Болани бошқа болалар билан қиёслаш ёмонми?

Бизни ҳам бошқа болалар билан солиштиришган, биз ҳам солиштирамиз. Бошқалар билан ўзларини қиёслаш — болаларга яхши таъсир қилади, уларнинг яхши тарафларини ўрганади, деб ўйлаймиз.

Хўш, болаларни бошқа болага қиёслашнинг ёмон тарафлари ҳам борми? Бунинг бир қанча салбий жиҳатлари ҳам бор:

1. Бола ўзини кераклича яхши кўрилмаган ҳис қилади, хафа бўлади. Буни ўзимиз мисолимизда ҳам кўришимиз мумкин. Агар турмуш ўртоғимиз бизга бошқа одамнинг турмуш ўртоғини мисол қилиб кўрсатса, албатта жаҳлимиз чиқади. Қиёсланган одамни ёмон кўра бошлаймиз, турмуш ўртоғимизга эса “ўша одам билан оила қуринг” ундай бўлса дегимиз келади. Болаларда ҳам худди шундай…

2. Болани доимий бошқалар билан ўзини қиёслашга одатлантириб қўясиз. Албатта, бу ёмон, чунки болаларнинг қобилияти хар хил. Биз доим кимдандир қандайдир масалада устун, қандайдир масалада ноқисмиз. Болалар — ўзидан кучлилар билан ўзларини қиёслаб, ўзига ишончини йўқотади ёки аксинча, ғурурланиб кетиши мумкин.

3. Доимий қиёсланган бола ўзи ким экани, нималар хоҳлашини унутиб қўйиши мумкин. Яъни, энг севимли кишилари — ота-онаси хоҳлаган одамга ўхшашга бўлган хоҳиш болани ўзи қандай экани, нима хоҳлашини унуттириб қўйиши мумкин. Натижада фарзандингиз ўзга одам ҳаётини яшаб, бахтли бўла олмай қолиши мумкин.

4. Қиёслаш ўзингизга ҳам зарар келтириши мумкин. Бола кичкина ёшида хафа бўлади, лекин ҳеч нарса демайди. Катта ёшдаги бола эса, ўзингизга худди шундай жавоб қайтариши мумкин. Яъни, кимнингдир ота-онаси билан сизни қиёслайди. Ота-оналар ва имкониятлар ҳам ҳар хил, сиздан имконияти, болалари учун вақти кўплари билан қиёсланишингиз кўнглингизни оғритади. Сиз улар учун борингизни берсангиз-у, улар бошқаларни гапирса…

Қиёсланиши мумкин бўлган шахс — Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобаларидир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг гўзал ҳаётлари биз учун комил мусулмон бўлиб, чиройли ҳаёт кечиришимизга энг муносиб намунадир.

Кейинги сафар фарзандингизни танқид қилмоқчи бўлсангиз, эҳтиёт бўлинг! Бошқаларнинг яхшилигини эмас, фарзандингиздан нега хафа эканингизни, агар сиз хоҳлагандай бўлса, хурсанд бўлишингизни айтинг.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: