1 июндан Тошкент циркида капитал реконструкция ишлари бошланди, дея хабар берди пойтахт ҳокимиятининг матбуот хизмати.
Қурилиш бригадаси томонидан омборхона бинолари, жониворлар учун ажратилган камералардан бошланган жараён цирк манежига томон ҳаракатланмоқда. Цирк биноси анча йиллардан буён капитал таъмирга муҳтож эди, ундаги шарт-шароитлар талабга жавоб бермасди, ҳавони тозалаш тизимлари яхши ишламасди. Циркка кирган томошабинлар ҳайвон нажасининг қўланса ҳидидан бурнини беркитиб ўтиришларига тўғри келарди. Комплекс реконструкция доирасида ҳаво алмаштириш, иситиш тизимлари, электр симлари, оқава сувлар тизими, томлар, эшиклар ва гримерлар алмаштириладиган, моддий-техник база янгиланадиган бўлди.
Таъмирлаш-қурилиш ишларини 305 кун давом эттириб, циркни 2020 йилнинг мартида очиш режалаштирилмоқда.
Дарҳақиқат сўнгги йилларда санитар ва иситиш шароитлари ёмонлигидан цирк томошабинлари кескин камайган эди. Бунга бошқарув тизимининг эскиргани, томоша дастурлари сонининг қисқаргани, ходимларга кам маош берилиши, ёш ходимларнинг етишмаслиги, жониворларни сақлаш бўйича моддий-техник базанинг заифлиги каби омиллар сабаб бўлган.