Тошга жон бағишлаган санъат ёхуд афсонавий жонзотлар омад келтирадими?

Нодир санъат дурдоналари муайян бир халққа тегишли бўлгани билан, бутун дунё санъат ихлосмандларининг кўнгил мулки ҳисобланади.

Биласизми, нодир санъат дурдоналари муайян бир халққа ёки элатга тегишли бўлгани билан, улар бутун дунё санъат ихлосмандларининг кўнгил мулки ҳисобланади. Негаки дунёдаги барча ижодкорлар уларни кўриб, тинглаб, англаб баҳраманд бўлиши, илҳомланиши, таассурот ҳамда ҳайратини ўз ижодида акс эттириши мумкин. Қадимги Хитойдан ҳам ижод аҳлига ажойиб санъат асарлари мерос бўлиб қолган. Ҳозир турли асрларда ҳукмронлик қилган Хитой сулолалари давридан қолган ёдгорликлар, бетакрор санъат шедеврлари кенжа авлодларни хурсанд қилмоқда. Турли бадиий услублар ва йўналишларнинг шаклланишида кўҳна Чин фалсафаси, эътиқоди муҳим роль ўйнаган.

Қадим Хитой саъати ўзига хослиги, дунёнинг бошқа халқлари меросида такрорланмаслиги билан ажралиб туради. Бу асосан бу мамлакатнинг географик ўрни билан боғлиқ бўлса керак. Яъни Хитой Осиё минтақасида жойлашган бўлиб, асосий соҳиллари Тинч океани билан туташган. Унинг бошқа давлатлар билан маданий алоқалари фақат денгиз йўли орқали боғланади. Шу боисдан дунё миқёсида чуқур ўрганилмаган ва ўзлаштирилмаган оригинал санъат намуналари ҳамон ўзининг бетакрорлигини намойиш қилиб турибди. Хитойликлар ҳатто бўлиб ўтган жангу жадаллар суронида ҳам ўзлик тимсолларини эсон-омон асраб қолишга муваффақ бўлишган.

Бронза хумларда нима сақланган?

Хитойнинг қадимий ҳайкаллари ҳақиқий ҳиссиётлар жунбушини ифода этади. Уларда акс эттирилган бадиий ечимлар онгни сайқаллайди, тасаввур сарҳадларини кенгайтиради, инсонларда нафис ҳамда сервиқор санъат турига муҳаббат уйғотади. Ажойиб бронза ва тош ҳайкаллар орқали антик давр скульпторлари бизга турли тарихий даврларга хос анъаналарни етказиб беришга ҳаракат қилишган. Жумладан, Цинь ва Хань династияси ҳукмронлиги даврида ишланган скульптуралар ҳайкалтарошлик санъати шаклланишининг дебочаси саналади. Хусусан, Қадимги Хитойдан бизнинг давримизгача етиб келган каттакон бронза хумлар II асрга мансуб бўлиб, Пекиндаги Император саройи блокларида улардан бир нечтасини кўриш мумкин. Хитойга саёҳатимиз чоғида бизни айлантирган гиднинг айтишича, улардаги сувдан хавфсизлик мақсадида фойдаланишган. Яъни саройда ёнғин чиқишининг олдини олиб, уларда оловни ўчириш учун сув жамғариб қўйилган. Бу хумларнинг ҳар бирига алоҳида безаклар берилган, ўзининг шакли, нақшинкор хошиялари, деворларига ўйиб ишланган жониворлар тасвири билан бир-биридан тубдан фарқ қилади.

Шунингдек неолит давридан қолган тош ҳайкалларда ҳайвонлар, қушлар, аждарлар тимсоли акс эттирилган. Йўлбарслар, илонлар, балиқ ва тошбақалар ҳайбати одамни қўрқувга солади, ҳатто тош йўлакка ўйиб ишланган нақшлар ҳам қадимги хитойликларнинг дунёни англаши билан боғлиқ афсонавий тасаввурларини ўзида ифода этган.

Тошларда акс этган муҳаббат

Хитойга борганимизда ҳар бир ташкилот ва корхона дарвозасининг икки ёнида афсонавий жониворлар ҳайкаллари ўрнатилганига гувоҳ бўлдик. Улар қадимдан хавфсизлик, хотиржамлик, бойлик ва омад тимсоли ҳисобланган, инсонларни турли офатлардан, хатарлардан асраб бахт ва омад фаришталарини чорлаб турган. Ҳозир ҳам хитойликлар бу тош маъбудлар ҳар бир жамоани, оилани ташқи душманлардан ҳимоя қилишига ишонишади.

Хитойнинг бир қатор шаҳарларида тош ҳайкаллар парклари барпо этилган экан. Бу масканлар доим меҳмонлар билан гавжум, асосан халқ вакиллари айланиб юришади. Менинг эътиборимни бу ерга ўз набиралари билан сайр қилишга келган қариялар тортди. Улар кичик авлодларга қадимги ёдгорликлар тарихи билан боғлиқ афсоналарни сўзлаб беришарди.

Бизни Сямень шаҳридаги «Huihe» номли тош ҳайкаллар истироҳат боғига олиб боришганда харсанглардан яратилган бетакрор санъат намуналарини кўриб, ҳайратимиз юз чандон ортди. Бу ерда турли асрларда тошга сайқал бериб ишланган юзлаб катта-кичик ҳайкалларни кўрдик.

Битта ажойиб скульптура айниқса эътиборимни тортди. Унда кекса эркак ва аёл ўртасидаги муҳаббат ва садоқат акс этган. Бобо меҳр билан бувининг сочини тараб ўтирибди. Бу скульптура ишқ-муҳаббат туйғусининг абадийлигига, ёш чегараларини писанд этмаслигига ишора қилиб турибди.

Минораларнинг зангори ғиштини кўрдик

Тарихдан маълум бўлишича Хань и Цзинь сулоласи даврида Хитойда тасвирий санъат, скульптура ва каллиграфия санъати жадал ривожланган экан. Бундай илдамлаш суръати Суй ва Тан сулоласи давригача давом этган. Синоатларга бой Император саройини томоша қилганимизда Хитой тимсолига айланган ажабтовур томли биноларнинг пештоқлари Хива миноралариники каби зангори бўёқ (глазурь)ли сополдан ишланганини кўрдим (асрлар мобайнида хира тортмаган бу пишиқ сопол мўъжизаси бутун дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда). Ушбу элементлар бизнинг архитектурамиз ва умуман кўҳна тамаддунимиз Хитой билан узвий алоқада ривожланганлигидан далолат беради. Хитойнинг дунёда ўхшаши йўқ ҳайкалтарошлик, мармар ўймакорлиги санъати, муҳаббат ва эътироснинг бошқа тасвирий ифодаларини кўриб, амин бўлдикки, амалий санъат йўналишида ижод қилаётган ёшларимиз ҳам ўзаро тажриба алмашишса, тасаввурнинг бундай маҳобатли эврилишлари уларнинг ижодий улғайишига ҳар томонлама замин яратади. Бундан ташқари, дунё тамаддунига ҳисса қўшган халқларнинг тарихи ва маданиятини ўрганиш, тадқиқ қилиш айни пайтда ўзаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга ва келажак равнақига хизмат қилади.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: