Угандалик Мариам Габатанзи 36 ёшида. У шу пайтгача 44 нафар фарзанднинг онаси бўлишга улгурган. Бу аёл дунёда кам учровчи ирсий касаллик – биттада кўп фарзанд кўриш хасталигидан азият чекади. У дунёдаги энг серфарзанд она ҳисобланади. Аммо энди бошқа фарзанд дунёга келтира олмайди. Бу ҳақда Mirror нашрига таяниб kun.uz нашри ёзмоқда.
Габатанзи 12 ёшида ўзидан 27 ёш катта бўлган эркакка турмушга чиққан. Угандада бундай никоҳлар тақиқланмаган. Сўнг илк мартада бирваракаийга иккита чақалоқни дунёга келтирган. Оила илк эгизаклар туғилганда ота-она жуда хурсанд бўлган. Бир йилдан кейин жуфтлик 3 эгиз, сўнгра 3 мартадан 4 эгиз фарзанд кўрган. Аёлнинг ҳар ҳомиладорлигидан камида икки нафар фарзанд туғилган. Аниқланишича, аёл кам учровчи ирсий касаллик – гиперовуляциядан азият чеккан, бунда ҳомиладорликда бир вақтда бир нечта тухум ҳужайра ривожланади.
Аёл шу касаллик сабабли 23 йилда 44 фарзанд кўрган. Яқинда Мариамнинг бачадон найларини бичиш бўйича операция ўтказилди ва энди у бошқа ҳомиладор бўлмайди.
“Барча фарзандларим – Тангри инъоми, мен уларни жуда қадрлайман ва ҳеч қачон афсус қилмайман. Мен уларни вояга етказиш учун қўлимдан келган барча ишни қилмоқдаман”, дейди аёл.
Аёлни ўкситадиган ягона нарса фарзандларининг отасиз ўсаётганидир. Унинг турмуш ўртоғи ойлаб қорасини кўрсатмай юрган, охирги эгиз фарзандлари туғилгандан кейин эса умуман кетиб қолган.
“У фарзандлари учун баъзида исм беришдан бошқа ҳеч нарса қилмаган. Катта фарзандларим отасини 10 йилдан бери кўришмайди”, деб куюнади аёл.
Оғир турмуш сабабли аёлнинг 6 фарзанди вафот этган. Шунда катта фарзанди онасига ёрдам бериш учун ўқишини ташлашига тўғри келган. Аёл барча фарзандларига бирдек ғамхўрлик қилиб, улар билан 4 та кичик уйчада яшайди.
Энг кўп пул озиқ-овқатга кетади. Серфарзанд оила ҳар куни 10 кг ун, 7 кг ловия ва 4 кг шакар истеъмол қилади.
Аёл энг катта ютуғини барча фарзандлари таълим олаётганида деб билади. Унинг катта қизи ҳамшира, ўғилларидан бири эса қурувчи бўлиб ишламоқда.
Мариам эркаклардан оилалари учун масъул эканликларини унутмасликни, ота-оналардан эса қизларини эрта турмушга бермасликни илтимос қилади.