмга сигнал йўллайди. Бу эса ўз навбатида иммун тизимини таъсирлантиради. Шунингдек, кремли ширинликлар, газли ичимликлар, кетчуп, пишлоқ, тузлама ва зираворлар тақиқланади.