Андижон шаҳридаги маданият саройида Озарбайжон-ўзбек адабий алоқаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти раҳбари Хуршида Қўчкорова икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар, адабий алоқалар тарихи, ижодий ҳамкорликлар тўғрисида сўзлаб берди. Шунингдек, икки мамлакат ижодкорларининг бадиий таржималари, олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар ривожи хусусида мулоҳазалар билдирилди.
Озарбайжоннинг Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази директори Самир Аббосов кўплаб хорижий муаллифларнинг асарлари озарбайжон тилига таржима қилиниб, нашр этилганини таъкидлади. У раҳбарлик қилаётган Маданият марказида махсус таржимонлар мактаби ташкил этилганини, сўнгги йилларда 60 дан ортиқ озарбайжон адабиётининг асарлари ўзбек тилида таржима қилиниб, Тошкентда китоб шаклида нашр этилгани, бу нашрларнинг Озарбайжонга қизиққан ҳар бир киши учун жуда қизиқарли манба бўлганлигини айтиб ўтди.
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган депутат Ганира Пашаева озарбайжон-ўзбек дўстлиги ҳақида гапириб, адабий алоқаларни янада чуқурлаштириш, ушбу йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, иккала мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш масалаларини кўтарди.
Дипломат Андижон шаҳри вакилларига Озарбайжон маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи бир қатор совғаларни тақдим этди.
Ўзбекистоннинг «Китоб дунёси» газетаси бош муҳаррири, шоира Хосият Рустамова, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг Аран бўлими раҳбари Сарбаз Ҳусайноглу, Бокудаги Хадаф лицейи директори Шамил Алиев ва бошқалар ўз фикрларини билдирар экан, ёшлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этдилар. Қўшма конференциялар, тақдимотлар, шеърият кечаларини ўтказиш учун иккала мамлакатнинг ижодкор шахслари ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида имкониятлар мавжудлигини таъкидладилар.
Тадбирда Андижон мактаби ўқувчилари томонидан икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ҳақидаги бадиий дастур, депутат ва шоир Ганира Пашаева шеърлари асосида бадиий композиция ва қўшиқлар ижро этилди.
Рисолат МАДИЕВА