Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ўзининг коронавирус билан зарарланганини била туриб вақтида мурожаат қилмаган шахслар ҳақида гапирди.
«Ҳозиргача аниқланган беморлар орасидан талаб ва тавсияларга амал қилмаётганлари жуда кўп. Масалан, 15-март куни коронавирус аниқланган бемор бутун оиласига ва иш жойидаги жами 15 нафар кишига вирус юқтирган.
27 март куни Андижон вилоятида коронавирус аниқланган бир бемор ҳам оиласига юқтирган. Беморнинг зарарланган отаси эса 36 ҳамкасбига вирус юқтирган. Бундан ташқари, унинг ҳамкасблари ҳам яқинларига юқтирган. Ва биргина бемор орқали 40дан ортиқ кишига касаллик юққан», дейди Алишер Шодмонов.
Вазирнинг таъкидлашича, бунинг сабаби касаллик белгиларини ўзида сезган илк бемор тиббиёт ходимларига мурожаат қилмасдан вақтни ўтказиб юборган.
Тошкент вилоятидаги бир бемор ҳам 26 мартда касаллик аломатларини сезгандан кейин ҳам 5 кун давомида ҳеч кимга мурожаат қилмаган. Аҳволи оғирлашгандан кейингина тиббиёт ходимларини 30 март куни чақирган ва шунинг учун ҳам бугунги кунда бу беморнинг аҳволи анча оғир, пневмония белгилари кузатилмоқда.
Яна бир фуқаро коронавирус белгиларини ўзида сезгандан сўнг 4 та ташкилотга борган. Оқибатда биз мана шу 4 та ташкилотни ёпишга мажбур бўлдик. Ва шу бир киши туфайли 52 киши касаллик юқтирган.
3 та ташкилотда ишлайдиган беморлардан яна бири эса ўзида касалликни сеза туриб ишлашда давом этган ва 46 нафар кишига вирус юқтирган».
Алишер Шодмонов бундай ҳолатлар аслида жиноят эканлигини таъкидлади. Негаки бир одамнинг бефарқлиги натижасида ўнлаб ва юзлаб одамларга касаллик юқиши эҳтимоли бор. Улар орасида иммунитети заиф инсонлар бўлса вирусга қарши кураша олмайди. Бундай вақтда ҳатто тиббиёт ҳам ёрдам беролмаслиги мумкин.